Ҳаммамиз бирдек жавобгармиз
  • 25 Ноябрь 2017

Ҳаммамиз бирдек жавобгармиз

Президентимизнинг жорий йил 12 июлда Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон экологик ҳаракати вакиллари билан ўтказган видеоселектор йиғилишидаги маърузасида сиёсий партияларнинг ёшлар ўртасида олиб бораётган ишлари таҳлил этилиб, уларнинг уюшмаган ёшлар манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича аниқ амалий манзилли дастур асосида иш олиб бориши ҳаётий зарурат экани таъкидланган эди.

Мазкур вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи билан ҳамкорликда “Адолат” социал-демократик партияси тизимида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш юзасидан чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилди ҳамда амалиётга татбиқ этилмоқда. Хусусан, айни пайтда Жиззах, Самарқанд ва Навоий вилоятларининг уюшмаган ёшлари билан ишлашда муайян силжишлар кузатилаяпти. Партиянинг мазкур вилоятлар кенгашлари томонидан уюшмаган ёшлар рўйхати маҳаллалар кесимида шакллантирилди ҳамда маълумотлар базаси яратилди. Айтиш жоизки, ушбу маълумотлар базаси доимий равишда янгилаб борилмоқда.

Яқинда бўлиб ўтган халқ депутатлари Навоий шаҳар Кенгашининг навбатдаги сессиясида Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи ташаббуси билан уюшмаган ёшларнинг қонуний манфаатларини таъминлаш бўйича қилинаётган ишлар ҳолати атрофлича муҳокама этилди.

Айтиб ўтилганидек, ҳозирги кунда Навоий шаҳрида ўқиш ва иш билан банд бўлмаган 578 нафар йигит-қиз бор. Бундан ташқари, 700 нафардан зиёд ёшлар хорижга турли мақсадларда чиқиб кетган.

Сессияда шу йўналишда олиб борилаётган ўрганишлар натижалари кўриб чиқилди. Таъкидланганидек, уюшмаган ёшлар бандлигини таъминлаш, уларнинг мутахассислик бўйича малакасини ошириш, тадбиркорлик билан шуғулланишлари учун амалий кўмаклашиш, ёшлар мурожаатларини ўз вақтида ҳал қилиш, уй-жой таъминоти ҳамда бошқача тарзда ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасида тегишли мутасадди ташкилотлар томонидан олиб борилаётган ишларни етарли даражада, деб бўлмайди. 

Муҳокамалар чоғида уюшмаган ёшларга кўмак бериш, айниқса, иш билан банд бўлмаган хотин-қизларнинг оилавий муҳитини ўрганиш, уларни касб-ҳунарга йўналтириш чора-тадбирларини белгилаш ва амалга ошириш лозимлиги қайд этилди.

Тегишли масала бўйича масъул мансабдор шахслар ҳисоботи ҳар чоракда маҳаллий Кенгаш сессияларида эшитилиб, муҳокама қилиб борилиши белгилаб олинди.

Темур ЭШБОЕВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn