Ўзбекистон — Германия: ҳамкорлик янада кенгаяди
  • 28 Ноябрь 2017

Ўзбекистон — Германия: ҳамкорлик янада кенгаяди

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти, Халқаро тадқиқотлар ахборот-таҳлилий маркази, “Тараққиёт стратегияси” маркази, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ҳамда бошқа идоралар вакилларидан иборат мамлакатимиз делегацияси беш кунлик ташриф билан -Германия Федератив Республикасида бўлди.

Делегация аъзолари Федерал Канцлер ва Федерал Президент идораларида, Бундестаг, Ташқи ишлар, Иқтисодиёт ва энергетика, Иқтисодиий ривожланиш ва ҳамкорлик федерал вазирликлари, Шарқий Европа ва халқаро тадқиқотлар маркази, Германия ташқи сиёсат жамғармаси, Халқаро хавфсизлик сиёсати университетида музокаралар, маслаҳатлашувлар ўтказди. Музокаралар натижасида Ўзбекистон тадқиқот муассасалари ҳамда Германиядаги сиёсий партиялар “ақл марказлари” — К. Аденауэр, Ф. Эберт номидаги жамғармалар, Европа Кавказ ва Каспий тадқиқотлари институти ўртасида ҳамкорлик меморандумлари имзоланди.

Берлинда бўлиб ўтган учрашувларда икки томонлама муносабатларни ривожлантириш учун катта салоҳият мавжудлиги қайд этилди. Ўзбекистонга етакчи немис компаниялари томонидан замонавий технологиялар ҳамда инвестиция жалб қилиш, таълим ва кадрлар тайёрлаш, соғлиқни сақлаш ҳамда туризм соҳасида ҳамкорликни йўлга қўйиш устувор йўналишлар сифатида кўрсатиб ўтилди. Томонлар диний экстремизмга қарши курашиш, ёш авлоднинг баркамол инсон бўлиб вояга етиши учун шароит яратиш, шу жумладан, Ўзбекис-тон Президентининг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенцияни ишлаб чиқиш ташаббусини амалий рўёбга чиқаришда ҳамкорлик ўрнатишдан манфаатдор эканликларини билдиришди.

К. Аденауэр номидаги жамғарма академиясида ташкил этилган “Ўзбекистон ўзгаришлар жараёнида. Ислоҳотлар сиёсати: кутилаётган натижалар ва истиқболлар” мавзуидаги давра суҳбатида ГФР Ташқи ишлар федерал вазирлиги, илмий доиралар, бизнес ҳамжамияти, парламент вакиллари ҳамда журналистларга 2017 — 2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегиясининг асосий ғоялари, Ўзбекистон ташқи сиёсатининг бугунги ташаббуслари ҳақида атрофлича маълумот берилди.

Давра суҳбати иштирокчилари Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларни қўллаб-қувватлашларини маълум қилишди. Қайд этилганидек, Ўзбекистон ва Германия муносабатларини янада чуқурлаштириш лозим. Тадбирда, шунингдек, Ўзбекистонда олиб -борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, биринчи галда, халқ манфаатларини таъминлашга қаратилгани юқори баҳоланди. Маъмурий ислоҳотлар концепцияси, айниқса, қатнашчилар томонидан алоҳида қайд этилди. Мазкур дастуриламал ҳужжатда давлат бошқаруви тизимини номарказлаштириш ҳамда оптималлаштириш, коррупцияга қарши курашиш, аҳолига кўрсатиладиган давлат хизматларини такомиллаштириш бўйича кенг миқёсли чора-тадбирлар кўзда тутилган.

Германиялик экспертлар суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, маъмурий адлияни жорий қилиш, ички ишлар органларини ижтимоий йўналтирилган профессионал хизматга айлантириш борасидаги ишларга катта қизиқиш билдиришди.

Масалан, жамғарма бошқаруви аъзоси Бетина Аденауэр (ГФРнинг биринчи канцлери К. Аденауэрнинг набираси) Ўзбекистонда аҳоли фаровонлигини юксалтириш, демократик ҳуқуқий давлат ва очиқ фуқаролик жамияти асосларини янада мустаҳкамлаш, минтақавий хавфсизлик ҳамда барқарорликни таъминлашга қаратилган Ҳаракатлар стратегияси қабул қилинганини эътироф этди. У жамғарма Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган ташаббусларни ҳаётга татбиқ этишга ҳар томонлама кўмаклашишга тайёрлигини билдирди.

ГФР Бундестаги депутати Кристиан Хирте Ўзбекистон Президентининг фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоясини таъминлашга қатъий киришганига алоҳида эътибор қаратди. Унинг фикрича, бу кенг кўламли ислоҳотларни аҳоли томонидан фаол қўллаб-қувватлашга хизмат қилди.

Германия иқтисодиёти Шарқий қўмитасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Эдуард Кинсбрунер таъкидлашича, немис бизнес ҳамжамияти Ўзбекистоннинг валюта сиёсатини либераллаштириш, мулк ҳуқуқи ҳимоясини кучайтириш, давлатнинг иқтисодиётдаги иштирокини камайтириш, давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш, шунингдек, минтақавий ҳамкорликни кенгайтириш бўйича саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлайди. “Ўзбекистондаги ислоҳотлар Жаҳон банки томонидан юқори баҳоланди. Мазкур молия институти республикани жадал иқтисодий ислоҳотлар олиб борилаётган мамлакатлар ўнталигига киритди. Бу Ўзбекистон ҳамда ГФРнинг савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлигини янада чуқурлаштиришга қулай шарт-шароит яратади”, деб хулоса қилди Э. Кинсбрунер.

Германия Бундестаги депутати, ХДИ/ХСИ партиялари парламентдаги фракцияси аъзоси Йоахим Прайфер “Ўзбекистон Марказий Осиёнинг “янги иқтисодий йўлбарси”га айланиш учун барча имкониятга эга”, деди. Унинг сўзларига кўра, Германия бизнес ҳамжамияти муқобил энергетика, ахборот технологиялари, соғлиқни сақлаш ҳамда туризм сингари истиқболли соҳаларда қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва ҳаётга татбиқ этишга катта қизиқиш билан қарамоқда.

Давра суҳбати қатнашчилари шу йилнинг 10-11 ноябрь кунлари БМТ шафелигида Самарқандда бўлиб ўтган Марказий Осиё бўйича халқаро конференция асосий натижалари билан таништирилди. Немис экспертларининг таъкидлашича, Ўзбекистон бугун минтақавий ҳамкорликни кенгайтириш, Марказий Осиёда хавфсизликни таъминлаш ҳамда барқарор ривожланишга эришишга катта ҳисса қўшаяпти. Мустақил журналист, Марказий Осиё ва Кавказ бўйича эксперт Биргит Ветцелнинг қайд этишича, айнан Ўзбекистон Президентининг сиёсий хоҳиш-иродаси ҳамда фаол саъй-ҳаракатлари боис минтақада мутлақо янги сиёсий муҳит қарор топди. Бу эса яқин қўшничилик муносабатларини -мустаҳкамлашга, Марказий Осиёнинг чет эллик сайёҳлар, бизнесменлар ва дунё жамоатчилиги учун жозибадорлигини оширишга хизмат қилмоқда.

Ташриф якунида Ўзбекистон делегацияси немис оммавий ахборот воситалари учун брифинг уюштирди. Айтиб ўтилганидек, ташриф, авваламбор, Германия жамоатчилигини мамлакатимизда кечаётган ислоҳотлар ҳақида холис хабардор қилиш, очиқ ҳамда ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва ривожлантиришга қаратилган. Ўзбекистон вакиллари журналистларнинг кўплаб саволларига жавоб қайтаришди.

Қ. ХИДИРОВ тайёрлади.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn