Коррупцияга қарши курашиш самарадорлиги ошмоқда
  • 29 Ноябрь 2017

Коррупцияга қарши курашиш самарадорлиги ошмоқда

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси мажлисида Коррупцияга қарши курашиш бўйича Тошкент шаҳар идоралараро комиссияси ахбороти тингланди. Унда сенаторлар, прокуратура тизими ходимлари, Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика ҳамда Тошкент шаҳар идоралараро комиссиялари аъзолари, экспертлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.

Коррупцияга қарши курашиш самарадорлигини юксалтириш жамият равнақи ва барқарорлигининг асосий шартларидан саналади. Бинобарин, фуқароларнинг ҳуқуқий онги ҳамда маданиятини юксалтириш орқали бу иллатга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш ва унинг олдини олиш мумкин. Коррупцияга қарши курашиш бўйича Тошкент шаҳар идоралараро комиссияси ҳам ушбу йўналишда кенг кўламли ишларни амалга ошириш баробарида, давлат ҳамда жамият ҳаётининг барча жабҳасида коррупция тусидаги ҳуқуқбузарликлар профилактикасини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратмоқда. 2017-2018 йилларга мўлжалланган коррупцияга қарши курашиш бўйича Давлат дастури бунда муҳим омил бўлаётир.

Дастур доирасида комиссия томонидан пойтахт аҳолиси ўртасида мингга яқин учрашувлар ва давра суҳбатлари ўтказилди. Бундан ташқари, давлат органлари ходимлари ҳамда тадбиркорлар иштирокида мавзу юзасидан мунтазам равишда семинарлар ташкил этиб келинмоқда. Ҳар ҳафта Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси кунида маҳалла фуқаролар йиғинларида ўтадиган “Маънавият соатлари”нинг катта қисми коррупция ва унинг оқибатлари, тараққиётга ғов бўладиган бу иллатни таг-томири билан бартараф қилиш, бунинг учун одамларда қонунга ҳурмат ҳамда итоаткорлик ҳиссини мустаҳкамлаш масалаларига бағишланаяпти. Шунингдек, адлия, статистика, молия, солиқ, божхона тизимлари ходимлари ўртасида давлат ҳизматчиларининг одоб-ахлоқ қоидалари мазмун-моҳияти кенг тушунтирилмоқда.

Комиссия томонидан коррупцияга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни тугатиш мақсадида ҳуқуқ-тарғибот тадбирлари ҳам изчиллик касб этаётир. Оммавий ахборот воситаларида бу борада чиқишлар қилинаяпти.

Тадбирда Тошкент шаҳар прокуратурасининг уюшган жиноятчилик ҳамда коррупцияга қарши курашиш, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликлари бузилишининг ҳамда иқтисодиётга зарар етказилишининг олдини олиш, ҳокимият ва бошқарув органлари мансабдор шахсларининг коррупциялашган жиноятларини фош этиш, порахўрликка ҳамда мансабни суиистеъмол қилишга қарши курашиш соҳасида олиб бораётган амалий ишлари ўз натижасини бераётгани айтиб ўтилди. Хусусан, жорий йилнинг тўққиз ойида пойтахт прокуратураси томонидан қўзғатилган ва судга оширилган жиноят ишлари сони ўтган йилнинг шу давридагига нисбатан 26 фоиз, жавобгарликка тортилган мансабдор шахслар сони эса 39 фоиз камайди. Тергов қилинган жиноят ишлари якуни бўйича ҳар бир қонунбузарлик ҳолати юзасидан тегишли идораларга тақдимномалар киритилди.

Қўмита мажлисида сенаторлар коррупцияга қарши курашиш соҳасида бир қатор мутасадди идоралар ҳамда ташкилотлар сусткашликка йўл қўяётганини таъкидладилар. Жумладан, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари билан самарали ҳамкорликни таъминлашга етарлича аҳамият берилмаяпти.

Тадбир якунида таклиф ва тавсиялар билдирилиб, тегишли қарор қабул қилинди.

Фарида МАҲКАМОВА,

«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn