Оила ва аёллар масалалари — депутатлар эътиборида
  • 28 Ноябрь 2017

Оила ва аёллар масалалари — депутатлар эътиборида

Хотин-қизларнинг жамиятдаги роли ва мавқеини мустаҳкамлаш, ҳуқуқ ҳамда эркинликларини таъминлаш, ижтимоий-сиёсий фаоллиги, тиббий маданияти ва интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, айниқса, оилаларни мустаҳкамлаш, ҳуқуқий асосларини кафолатлаш бугун ҳар қачонгидан долзарб аҳамият касб этмоқда.

Зеро, оналар чеҳрасига қувонч, мамнунлик ҳамда шодумонлик улашиш, ҳар бир оилада тинч, фаровон ва барқарор ҳаёт барпо этиш давлатимиз сиёсатининг устувор вазифаларидан биридир.

Айтиш мумкинки, айни вақтда ушбу йўналишда муайян ишлар амалга оширилмоқда. Бунга кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Бироқ соҳага оид айрим кўрсаткич ҳамда далиллар оила институтига, аёллар ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни янада такомиллаштириш, аёллар ўртасида жиноятчилик ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, эрта турмуш қуриш, шунингдек, расмий қайд этилмаган ва қариндошлар ўртасидаги никоҳ каби муаммоларни бартараф қилишни тақозо -этмоқда.

Кеча Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида қуйи палатанинг Оила ва аёллар масалалари бўйича комиссияси томонидан ўтказилган кенгайтирилган йиғилишда мазкур масалалар ечимига алоҳида эътибор қаратилди.

Оила ва аёллар масалалари бўйича комиссия аъзолари, сиёсий партиялар фракциялари, Экоҳаракат депутатлар гуруҳи аъзолари, тегишли вазирлик, идора ҳамда ташкилотлар вакиллари, ННТ ва журналистлар қатнашган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош -вазирининг ўринбосари, Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси Т. Нарбаеванинг жамиятимизда хотин-қизлар мавқеини ошириш ҳамда оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш борасида Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси томонидан олиб борилаётган ишлар тўғрисидаги ҳисоботи тингланди.

Таъкидланганидек, Президентимизнинг жорий йил 14 январдаги Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисида, шунингдек, шу йил 15 ноябрь куни ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш борасида олиб борилаётган ишлар муҳокамасига бағишлаб ўтказилган видеоселектор мажлисида оилалардаги ижтимоий-маънавий муҳитни яхшилаш, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, улар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олиш масалаларига қатъий тўхталиб ўтилган эди.

Ана шу вазифалар асосида жорий йилнинг ўтган даврида қўмита томонидан опа-сингилларимизнинг оила ҳамда жамиятдаги мавқеини мустаҳкамлаш бўйича қатор саъй-ҳаракатлар рўёбга чиқарилмоқда. Энг аввало, оилалардаги ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш ва бу борада жамоат ташкилотларининг фаолиятини мувофиқлаштириш юзасидан янги тизим яратилди. Босқичма-босқич такомиллаштириб борилган ушбу тизим асосида республикадан тортиб, энг қуйи бўғингача жамоатчилик назорати гуруҳлари ташкил қилинди. Улар кўмагида 5 миллиондан ортиқ хонадонларга кириб борилди, қарийб 15 миллион нафар аҳоли вакиллари билан бевосита мулоқотлар ўтказилди. Ўрганишлар давомида жами 500 мингдан зиёд муаммолар кўтарилган бўлса, уларнинг қарийб 72 фоизи -жойида ҳал этилган.

Аҳоли бандлигини таъминлаш дастурига мувофиқ, жорий йилнинг ўтган даврида 84 мингдан кўпроқ хотин-қизлар доимий иш ўрнига эга бўлди. Шунингдек, аёлларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш борасида ҳам қатор тадбирлар ташкил қилинган.

Йиғилишда хотин-қизлар ўртасида жиноятчилик, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, нотинч оилалар билан ишлаш, мавжуд муаммоларнинг илдизини чуқур ўрганиш ҳамда уни бартараф этиш чораларини кўриш ва ҳал қилиш муҳимлигига алоҳида урғу берилди.

Т. Нарбаева ўз ахборотида қайд этганидек, хотин-қизлар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олиш борасида Ички ишлар вазирлиги билан биргаликда 14 та ҳудуд бўйича алоҳида дастур қабул қилинган ҳамда унинг ижроси бажарилмоқда. Мисол учун, жорий йилнинг тўққиз ойи мобайнида жазо муддатини ўтаб қайтган 305 нафар аёлга моддий ёрдам кўрсатилди, 195 нафари ишга жойлаштирилди, 8 нафарининг кредит олишларига кўмаклашилди. Профилактик ҳисобда турган аёлларнинг оилавий шароитлари доимий равишда ўрганиб борилаяпти. Улар билан профилактик суҳбатлар ўтказилиб, мавжуд муаммолар ечими топилмоқда. Шу билан бирга, қўмита томонидан жазони ижро этиш муассасасидаги маҳкумларни касб-ҳунарга ўргатиш мақсадида ўқув курсларини ташкил қилиш бўйича алоҳида режа ишлаб чиқилди.

Бундан ташқари, жойларда 24 мингга яқин нотинч оилаларга жамоатчилик вакиллари, Яраштириш комиссияси, “Қайноналар кенгаши” аъзолари бириктирилиб, улар томонидан олиб борилган профилактик тадбирлар доирасида 22 мингдан ортиқ оилалардаги келишмовчиликлар бартараф этилди.

Йиғилишда Бош вазир ўринбосари томонидан тақдим қилинган маълумот юзасидан қизғин фикр алмашилди. Иштирокчилар оналик, оталик ва болаликни муҳофаза қилиш, аёллар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини таъминлаш, уларнинг жамиятдаги ўрни ва нуфузини юксалтириш, ижтимоий, иқтисодий, сиёсий, ҳуқуқий ҳамда маданий ҳаётдаги иштирокини янада фаоллаштириш, хотин-қизлар орасида содир бўлаётган жиноятчилик, ҳуқуқбузарлик ҳолатларининг олдини олиш борасидаги ҳаракатларнинг самарасини янада кучайтириш лозимлигини таъкидладилар.

Муҳокамалар чоғида билдирилган фикр-мулоҳазалар асосида таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди, Оила ва аёллар масалалари бўйича комиссиянинг тегишли қарори қабул қилинди.

Зиёда АШУРОВА.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn