Демократик қадриятлар мезони
  • 27 Май 2014

Демократик қадриятлар мезони

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида “Ўзбекистон сайлов қонунчилиги ва демократик сайлов ўтказиш бўйича халқаро стандартлар” мавзуида халқаро давра суҳбати ўтказилди.

Тадбир Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институти билан бирга ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори, Миллий демократия институти (АҚШ)нинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси кўмагида ташкил этилди.
Долзарб мавзу муҳокамасида Марказий сайлов комиссияси, ҳудудий сайлов комиссиялари аъзолари, сиёсий партиялар ва Ўзбекистон экологик ҳаракати вакиллари, ҳуқуқшунослар, сайлов ҳуқуқи соҳаси бўйича миллий ва хорижий экспертлар, қатор давлат идоралари, фуқаролик жамияти институтлари ҳамда ОАВ вакиллари қатнашди.
Давра суҳбати давомида демократик янгиланишларнинг муҳим шарти бўлган сайлов тизими жараёнларини модернизациялаш, Ўзбекистонда сайлов ўтказишнинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, жорий йилнинг декабрь ойида давлат ҳокимияти вакиллик органларига бўлажак сайловни ташкил қилиш ва ўтказишда Марказий сайлов комиссияси, барча манфаатдор ташкилотлар олдида турган вазифалар хусусида атрофлича сўз борди.
Хусусан, муҳокамаларда сайлов қонунчилигининг долзарб масалалари, Ўзбекистонда сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишнинг ўзига хос жиҳатлари батафсил кўриб чиқилди. Қайд этилганидек, мустақиллик йилларида инсон манфаатларини ҳар томонлама таъминлаш ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий ислоҳотларнинг асосий мақсадига айланди. Мамлакатимизни демократик янгилаш шароитида барқарор ва изчил ривожланиб бораётган сиёсий тизим, профессионал фаолият олиб бораётган икки палатали парламент шакллантирилган, фуқаролар ва сиёсий партияларнинг давлат ҳамда жамият ишларини бошқаришда эркин ва фаол иштирок этиши учун зарур ташкилий-ҳуқуқий ҳамда моддий-техникавий асослар яратилган.
Анжуман қатнашчилари эътироф этганларидек, фуқароларнинг сиёсий ҳуқуқлари тизимида сайлов институти муҳим ўрин тутади. Зеро, улар бевосита ёки ўз вакиллари орқали мамлакатимиз ҳаётида иштирок этишади. Конституцияда мустаҳкамлаб қўйилганидек, халқ давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаидир. Асосий Қонунимиз билан фуқароларнинг давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлаш ва сайланиш ҳуқуқи, овоз бериш ҳуқуқи, ўз хоҳиш-иродасини билдириш тенглиги ва эркинлиги мустаҳкамлаб қўйилган. Сайловлар умумий, тенг, тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш йўли билан ўтказилади.
Тадбир давомида таъкидланганидек, сайловларни очиқлик ва ошкоралик асосида қонун талабларига тўла мувофиқ ҳолда ташкил қилиш ва ўтказишни таъминлаб келаётган мустақил сайлов комиссияларининг фаолият кўрсатиши миллий сайлов тизимининг ўзига хос жиҳати ҳисобланади.
Мамлакатни модернизация қилиш ва демократик янгилашнинг муҳим омили бўлган сайлов тизими изчил ривожлантирилиб борилмоқда. Амалиёт, Ўзбекистонда тўпланган тажриба сайлов жараёнларини янада демократлаштириш заруратини тақозо этмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан илгари сурилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси сайлов қонунчилигини такомиллаштиришда янги босқични бошлаб берди. Концепция асосида сайлов қонунчилигига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Аввало, “сайловолди ташвиқоти” тушунчасига аниқ таъриф берилди, бундай ташвиқот турлари, уни олиб боришга рухсат этилган шакл ҳамда усуллар, сайловолди ташвиқотини нафақат сайлов куни, балки овоз бериш бошланишидан бир кун олдин ҳам олиб бориш мумкин эмаслиги, муддатидан олдин овоз бериш муддатлари, тартиби ва принциплари аниқ кўрсатиб ўтилди. Жамоатчилик фикри сўровлари натижаларини, сайлов натижалари тахминларини, ўтказилаётган сайлов билан боғлиқ бошқа тадқиқотларни чоп этиш тартибига дахлдор қоидалар ўз ифодасини топди. Ўзбекистон экологик ҳаракатининг Қонунчилик палатаси депутатларини сайлаш бўйича конференциясида кузатувчиларнинг иштирок этиш ҳуқуқини белгилаб берадиган меъёр киритилди. Қамоқда сақлаш жойларида сайлов участкаларини ташкил қилиш имконияти кўзда тутилган. Сайлов қонунчилигига киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар сайлов тизимини янада либераллаштиришга, унинг очиқлигини мустаҳкамлашга, фуқароларнинг ўз хоҳиш-иродасини эркин ва мустақил билдиришлари учун мавжуд механизмларни такомиллаштиришга имкон беради.
Жорий йилнинг апрель ойида Президентимиз ташаббуси билан “Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг айрим моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида (32, 78, 93, 98, 103 ва 117-моддаларига)”ги Қонун қабул қилинди. Қонун фаолиятининг асосий принциплари мустақиллик, қонунийлик, коллегиаллик, ошкоралик, адолатлиликдан иборат бўлган Марказий сайлов комиссияси мақомини конституциявий мустаҳкамлаб қўйиши сайловнинг демократия тамойилларига мослигини, очиқлигини ва ошкоралигини, унинг қонунийлигини таъминлашнинг муҳим кафолати ҳисобланади.
Жорий йилнинг 12 май куни Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси 2014 йилда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича тадбирлар дастурини тасдиқлади. Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига бўлажак сайловлар сайлов жараёнининг барча иштирокчилари томонидан қонунчилик талаблари ва халқаро стандартларга тўлиқ риоя этган ҳолда миллий сайлов тизимининг демократиклигини яна бир карра намоён этишга даъват этилган.
Экспертларнинг фикрича, Ўзбекистонда бўлажак сайловларга тайёргарлик кўриш ва ўтказишнинг қонунчилик талабларига ҳамда халқаро сайлов стандартларига тўла мувофиқ равишда юксак демократик даражада ўтишини таъминлаш учун барча ҳуқуқий шароитлар яратилган. Фуқароларнинг сайлов жараёни борасидаги ижтимоий-сиёсий фаоллиги Ўзбекистон халқининг ҳуқуқий демократик давлат ва кучли фуқаролик жамияти қуриш бўйича танлаган йўлига содиқлигининг ёрқин далилидир.
Тадбир якунида сайлов жараёнини такомиллаштириш бўйича тегишли таклиф ва тавсиялар қабул қилинди.

Сўз — анжуман қатнашчиларига

Ми Сун ОК, Сайлов органлари бутунжаҳон ассоциацияси котибияти бўлими бош директори:
— Давра суҳбатининг мавзуси Корея Республикаси учун ҳам долзарб ҳисобланади. Сайлов тизимимизнинг, ҳуқуқни қўллаш амалиётимизнинг ўзаро ўхшаш тарафлари жуда кўп. Айнан шу жиҳатдан ҳам ушбу тадбир мен учун қизиқарли ва фойдали бўлди.  
Ўзбекистонда сайлов тизимини ривожлантириш ва такомиллаштириш, шубҳасиз, биз учун ижобий тажриба ҳисобланади. Ўзбекистон Президенти ташаббуси бўйича Конституцияга киритилган тузатишлар, чунончи, мамлакат сайлов қонунчилигига киритилган ўзгартишлар бутун сайлов жараёнининг демократиклигини таъминлайди.
Ўзбекистоннинг ушбу соҳадаги муваффақиятига жамият ҳаётининг барча соҳаларидаги ислоҳотлар имкон берди, деб ҳисоблайман. Ўз навбатида, янги қонунчилик асосида бўлиб ўтадиган сайловлар одамлар ҳаётини янада яхшилашга хизмат қилади.

Хуан Х. Гутиерез АЛОНСО,
Гранада университети профессори (Испания):
— Ўзбекистон сайлов қонунчилигини ривожлантириш бўйича тўғри йўлдан бормоқда, деб ўйлайман. Бу жуда ҳам мураккаб жараён. Конституцияга киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар сайлов тизимини ушбу соҳадаги халқаро стандартлар ва халқаро ҳужжатларга тўлиқ мувофиқ ривожлантиришга хизмат қилади. Сайлов қонунчилигининг конституциявий асослари жуда муҳим аҳамият касб этади, чунки сайлов — бу асосий сиёсий воқеа сифатида мамлакатнинг барча йўналишларда янада тараққий этишига таъсир кўрсатади.

Александр ШЛИК,
ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бюроси эксперти:
— Ўзбекистон Конституциясига киритилган тузатишларга биноан, Марказий сайлов комиссиясига конституциявий мақом берилди. Назаримда, бу жуда ҳам муҳим қадам. Айни пайтда ваколатлар кенгайиши билан бирга, бундай юксак мақом комиссия зиммасига катта масъулият юклайди ва ундан Асосий Қонун даражасида фаолият юритишни тақозо этади. Марказий сайлов комиссияси фаолиятининг мустақиллик, қонунийлик, коллегиаллик, ошкоралик, адолатлиликдан иборат асосий принциплари конституциявий белгилаб қўйилиши ҳам жуда муҳимдир. Аслида улар демократиянинг принциплари ҳисобланади.

Гулноза ИСМАИЛОВА,
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси доценти, юридик фанлар номзоди:
— Давра суҳбати мобайнида сермаҳсул мунозаралар бўлиб ўтди, тадбир сайлов ҳуқуқи соҳасида миллий ва хорижий экспертларнинг ўзаро фикр ва тажриба алмашиш майдонига айланди.
Мамлакатимизнинг эркин демократик сайлов ўтказиш ҳуқуқий асосларини яратиш ва ривожлантириш бўйича тажрибаси ҳам ҳар томонлама таҳлил қилинди. Таъкидланганидек, сайлов қонунчилигини, амалиётини  такомиллаштириш халқаро стандартлардан келиб чиққан ҳолда изчил амалга оширилмоқда. Асосий Қонунимизга киритилган тузатишлар сайлов тизимини янада демократлаштиришга  қаратилган. Фикримча, сайлов кампаниясининг барча босқичларида қонун устуворлиги, адолат, шаффофлик ва ошкоралик каби тамойилларга риоя қилиш муҳимдир.
Тадбир давомидаги маърузалар ва мунозараларни таҳлил қилиб, шундай хулоса чиқариш мумкинки, мамлакатимизда изчил амалга оширилаётган демократик ўзгаришлар, шубҳасиз, стратегик жиҳатдан тўғри танланган ҳуқуқий демократик давлат ва кучли фуқаролик жамияти қуриш бўйича “ўзбек модели”нинг амалий натижасидир.

Қобил ХИДИРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn