Демократик қадриятларга содиқлик ифодаси
  • 23 Ноябрь 2017

Демократик қадриятларга содиқлик ифодаси

Инсон, унинг манфаатлари ва эҳтиёжлари ҳақида ғамхўрлик қилган жамият ривожланади, халқаро майдонда обрў-эътибор қозонади. Демократик принципларни жамият ҳаётига сингдириш, инсон қадр-қиммати ҳамда шаънини улуғлашдек эзгу тамойилларни ўзида мужассам этган Асосий Қонунимизнинг қабул қилиниши, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси билан ҳамоҳанг тарзда халқимиз ҳаётига татбиқ этилиши мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг юридик кафолати бўлиб келмоқда.

Конституциямизда ушбу умуминсоний қадрият асос қилиб олингани учун ҳам халқаро ҳамжамият томонидан умумбашарий инсонпарварлик ва демократик мезонларга тўлиқ жавоб берадиган ҳужжат сифатида якдиллик билан эътироф этилган.

Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш механизмларини таъминлаш Асосий Қонунимизнинг муқаддимасида ўз ифодасини топган. Шунинг ўзиёқ “Инсон манфаатлари ҳар нарсадан улуғ”, деган ғоянинг ҳуқуқий асоси нақадар мустаҳкамлигидан дарак беради. Шу ўринда айтиш жоизки, ана шу конституциявий меъёрни, яъни инсон ҳуқуқ ҳамда эркинликларининг кафолатларини амалга ошириш мақсадида қисқа давр мобайнида инсон ҳуқуқлари масалалари билан шуғулланувчи миллий институтлар ташкил этилди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман), Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институти, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Адлия ва Ички ишлар вазирликлари ҳамда Бош прокуратурадаги инсон ҳуқуқлари бўйича махсус бўлинмалар ана шулар жумласидандир. Бу институтлар фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишда фаоллик кўрсатиб келмоқда.

Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган тамойиллари асосида миллий қонунчилигимиз такомиллаштирилганлигини ҳам айтиш зарур. Шу мақсадда мустақиллик йилларида 16 та Кодекс, инсон ҳуқуқлари ҳамда асосий эркинликларини таъминлашга қаратилган 700 дан зиёд қонунлар қабул қилинди. Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари бўйича -етмишдан ортиқ халқаро ҳужжатларга қўшилган, БМТнинг ўнта асосий ҳужжатини ратификация қилган. Давлатимиз инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя этиш ҳамда уни ҳимоя қилиш борасидаги барча мажбуриятини тўла бажариб келмоқда. Зеро, Асосий Қонунимизнинг 30 дан зиёд моддалари бевосита инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига бағишланган. Яна бир жиҳати, унда Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг деярли ҳамма принципиал қоидаси мужассамлаштирилган.

Қонунларга оғишмай амал қилиш механизмини ишлаб чиқиш ҳамда ижтимоий ҳаётнинг барча жабҳасида қонун устуворлигини таъминлаш муҳим йўналиш бўлиб, бу борада ҳам кенг кўламли ишлар рўёбга чиқарилди. Ўтган йиллар мобайнида инсоннинг шахсий, сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқларини таъминлаш мақсадида бир қатор қонунлар қабул қилинди. Айниқса, Президентимизнинг 2016 йил 28 декабрдаги Фармони билан жойларда Халқ қабулхоналарининг ташкил этилиши бу борадаги ишларни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарди. “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак”, деган улуғвор ғоя ҳаётимиздан чуқур жой эгалламоқда.

Конституциямизда инсоннинг ижтимоий ҳуқуқларига катта эътибор қаратилган бўлиб, эркин касб танлаш, адолатли меҳнат шароитида ишлаш, ишсизликдан ҳимояланиш, дам олиш, ижтимоий таъминот олиш каби ҳуқуқлари мустаҳкамлаб қўйилган. Уларни таъминлаш мақсадида қатор қонун ҳужжатлари ишлаб чиқилиб, амалиётда изчил қўлланилаётир. 2010 йилдан эътиборан Иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурини парламент томонидан тасдиқлаш ҳамда унинг ижроси назоратга олиниши, бу бўйича ҳар йили масъул вазирнинг ахборотини эшитиш амалиёти йўлга қўйилгани ўз самараларини бераяпти.

Аҳоли, айниқса, ёшлар ва мансабдор шахслар ўртасида ҳуқуқий тарбия ишларини тубдан яхшилаш, уларнинг ҳуқуқий онги ҳамда маданиятини ошириш ҳам доимий эътиборда. Бу борадаги саъй-ҳаракатлар натижасида, аввало, инсон ҳуқуқларининг моҳияти, зарурати, мақсадини англаш лозимлигини аҳолининг аксарият қисми теран ҳис қилмоқда. 

Бугунги кунда инсон ҳуқуқлари бузилишининг олдини олиш, аҳоли учун энг муносиб турмуш тарзини, фаровон ҳаёт шароитини яратиб бериш мақсадида ҳуқуқий маданиятни ошириш бўйича мақсадли чоралар кўрилаётир.

Умуман олганда, Асосий Қонунимизда белгиланган норма ва принциплар демократик ҳуқуқий давлат қуриш, инсон ҳуқуқ ҳамда эркинликларини тўлиқ таъминлашда муҳим дастуриламал вазифасини ўтамоқда. Шундай экан, унда ифодаланган барча эзгу ғояларни тўлақонли рўёбга чиқариш учун бор куч ва салоҳиятимизни сарфлашимиз айни заруратдир.

Феруза ЭШМАТОВА,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси

Қонунчилик палатаси депутати.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn