Конституциянинг 25 йиллигига бағишланган  халқаро конференция  бўлиб ўтади
  • 28 Ноябрь 2017

Конституциянинг 25 йиллигига бағишланган  халқаро конференция  бўлиб ўтади

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 20 июндаги “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг йигирма беш йиллигини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармойишига мувофиқ, жорий йилнинг 30 ноябрь ҳамда 1 декабрь кунлари Тошкент -шаҳрида “Демократик ҳуқуқий давлат қуришда Конституциянинг роли ва аҳамияти” мавзуида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтади.

Анжуман Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди, Олий Мажлис палаталари, Адлия вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви ака-демияси, ЕХҲТнинг мамлакатимиздаги лойиҳалари координатори ҳамкорлигида ташкил этилмоқда.

Конференцияда Осиё конституциявий судлари ҳамда эквивалент институтлари ассоциацияси аъзолари ва Европа мамлакатлари конституциявий назорат органларининг вакиллари (20 дан ортиқ мамлакатлар), шунингдек, Ўзбекистонда аккредитациядан ўтган дипломатик корпус аъзолари қатнашиши кутилмоқда. Унда республикамиз парламенти аъзолари, суд ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари, вазирликлари ва идоралари, илмий муассасалари ҳамда фуқаролик жамияти институтлари вакиллари ҳам иштирок этади.

Ушбу тадбир халқимиз сиёсий тафаккурининг ноёб маҳсули бўлган Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг мустақиллигимизни мустаҳкамлаш, мамлакатимиз аҳолисининг тинч ва осойишта ҳаётини таъминлаш, инсон ҳуқуқ ҳамда эркинликларини кафолатлаш, хусусий мулк ва бозор иқтисодиётига асосланган ҳуқуқий демократик давлат, кучли фуқаролик жамиятини барпо қилиш, Ватанимизнинг халқаро майдонда муносиб ўрин эгаллашдаги роли ҳамда аҳамиятини очиб беришга, шунингдек, ривожланган демократик давлатлар конституциявий тажрибасини ўрганишга бағишланади.

Халқаро анжуманда Туркия Республикаси Конституциявий суди Президенти Зухту Арслан, Индонезия Республикаси Конституциявий судининг раиси Ариф Ҳидоят, Тожикистон Республикаси Конституциявий судининг раиси Маҳкам Маҳмудзода ва бошқа хорижий мамлакатларнинг конституциявий судлари вакиллари сўзга чиқиши кутилмоқда.

Конференция якунлари бўйича тегишли ҳужжат қабул қилинади.

Ўзбекистон Республикаси

Конституциявий суди котибияти.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn