Ўзбекистон — Корея Президентининг Евросиё мамлакатларига нисбатан ташқи сиёсатининг марказида
  • 25 Ноябрь 2017

Ўзбекистон — Корея Президентининг Евросиё мамлакатларига нисбатан ташқи сиёсатининг марказида

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг Корея Республикасига давлат ташрифи ушбу мамлакат оммавий ахборот воситаларининг бош мавзуига айланди.

Юртбошимизнинг Корея Республикасига давлат ташрифи мазкур мамлакат йирик телевизион, босма ва электрон оммавий ахборот воситалари диққат-эътиборида бўлиб турибди. Ташриф дастури доирасидаги тадбирлар миллий телеканалларда тўғридан-тўғри эфирга узатилди. Шунингдек, таҳлилий телекўрсатувлар ҳамда мақолалар тайёрланмоқда.

Корейс журналистлари ўз чиқишларида икки давлат етакчилари ўртасидаги ишонч ва ҳурмат беқиёс даражада эканлигига алоҳида урғу беришаяпти. Давлат ташрифи давомида ўзаро ҳамкорликнинг салмоқли соҳалари бўйича муҳим шартнома ҳамда келишувлар имзоланди. Экспертларнинг фикрича, мазкур ташриф Ўзбекистон ва Корея Республикаси ўртасидаги муносабатларни янги сифат босқичига кўтаради.

Ҳамкасбларимиз таҳлилий материалларида Жанубий Корея Президенти Ўзбекистон билан муносабатларга стратегик аҳамият қаратаётганини таъкидлаб, “Ўзбекистон — Корея Республикаси Президентининг Евросиё мамлакатларига нисбатан ташқи сиёсатининг марказида” дея эътироф этишмоқда.

Мутахассислар яна шунга ҳам эътибор беришаяптики, Ўзбекистон минтақадаги ишончли ҳамкор сифатида ҳам корейс сармоядорлари учун муҳим манзил саналади. Давлат ташрифи доирасида савдо-иқтисодий соҳага оид салмоқли ҳужжатлар имзолангани бунинг ёрқин тасдиғидир.

Айни шу жиҳатлар “Тонг бокиралиги ўлкаси”даги етакчи ахборот агентликларидан бири саналган “Yonhap News” томонидан эълон қилинган мақолаларда ўз ифодасини топган. Жумладан, материалларда Корея Республикаси Президенти Мун Чжэ Ин Ўзбекистон билан икки томонлама алоқаларнинг келажакдаги ривожини таъминловчи чора-тадбирларнинг кучайтирилишини ҳамда республика унинг Евросиё мамлакатлари билан муносабатларига боғлиқ янги ташқи сиёсатининг марказида бўлишини таъкидлагани айтиб ўтилган.

Янги ташқи сиёсат доирасида Жанубий Корея Евросиё давлатлари билан турли соҳаларда, хусусан, иқтисодий, транспорт ва энергетика жабҳасида қўшма лойиҳалар таъминланиши бўйича Иқтисодий ҳамкорлик қўмитасини тузишни режалаштирмоқда. Ўзбекистон Марказий Осиёдаги муҳим давлат сифатида мазкур режаларнинг марказида туради. “Марказий Осиёдаги барча давлатлар орасидан биринчи бўлиб Ўзбекистон Президентини Корея Республикасига ташриф буюриш учун таклиф қилдим ҳамда мен икки мамлакат ўртасидаги дўстона муносабатларни қўллаб-қувватлашда давом этаман”, дея Мун Чжэ Иннинг сўзларини келтирган “Yonhap News”.

“The Korea Times” — мамлакатда инглиз тилида фаолият юритадиган энг етакчи нашрлардан бири саналиб, у Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг давлат ташрифи бўйича бир қанча мақолалар эълон қилди. Чунончи, “Корея Республикаси — Ўзбекистон: барча йўналиш бўйича алоқаларнинг кенгайиши” сарлавҳали материалда ёзилишича, икки давлат Президентлари Корея Республикаси ва Ўзбекистон ўртасида Стратегик шериклик муносабатларини ҳар томонлама чуқурлаштириш тўғрисида Қўшма баёнотни имзоладилар. Мазкур ҳужжатга кўра, ҳар икки мамлакат ҳамкорликни ривожлантириш учун чоралар кўради. Иқтисодиёт ҳамда савдо-сотиқ, шунингдек, маданият соҳасида ҳам алоқаларни кенгайтиришга аҳамият қаратилади.

Ушбу газетадаги “Корея Республикаси — Ўзбекистон: сармоявий ҳамкорликнинг юксак жиҳатлари” номли мақолада эса муаллиф “Корея Республикаси бугунги кунда Ўзбекистоннинг энг йирик сармоявий шерикларидан биридир. Йирик энергетика ресурслари, зарур хом ашё, юқори малакали ва рақобатдош кадрлари билан Ўзбекистон минтақада катта нуфузга эга”, деб ёзади.

Таъкидланишича, Жанубий Корея саноатининг Ўзбекистонга жадал кириб бориши нафақат 60 миллионлик Марказий Осиё, балки 300 миллионлик аҳолига эга МДҲ мамлакатлари бозорига чиқишга кенг имкон яратади. Хитой ҳамда Ҳиндистоннинг йирик истеъмол бозори ҳам бу мамлакатга жуда яқин.

Нуфузли кундалик нашрлардан ҳисобланадиган “Korea Herald” ҳам инглиз тилида чоп этилади. Ундаги “Корея Республикаси ва Ўзбекистон раҳбарлари ҳамкорликни янада ривожлантиришга келишиб олдилар” сарлавҳали материалда баён қилинишича, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Корея Республикаси Президенти Мун Чжэ Ин ўз лавозимига киришган 2017 йилнинг май ойидан буён Корея Республикасига давлат ташрифи билан келган иккинчи хорижий давлат раҳбаридир. Биринчиси, шу ойнинг бошида ташрифни амалга оширган АҚШ президенти Дональд Трамп эди.

Яна бир етакчи интернет-нашр “Hankuk Ilbo”даги “Корея Республикаси — Ўзбекистон саммити” номли мақолада айтилишича, 23 ноябрь куни Президент Мун Чжэ Ин Корея Республикасига давлат ташрифи билан келган Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев билан учрашди. Учрашув давомида Мун Чжэ Ин Сеул Тошкент билан стратегик алоқаларни мустаҳкамлаш ҳамда содиқ дўст бўлиш ниятида эканини билдирди.

“Чонг ва дэ” қароргоҳида бўлиб ўтган қабул чоғида Мун Чжэ Ин Ўзбекистон Корея Республикасининг Марказий Осиёдаги муҳим стратегик ҳамкори ва Евросиё минтақасининг юрагига айланганини таъкидлади.

Корея Республикаси Президенти, шунингдек, бундан 80 йил муқаддам Ўзбекистон Россиянинг Узоқ Шарқидан Ўрта Осиёга кўчирилган корейсларни мамнуният билан ўз бағрига олганлигини ҳамда бугун ҳам Ўзбекистонда йирик корейс диаспораси истиқомат қилаётганини эътироф этди. Шу муносабат билан “Биз Ўзбекистонни қардош давлат сифатида қабул қиламиз”, деди Корея Республикаси Президенти.

Айтиш жоизки, ушбу муҳим сиёсий воқелик мамлакатимиз оммавий ахборот воситалари томонидан ҳам янги шаклда кенг ёритилаяпти. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Корея Республикасига давлат ташрифини ёритиш учун амалиётда биринчи марта Сеулда матбуот маркази ташкил этилди. Матбуот маркази барча замонавий техникалар билан -жиҳозланган бўлиб, у ерга малакали журналистлар, медиа соҳаси экспертлари, тасвирчилар, фотографлардан иборат 25 киши жалб қилинди.

Президентимизнинг давлат ташрифини кенг ва батафсил ёритишда юртимиз оммавий ахборот воситаларига қулайлик, уларнинг биринчи манбадан фойдаланиши учун имконият яратиш ушбу саъй-ҳаракатларнинг асосий мақсади бўлди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Корея Республикасига давлат ташрифини ёритиш бўйича ташкил этилган Матбуот маркази материаллари асосида «Халқ сўзи» мухбири Омонулла ФАЙЗИЕВ тайёрлади.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn