Яқин қўшничилик муносабатлари янада мустаҳкамланмоқда
  • 01 Декабрь 2017

Яқин қўшничилик муносабатлари янада мустаҳкамланмоқда

Ўзбек ва туркман халқларини муштарак маданият ҳамда қадриятлар, урф-одат ва теран тарихий илдизлар ўзаро боғлаб туради. Икки қардош эл азалдан бир дарёдан сув ичган. Юртимизда Махтумқули ғазаллари билан айтиладиган қўшиқлар қанчалик севиб тингланса, Туркманистонда Навоий ижоди намуналари кириб бормаган хонадон йўқ.

Кейинги йилларда икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар янги босқичга кўтарилди. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Туркманистонга амалга оширган ташрифлари яқин қўшничилик, тенглик, ўзаро манфаатли шерикчилик асосидаги алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Ўзаро ҳамкорлик доирасида чегараолди ҳудудлари, жумладан, Хоразм ҳамда Тошҳовуз вилоятлари ўртасидаги маданий-иқтисодий алоқалар ҳам кенгайиб бормоқда. Тошҳовуз вилояти ҳокими Маммед Байрамгулиев бошчилигидаги делегациянинг Хоразм вилоятига ташрифи бунинг ёрқин тасдиғидир.

Ҳар икки вилоят маъмурияти раҳбарлари, ишбилармон доиралар ва жамоатчилик вакиллари иштирокидаги учрашувда меҳмонларга Хоразмнинг иқтисодий имкониятлари, туризм ҳамда бошқа соҳалар салоҳияти хусусида атрофлича маълумот берилди. Тўғридан-тўғри ва ўзаро манфаатли алоқалар, хусусан, савдо-иқтисодий ҳамда маданий-гуманитар йўналишлардаги ҳамкорликни янада ривожлантириш муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.

Тошҳовуз вилояти вакиллари Шовот туманидаги “Катқалъатекс”, Хонқа туманидаги “FEEDGRAN” масъулияти чекланган жамиятлари, “GM-Uzbekistan Alliance” Хоразм филиали ва Урганч шаҳридаги “Ёшлик” спорт мажмуасида бўлиб, ишлаб чиқариш жараёни, татбиқ қилинган замонавий технологиялар, ёш авлод камолоти йўлида яратилган шароитлар билан яқиндан танишдилар.

Чунончи, “GM-Uzbekistan Alliance”нинг Хоразм филиали конвейерларидан чиқаётган “Орландо”, “Дамас”, “Лабо” русумли енгил автомобиллар меҳмонларда катта таассурот қолдирди. Завод фаолияти билан танишган делегация аъзолари жорий йилда “Khorezm Auto” “General Motors” корпорациясининг “Энг яхши завод” номинацияси бўйича муносиб ғолиб бўлганлигини эътироф этишди.

Хоразм ва Тошҳовуз вилоятлари ўртасида нафақат иқтисодий, балки илм-фан, таълим соҳаларида ҳам ҳамкорлик ривожланиб бормоқда.

— Жорий йилда туркманистонлик 50 нафар ёшлар Урганч давлат университетига қабул қилинди, — дейди мазкур таълим муассасасининг табиий фанлар факультети талабаси, тошҳовузлик Бону Ҳожиқурбонова. — Илм масканидаги илғор ўқитиш услублари, таълим сифати ҳамда яратилган шароитлар бизга жуда маъқул. Икки мамлакат ёшлари ўртасида турли маданий-маърифий тадбирлар, учрашувлар ўтказилаётгани ҳам эътиборга молик. Бу йил хоразмлик бир гуруҳ ўқувчилар Туркманистондаги болалар оромгоҳида дам олиб қайтди. Ўйлайманки, бундай тадбирлар келгусида янада кўпаяди.

Туркманистонлик меҳмонлар Хивадаги “Нуруллабой” ва “Ичан-Қалъа” мажмуаларидаги тарихий ёдгорликларни зиёрат қилдилар.

Тадбирда Хоразм вилояти ҳокими И. Собиров, Туркманистон Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ш. Шириев иштирок этди.

Одилбек ОДАМБОЕВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn