Ўзбекистон — Германия: савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорлик ривожланмоқда
  • 22 Ноябрь 2017

Ўзбекистон — Германия: савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорлик ривожланмоқда

 

Жорий йилнинг 14 — 17 ноябрь кунлари Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири бошчилигидаги мамлакатимиз делегацияси Германияда бўлди.

Ташриф доирасида Германия — Ўзбекистон ишбилармонлар кенгашининг учинчи йиғилиши ўтказилди. Унда мазкур бирлашмага аъзо етакчи компаниялар, жумладан, “Knauf”, “MAN”, “Siemens”, “Claas”, “Commerzbank”, “Airbus”, “SAP”, “Deutsche Kabel” ҳамда ГФР Ташқи ишлар вазирлиги, Германия иқтисодиёт ва энергетика федерал вазирлиги, Немис иқтисодиёти Шарқий қўмитаси вакиллари қатнашди.

Германия — Ўзбекистон ишбилармонлар кенгаши ҳамраиси, “Knauf” компанияси ижрочи директори Манфред Грундке йиғилишни очар экан, Ўзбекистон ҳукумати делегациясининг ушбу ташрифи ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ишбилармонлар кенгашининг ҳамраислигига тайинланиши расмий Тошкентнинг немис бизнесига нисбатан алоҳида эътибори ва ишончидан далолат беришини қайд этди.

М. Грундке таъкидлаганидек, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида иқтисодиётни либераллаштириш бўйича кўрилаётган амалий чора-тадбирлар ҳозирнинг ўзидаёқ катта самарасини кўрсатгани ҳолда, хорижлик сармоядорлар учун ўзбек бозоридаги иштирокини кенгайтириш учун муҳим ишора бўлди. Унинг айтишича, Германиянинг етакчи компаниялари валюта бозорини эркинлаштириш борасида олиб борилаётган ислоҳотларни катта умид ҳамда ишонч билан қабул қилди.

Йигирма йилдан зиёд вақт мобайнида мамлакатимиз билан муваффақиятли ҳамкорликни йўлга қўйиб келаётган немис бизнеси, молиявий муассасалар ва ташкилотлар вакилларининг юртимизда эркин фаолият олиб бориши учун қўллаб-қувватлаётгани ҳамда зарур шароитларни яратаётгани учун Ўзбекистон ҳукуматига миннатдорлик билдириб, узоқ муддатли ва ўзаро манфаатли алоқаларни давом эттиришдан манфаатдор эканликларини айтиб ўтди.

Тадбир чоғида Ўзбекистон иқтисодиётига илғор технологиялар ҳамда “ноу-хау”ларни жалб қилиш, шунингдек, таълим, корпоратив бошқарувнинг замонавий услублари бўйича мутахассислар тайёрлаш борасидаги ҳамкорликни фаоллаштириш билан боғлиқ масалалар ҳам муҳокама этилди.

Учрашув якунлари бўйича Германия — Ўзбекистон ишбилармонлар кенгашининг навбатдаги йиғилишини 2018 йилнинг биринчи ярмида Тошкентда ўтказиш юзасидан қарор қабул қилинди.

Ўзбекистоннинг Германиядаги элчихонаси, Немис иқтисодиёти Шарқий қўмитаси ва Германия — Ўзбекистон ишбилармонлар кенгаши Германия Федератив Республикасининг 200 дан зиёд етакчи компания ҳамда банклари вакиллари иштирокида ташкил этилган қўшма бизнес форуми ушбу ташриф доирасидаги яна бир муҳим воқеа бўлди.

Бавария Бош вазири ўринбосари, иқтисодиёт, ОАВ, энергетика ва технологиялар вазири Ильзе Айгнер анжуманни очаркан, бугунги кунда “Ўзбекистон — келажак бозори” эканлигини таъкидлаб, Германия бизнес ҳамжамияти мамлакатимизда иқтисодиётни модернизациялаш бўйича олиб борилаётган ислоҳотларни қўллаб-қувватлашга тайёр эканлигини тасдиқлади. У, шунингдек, машинасозлик, энергетика, электротехника, енгил ҳамда дори-дармон саноати, ахборот-коммуникация технологиялари соҳаси ва бошқа йўналишлардаги саноат кооперацияси учун мавжуд кенг имкониятлар юзасидан ҳам атрофлича фикр юритди. Бавария компанияларини юртимизда очилаётган имкониятлардан самарали фойдаланишга, тез ривожланаётган ўзбек бозоридан муқим ўрин эгаллашга чақирди.

Ўз навбатида, Ўзбекистон томони ҳам Европадаги энг бақувват иқтисодиётга эга бўлган, дунёнинг саноати равнақ топган етакчи давлатларидан бири ҳисобланадиган Германия билан савдо-иқтисодий ҳамда сармоявий ҳамкорликни кенгайтиришдан манфаатдор эканлигини таъкидлади.

Ўзбекистон ҳукумати раҳбари Германия — Ўзбекистон ишбилармонлар кенгашининг йиғилиши ва бизнес форуми қатнашчиларига мурожаат қиларкан, республикамизда хорижий сармоядорларнинг тадбиркорлик фаолияти учун ҳуқуқий жиҳатдан барча шарт--шароит яратилгани ҳақида маълум қилди.

Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Савдо-саноат палатаси, “Ўзавтосаноат” АК ҳамда Германиянинг “MAN”, “Knauf”, “Siemens” компаниялари ва “KfW” банк тизимига кирадиган Сармоялар ҳамда ривожланиш бўйича немис жамияти (“DEG”) вакиллари иштирокида бўлиб ўтган музокаралар тадбир қатнашчиларида алоҳида қизиқиш уйғотди. Улар ўзларининг Ўзбекистон бозоридаги узоқ йиллик муваффақиятли ҳамкорлик тажрибаларини ўртоқлашар экан, ишбилармонларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоб бердилар.

Бизнес форуми якунлари бўйича 1,3 миллиард АҚШ доллари миқдоридаги 70 дан зиёд ҳужжатлар имзоланди. Уларда энергетика, нефть-газ, кимё жабҳалари, енгил саноат, соғлиқни сақлаш, фармацевтика, сайёҳлик ва бошқа йўналишларда сармоявий лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш кўзда тутилган.

Жумладан, “MAN Truck & Bus AG” компанияси билан “JV MAN Auto-Uzbekistan” корхонаси базасида сайёҳлар учун мўлжалланган автобуслар ҳамда “Volkswagen Amarok” русумли пикап автомобилларини ишлаб чиқариш, “Knauf” халқаро компанияси билан “Бухорогипс” қўшма корхонасида гипсокартон ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш, “Viessmann” гуруҳи билан икки контурли иситиш қозонлари тайёрлашни ташкил қилиш, “Bosch” компанияси билан 2018 йил январида Ўзбекистонда ўз ваколатхонасини очиши юзасидан келишувларга эришилди.

Бундан ташқари, Германиядаги йирик “Siemens” компанияси билан Ўзбекистонда “Хавфсиз шаҳар” мажмуини барпо этиш, Тошкентда ўзининг ўқув марказига эга бўлган онкология, неврология, кардиология ва травматология қўшма клиникасини ташкил қилиш бўйича лойиҳани амалга ошириш бошланади. Жаҳонга машҳур “TUI Group” сайёҳлик компанияси ўзбекистонлик шериклари билан сайёҳлик соҳасида қўшма лойиҳаларни рўёбга чиқаришга киришади.

Шунингдек, Германиянинг “Deutsche Bank”, “Commerzbank”, “AKA Bank” сингари расмий молиявий муассасалари сармоявий лойиҳаларни молиялаштириш ҳамда кичик ва ўрта бизнес, савдо операциялари учун кредит линияларини тақдим этиш ниятидадир.

Мамлакатимиз маҳсулотлари экспортини кенгайтириш мақсадида Германия Федератив Республикасида Ўзбекистон савдо уйини очиш тўғрисидаги шартнома, сархил ҳамда қайта ишланган мева-сабзавот маҳсулотлари, тўқимачилик буюмлари ва ўзбек корхоналарининг бошқа товарларини Германияга етказиб бериш юзасидан шартномалар имзоланди.

Ташриф доирасида Ўзбекистон делегацияси аъзолари Бавария Бош вазири ўринбосари, иқтисодиёт, ОАВ, энергетика ва технологиялар вазири Ильзе Айгнер, меҳнат, ижтимоий ҳимоя, оила ҳамда интеграция вазири Эмилиа Мюллер, “TUI Group”, “Bosch”, “Papenburg”, “Deutsche Bahn”, “Siemens”, “HeidelbergCement”, “MAN”, “SAP”, “Volkswagen”, “Humana”, “Airbus”, “BASF”, “Falk Porsche Technik”, “Knauf”, “TAKRAF”, “Daimler”, “Viessmann”, “Textima Export Import”, “Teichmann Group” компаниялари ҳамда “Deutsche Bank”, “KfW”, “Commerzbank”, “AKA Bank”, “Credit Suisse” (Швейцария) сингари йирик молия муассасалари раҳбарлари билан учрашувлар ўтказишди. Улар “BMW”, “Knauf”, “Siemens”, “Bionorica” ва бошқа ишлаб чиқариш компанияларида ҳам бўлдилар.

“Жаҳон” ахборот агентлиги мухбири немис бизнеси вакиллари билан тадбирлар якуни бўйича суҳбатда бўлиб, Ўзбекистон — Германия амалий ҳамкорлигининг истиқболлари юзасидан фикр-мулоҳазалари билан қизиқди.

— Ўзбекистонда мамлакат иқтисодиётига сармоя киритган, иш ўринлари яратишга кўмаклашган ҳамда тажриба ва технологияларини баҳам кўрган кўплаб немис компаниялари фаолият юритмоқда, — деди Германия — Ўзбекистон ишбилармонлар кенгаши ижрочи директори, “Deutsche Kabel AG Taschkent” сармоядори Фальк Порше. — Яқинда ташкил қилинган ишбилармонлар кенгашимиз немис ишбилармон ҳамда саноат доиралари ўртасида катта эътибор қозонди. Германиянинг 30 дан зиёд йирик компаниялари унинг сафига қўшилгани бу фикрни тасдиқлайди. Уларнинг аксарияти жаҳонга машҳур компаниялардир. Кенгашимизнинг асосий вазифаларидан бири — Ўзбекистонда немис бизнеси фаолияти кенг йўлга қўйилишига эришиш.

Александер Каис,

“Kermi GmbH” компанияси бошқарувчи директори:

— Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан қабул қилинган Ҳаракатлар стратегиясида иқтисодиётнинг барча жабҳасида самарали ўзгаришларни амалга ошириш ва республикада тадбиркорлик муҳитини такомиллаштиришга алоҳида урғу берилган. Немис ишбилармон доиралари олдида Ўзбекистон томонининг далил-исботлар билан асосланган чиқишлари манфаатдор шериклар билан узоқ муддатли ҳамкорликни йўлга қўйиш нуқтаи назаридан бизларни рағбатлантирди.

Ян-Дитер Брунс,

“Bruns Pflanzen” компанияси вакили:

— 1876 йилда асос солинган “Bruns Pflanzen” — декоратив дарахтлар, бута ҳамда ўсимликлар етиштириш бўйича Европадаги энг йирик ва энг кўҳна компаниялардан бири ҳисобланади. Германия ишбилармон доиралари вакиллари мамлакатингиздаги сармоявий муҳит ҳамда ўзгаришлар, айниқса, республика раҳбарияти ва ҳукуматининг Германия билан савдо-иқтисодий ҳамда сармоявий ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича қатъий иродаси ҳақида аниқ-равшан тасаввурга эга бўлдилар.

Шу тариқа Ўзбекистон ҳукумати делегациясининг Германия Федератив Республикасига ташрифи икки томонлама муносабатларга янги туртки берди. Юқори даражада ўтказилган тадбирлар савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни ривожлантириш учун ҳали ишга солинмаган салмоқли салоҳият, шунингдек, икки мамлакат ўртасидаги кўп қиррали алоқаларни янада мустаҳкамлаш юзасидан муштарак манфаатдорлик мавжудлигини кўрсатди.

«Жаҳон» АА.

Мюнхен — Берлин

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn