Фоторепортаж: Шавкат Мирзиёевнинг Корея Республикасига давлат ташрифи (22-23 ноябрь)
  • 23 Ноябрь 2017

Фоторепортаж: Шавкат Мирзиёевнинг Корея Республикасига давлат ташрифи (22-23 ноябрь)

Айни кунларда Шавкат Мирзиёев Мун Чжэ Иннинг таклифига биноан Корея Республикасига давлат ташрифини амалга оширмоқда.

Қуйида эътиборингизга ташриф тафсилотлари акс этган фотожамланмани ҳавола этамиз:

1. 22 ноябрь куни Сеул халқаро аэропортида Ўзбекистон Президенти шарафига икки давлат байроқлари кўтарилди, фахрий қоровул саф тортди. Давлатимиз раҳбарини Корея Республикасининг расмий шахслари кутиб олди. Маросимдан сўнг Ўзбекистон делегацияси ўзи учун ажратилган қароргоҳга йўл олди.

2. Давлат раҳбари 23 ноябрь куни икки мамлакатнинг иқтисодий ва молиявий тузилмалари раҳбарлари, етакчи ишбилармонлари иштирокидаги Жанубий Корея –Ўзбекистон  бизнес-форумида қатнашди.

3. Корея Республикасида Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимидаги фаолиятининг биринчи йили ҳақида корейс тилида “Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев” номли китоб 50 минг нусхада чоп этилди.

Жорий йил 20 ноябрь куни нашр этилган ушбу китоб 8 бўлим, 320 саҳифадан иборат бўлиб, кўплаб суратлар билан бойитилган.

Китоб “Uz Kor Economy Media Group” томонидан чоп этилган. Унинг муаллифи машҳур журналист ва ёзувчи Чо Чоль Хён. 

 

4. Сеул шаҳридаги “Чонг Ва Дэ” (“Мовий сарой”) қароргоҳида Президент Шавкат Мирзиёевни расмий кутиб олиш маросими ўтказилди.

Олий мартабали меҳмон шарафига фахрий қоровул саф тортди. Икки мамлакат давлат мадҳиялари янгради. Президентлар фахрий қоровул сафи олдидан ўтдилар.

5. Шавкат Мирзиёев ва Мун Чжэ Иннинг тор доирадаги музокарасида ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг узоқ истиқболга мўлжалланган устувор йўналишлари, томонларни қизиқтирган долзарб минтақавий ва халқаро масалалар юзасидан атрофлича фикр алмашилди.

6. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Корея Республикаси Президенти Мун Чжэ Ин мулоқотни икки мамлакат расмий делегацияларининг кенгайтирилган таркибдаги музокарасида давом эттирди. Томонлар савдо-иқтисодий, сармоявий, маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни кенгайтиришга оид масалаларни муҳокама қилди. 

7. Мирзиёевнинг Корея Республикасига ташрифи давомида эришилган келишувлар бўйича ҳужжатлар имзолаш маросими бўлиб ўтди. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Корея Республикаси Президенти Мун Чжэ Ин Стратегик шериклик муносабатларини ҳар томонлама чуқурлаштириш тўғрисида Қўшма баёнотни имзоладилар.

Материал маҳаллий ҳамда хорижий оммавий ахборот воситалари маълумотлари асосида тайёрланди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn