Зарарли ахборотнинг аянчли таъсири
  • 30 Ноябрь 2017

Зарарли ахборотнинг аянчли таъсири

Бухорода Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси ҳамда Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги томонидан бир қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда Ўзбекистон Республикасининг “Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуни талаблари муҳокамасига бағишланган давра суҳбати ўтказилди.

Таъкидланганидек, жорий йил 9 сентябрда матбуотда эълон қилинган мазкур Қонуннинг 8-моддаси билан Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш соҳасидаги махсус ваколатли давлат органи этиб белгиланди.

— Шу билан бирга, Қонуннинг 25-моддасида Агентлигимиз, Адлия вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор ташкилотлар зиммасига унинг ижросини таъминлаш, ушбу ҳужжат мазмун-моҳиятини аҳоли кенг қатламига тушунтириш вазифаси юклатилган, — дейди тадбирда сўз олган Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги бош директорининг биринчи ўринбосари С. Шукуров. — Асосий мақсадимиз эса болаларни ҳар томонлама баркамол вояга етказиш, уларни зарарли ахборотдан ишончли ҳимоя қилишдан иборат.

Тадбир давомида Қонуннинг асосий мақсад ҳамда вазифалари, унинг айрим моддаларини қўллаш, ахборот маҳсулотларини ишлаб чиқарувчиларнинг маълумотларни ёшга оид таснифлаш, экспертизадан ўтказиш, болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан муҳофаза этишга доир фаолиятни амалга оширувчи ва мазкур жараёнда қатнашувчи ташкилотлар ваколатлари тўғрисида фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Маҳаллий журналистлар, ноширлар, матбаачилар, ахборот-кутубхона муассасалари ходимлари иштирок этган давра суҳбатида муаммолар ҳамда уларнинг ечими хусусида ҳам сўз борди. Тадбир якунида фарзандларимизни ҳар томонлама баркамол тарбиялашда, уларни турли мафкуравий хуружлардан асрашда, жиноятчилик йўлига тўсиқ қўйишда оммавий ахборот воситаларининг ўрни ва аҳамияти ошиб бораётгани қайд этилиб, Қонун ижроси доирасидаги вазифалар белгилаб олинди.

Истам ИБРОҲИМОВ,

“Халқ сўзи” мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn