Таълим, тарбия, тарғибот
  • 24 Ноябрь 2017

Таълим, тарбия, тарғибот

Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳрида семинар ва давра суҳбатлари ўтказилмоқда.

Жорий йилнинг 25 декабрига қадар давом этадиган тадбирларда Ўзбекистон Республикасининг “Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуни, давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 13 сентябрда имзолаган “Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги қарори мазмун-моҳияти ва аҳамияти юртдошларимиз, хусусан, соҳа ходимлари ҳамда ёшларга кенг тушунтирилаяпти.

Шунингдек, Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида 15 ноябрда мамлакатимизда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш масалаларига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишидан келиб чиқиб, оммавий ахборот воситалари вакиллари олдига қўйилган муҳим вазифалар ижроси муҳокама этилмоқда.

Ўзбекистон Республикасининг “Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуни 8-моддаси билан Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш соҳасидаги махсус ваколатли давлат органи этиб белгиланди.

Тадбирлар давомида мазкур Қонуннинг мақсад ҳамда вазифалари, унинг айрим моддаларини қўллаш, ахборотларни ёшга оид таснифлаш, экспертизадан ўтказиш ва бошқа чора-тадбирлар хусусида батафсил тўхталмоқда.

Давлатимиз раҳбари 2017 йил 3 августда мамлакатимиз ижодкор зиёлилари вакиллари билан бўлган учрашувда адабиёт, санъат, маданият соҳасини янада ривожлантириш, бу борада иш самарадорлигини ошириш бугунги куннинг долзарб вазифаларидан бири эканига алоҳида эътибор қаратиб, шу йўналишда қатор Фармон ҳамда қарорлар лойиҳаси тайёрланаётгани ҳақида гапирган эди. Шундан сўнг кўп ўтмай, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “ Матбуот ва ахборот соҳасида бошқарувни янада такомиллаштириш тўғрисида”ги Фармони ҳамда “Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги қарори ва бошқа ҳужжатлар қабул қилингани мазкур йиғилишда айтилган мақсад ҳамда вазифалар ижросини таъминлаш бўйича ишлар қатъий, изчиллик асосида олиб борилаётганини кўрсатади.

Бугун юртимизда китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизими самарадорлигини ошириш, китобхонлик маданиятини юксалтириш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Зеро, Президентимиз таъбири билан айтганда, “Китобхонлик маданиятини юксалтириш — буюк мақсадларимизга эришишнинг муҳим кафолатидир”.

Жойларда ташкил қилинаётган учрашувлар давомида соҳанинг етук мутахассислари ОАВ ҳамда ноширликдаги мавжуд камчиликларни бартараф этиш ва уни янги сифат босқичига кўтаришнинг долзарб муаммолари, китобнинг ўрни ҳамда китобхонлик маданиятини юксалтиришнинг муҳим масалалари, миллий ахборот медиамаконини равнақ топтиришда журналистларнинг роли ва масъулияти ҳақида ўз қарашлари билан ўртоқлашмоқда.

Мазкур тадбирлар мамлакатимизда ҳуқуқий демократик давлат ҳамда эркин фуқаролик жамияти барпо қилиш йўлида Президентимиз томонидан қўйилаётган вазифаларни амалга ошириш, фарзандларимизни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотлардан муҳофаза этиш, республикамизда китоб маҳсулотларини нашр қилиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китобхонликни кенг тарғиб этишда ижодкор зиёлилар, оммавий ахборот воситаларининг ўрни ҳамда уларнинг бу борадаги вазифалари белгилаб олиниши билан аҳамиятлидир.

Улуғбек МАМАДАЛИЕВ,

Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги

Ахборот хизмати бошлиғи.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn