Конституциявий қонунийликни таъминлаш юртимизнинг барқарор ривожланиши кафолатидир
  • 25 Ноябрь 2017

Конституциявий қонунийликни таъминлаш юртимизнинг барқарор ривожланиши кафолатидир

Мамлакатимизда Асосий Қонунимиз қабул қилинганининг 25 йиллигини нишонлашга қизғин ҳозирлик кўрилмоқда. Ана шу шонли сана муносабати билан “Демократик ҳуқуқий давлат қуришда Конституциянинг роли ва аҳамияти” мавзуида халқаро анжуман ўтказиш режалаштирилаётир.

Пойтахтимизда ташкил этиладиган мазкур тадбирга 20 дан зиёд давлатлардан конституциявий суд вакиллари ташриф буюриши кутилаяпти. Анжуманда 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси асосида олиб борилаётган кенг кўламли ўзгаришлар даврида Асосий Қонунимизнинг аҳамияти ҳақида сўз юритилади.

Ҳар бир замонавий давлатнинг Конституцияси юқори юридик кучга эга бўлиб, шахс, жамият ҳамда давлат фаолиятининг ҳуқуқий доирасини белгилаб беради. Унда мамлакат сиёсий, ҳуқуқий, иқтисодий ва ижтимоий қурилиши асослари мустаҳкамланади. Конституциянинг асосини инсон ҳуқуқлари ҳамда эркинликлари тўғрисидаги қоидалар ташкил қилади. Барча демократик давлатлар конституцияларида инсоннинг асосий ҳуқуқлари ва эркинликлари ўз аксини топган. Таъбир жоиз бўлса, буни замонавий давлатнинг белгиси, дейиш мумкин.

Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси замонавий конституционализм принципларига тўла мос келади. Унда инсон ҳуқуқларига оид халқаро стандартларга мувофиқ, барча ҳуқуқ ва эркинликлар мустаҳкамланган. Чунончи, унинг 13-моддасида “Ўзбекистон Республикасида демократия умуминсоний принципларга асосланади, уларга кўра инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади”, дея ифодаланган.

Маълумки, қонун устуворлиги Асосий Қонунимизнинг муҳим принципларидан биридир. Хусусан, унинг 15-моддасида Конституция ҳамда қонунларнинг устунлиги сўзсиз тан олиниши белгиланган. Мазкур принциплардан келиб чиқиб, аввало, қонунийлик, бинобарин, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликлари амалда реал таъминланади, иккинчидан, давлат ҳокимияти органларининг барча бўғини самарали фаолият юритади. Шу тарзда давлат органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмалари ҳамда фуқаролардан ўз хатти-ҳаракатларини Конституция ва қонунларга мувофиқ олиб бориш талаб қилинади. Бирон-бир қонун ёхуд бошқа бир норматив-ҳуқуқий ҳужжат унинг нормалари ҳамда қоидаларига зид келиши мумкин эмас.

Конституциянинг 48-моддасига кўра, фуқаролар Конституция ва қонунларга риоя этишга, бошқа кишиларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари, шаъни ҳамда қадр-қимматини ҳурмат қилишга мажбурдирлар. Мазкур талабнинг бажарилиши юртимизда амалга оширилаётган демократик ислоҳотларнинг пировард мақсадига эришилишини, ҳар бир кишининг фаровонлигини таъминлайди. Зеро, Конституция талабларига оғишмай риоя этиш инсоннинг қонун доирасида эркинлигини таъминлаб беради. Фақат ҳамма бирдек қонунларга бўйсунгандагина, жамият ривожланиши, ҳар бир киши ўз орзу-умидларига эришиши, тинч-тотув ҳаёт кечириши мумкин.

Ўзбекистон бугун ривожланишнинг янги даражасига кўтарилди, десак муболаға бўлмайди. Мамлакатимиз ўз олдига -юксак марраларни қўйиб, уни қадам-бақадам эгалламоқда. Ҳаракатлар стратегияси асосида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, мамлакатимиз қиёфасини ўзгартирмоқда. Давлат органлари ўз фаолиятини янгича йўсинда йўлга қўйиб, “Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” деган тамойил асосида олиб бораётир.

Хусусан, аҳолини ташвишлантираётган, қийнаётган муаммоларни ҳал этиш, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. “Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан ўтказилган сўров натижаларига кўра, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини ҳимоялаш, жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш, юртдошларимизнинг ижтимоий адолатга ишончини оширишда Президентимизнинг виртуал қабулхонаси ҳамда Халқ қабулхоналари муҳим ўрин тутмоқда. Сўровда қатнашганларнинг қарийб ярми ўз ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатлари бузилган тақдирда, Виртуал ва Халқ қабулхоналарига мурожаат қилишини таъкидлаган.

Табиийки, буларнинг барчаси фуқаролар мурожаатлари билан боғлиқ жараён давлат сиёсати даражасига кўтарилганидан далолат беради. Бу, моҳиятан олганда, жамиятда сиёсий барқарорлик, ижтимоий адолат ҳукм сураётганлиги ифодасидир. Шубҳасиз, мазкур йўналишдаги ўзгаришларнинг, янгиланишлар ва ислоҳотларнинг замирида Конституция принциплари ётади.

Асосий Қонунимиз қабул қилинганидан буён ўтган чорак аср мобайнида унинг ҳаётийлиги ўз исботини топмоқда, мамлакатни ислоҳ этишнинг асосий йўналишларига мутаносиб равишда ривожланиб бораяпти. Чунончи, Ҳаракатлар стратегияси асосида “Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг айрим моддаларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида (80, 93, 108 ва 109-моддаларига)”ги Қонун қабул қилиндики, унга мувофиқ, суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш вазифаларини амалга оширишга қаратилган янгиликлар киритилди.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимият ҳужжатларининг Асосий Қонунимизга мувофиқлиги тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш бўйича доимий фаолият юритувчи суд ҳокимияти органидир. Унинг вазифаси қонунлар ҳамда Олий Мажлис палаталари қарорларининг, Президент фармонлари, қарорлари ва фармойишларининг, ҳукумат ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қарорларининг -Конституцияга мувофиқлигини аниқлашдан иборатдир.

2017 йил 1 июндан кучга кирган “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги Конституциявий Қонунда ушбу суднинг ваколатлари кенгайтирилганлигидан ташқари, уни шакллантириш тартиби янада демократлаштирилди. Энди Конституциявий суд Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимига биноан, Олий Мажлис Сенати томонидан Судьялар олий кенгаши тавсия этган шахслар орасидан, Қорақалпоғистон Республикасининг вакилини қўшган ҳолда сайланади. Конституциявий суд раиси ва унинг ўринбосари эса Конституциявий суд мажлисида унинг судьялари орасидан сайланади.

Конституциявий судга Конституциявий қонунларнинг, халқаро шартномаларни ратификация қилиш тўғрисидаги қонунларнинг Конституцияга мувофиқлигини улар Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан имзолангунга қадар ўрганиш билан боғлиқ қўшимча ваколатлар юклатилди.

Конституциявий судга кўриб чиқиш учун масалалар киритиш ҳуқуқига эга бўлган субъектлар доираси ҳам кенгайтирилди. Бундай субъектлар қаторига Вазирлар Маҳкамаси ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ҳам киритилди. Бундан ташқари, Олий суднинг муайян ишда қўлланилиши лозим бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг Конституцияга мувофиқлиги тўғрисида судлар ташаббуси билан киритилган мурожаатларини ҳам кўриб чиқиши белгилаб қўйилди.

Яна бир муҳим янгилик, Конституциявий судга ҳар йили Олий Мажлис палаталарига ва Ўзбекистон Республикаси -Президентига мамлакатдаги конституциявий қонунийликнинг ҳолати тўғрисида ахборот тақдим этиш вазифаси юклатилди.

Конституциявий қонунийлик аҳволи тўғрисида ахборот бериш миллий қонунчилигимизда янгилик ҳисобланади. Айни пайтда қатор хорижий мамлакатларда давлат раҳбари ҳамда парламентга конституциявий қонунийлик аҳволи тўғрисида ахборот бериш Конституциявий суд вазифалари сирасига киради. Бу моҳиятан қонун ижодкорлиги ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини, умуман олганда, мамлакатнинг ҳуқуқий тизими ривожланиши аҳволини баҳолашдир.

Конституциявий қонунийлик, шубҳасиз, юртимизда Конституция ҳамда қонунларнинг устуворлиги принципини амалга оширишнинг муҳим омили бўлиб, у мамлакатни демократик ҳуқуқий давлат сифатида ривожлантириш шартларидан биридир.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 24 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида айни вақтда қонунларнинг тўлиқлиги, ҳаётийлиги ва тўғридан-тўғри амалга ошириш механизмларига эга экани ҳақида сўз юритиб, бу борада ҳали кўп иш қилишимиз кераклигини таъкидлаган эди.

Дарҳақиқат, қонунларни тўғридан-тўғри амалга ошириш механизмини таъминлаш давлатнинг муҳим вазифаларидандир. Мазкур муаммонинг ечими мамлакатимизда конституциявий қонунийликни таъминлаш билан чамбарчас боғлиқ.

Шуни эътиборга олиш лозимки, Конституция устуворлиги принципи, унинг тўғридан-тўғри, бевосита амал қилиши ўз-ўзидан рўй бермайди, албатта. Конституциявий қонунийлик мансабдор шахслар Конституция нормалари талабларини бажаришини, унинг қоидалари бузилишининг олдини олиш, фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш ҳамда айбдорларни жавобгарликка тортишни тақозо этади.

Бундан ташқари, конституциявий қонунийлик Конституция нормалари устунлиги, уларнинг мамлакат ҳудудида тўғридан-тўғри амал қилиши, инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари устуворлигини эътироф этиш билан бир қаторда, Конституция нормаларининг халқаро ҳуқуқнинг принциплари ва нормаларига мувофиқлигини кўзда тутади.

Бу борада Конституциявий суд қарорларининг давлат органлари, мансабдор шахслар ҳамда фуқаролар томонидан ижроси тўлиқ таъминланиши ҳам мамлакатда конституциявий қонунийликка риоя қилиш натижаси бўлиб ҳисобланади. Конституциявий суднинг қарорлари тўғридан-тўғри ижро этилиши барча давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, шунингдек, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ҳамда жамоат бирлашмалари, мансабдор шахслар ва фуқаролар учун мажбурийдир.

Умуман олганда, Конституциявий суд Ўзбекистон Республикасида қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг Конституцияга мослигини таъминлаш, бу борадаги ҳуқуқий бўшлиқни бартараф этиш ва пировардида юртимизда конституциявий қонунийликни мустаҳкамлашга хизмат қилади. Мамлакатимизда конституциявий қонунийликни таъминлаш ҳамда қонун устуворлигини қарор топтириш эса Ҳаракатлар стратегияси доирасида жадал амалга оширилаётган ислоҳотлар самарадорлиги, юртимиз барқарор ривожланиши йўлида муҳим аҳамият касб этиши, шубҳасиз.

Асқар ўАФУРОВ,

Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди

раисининг ўринбосари,

юридик фанлар номзоди.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn