Жамиятдаги янгиланишларнинг қонуний пойдевори
  • 16 Ноябрь 2017

Жамиятдаги янгиланишларнинг қонуний пойдевори

Халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган меъёрлари ҳамда илғор хорижий тажриба асосида қабул қилинган, халқимизнинг кўп асрлик урф-одатлари ва анъаналари, тарихий тажрибаси ҳамда хоҳиш-истакларини ўзида мужассам этган Ўзбекистон -Республикасининг Конституцияси мустақил давлатимиз юзи, таъбир жоиз бўлса, мақсадларимизнинг маънавий тимсолидир.

Мустақиллик йилларида Асосий Қонунимизда муҳрлаб қўйилган тамойил ва қоидалар асосида мамлакатимизда миллий қонунчилик тизими яратилди. Бу эса сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ҳамда бошқа соҳаларда амалга оширилаётган самарали ва кенг кўламли ислоҳотларга асос бўлиб хизмат қилмоқда.Ўтган давр мобайнида илғор хорижий тажриба ҳамда демократия тамойилларини янада кенг жорий этиш ва мамлакатни бундан-да ривожлантириш мақсадида Конституциямизга 10 марта ўзгартиш ҳамда қўшимчалар киритилди.

Жумладан, Конституциянинг 32, 78, 93, 98, 103 ва 117-моддаларига киритилган ўзгартиш ҳамда қўшимчалар ҳокимият ва бошқарув тизимини янада демократлаштириш, “Кучли давлатдан — кучли фуқаролик жамияти сари” принципи босқичма-босқич амалга оширилишини таъминлаш, Олий Мажлис палаталарининг давлат ҳокимияти органлари тизимидаги ролини, ички ҳамда ташқи сиёсатнинг стратегик вазифаларини бажаришдаги ҳуқуқ ва ваколатларини кенгайтириш, Вазирлар Маҳкамаси ҳамда ижро этувчи органлар фаолияти устидан қонун чиқарувчи олий органнинг, ҳокимият вакиллик органларининг назорат функцияларини кучайтириш, шунингдек, ҳукуматнинг, маҳаллий ижро ҳокимияти органларининг мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш вазифаларини рўёбга чиқариш борасидаги масъулиятини кучайтиришга қаратилган.

Асосий Қонунимизнинг 18-моддасида олий қадрият сифатида белгиланган инсон ҳуқуқларини таъминлаш -борасида олиб борилаётган ислоҳотлар ҳам алоҳида эътиборга молик. Бунда ўзига хос ўрин тутувчи суд тизимини босқичма-босқич демократлаштириш, суд ҳокимияти мустақиллиги тўғрисидаги конституциявий тамойилга қатъий риоя этилишини -таъминлаш мақсадида Президентимизнинг жорий йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди.

Мазкур Фармонга биноан, тегишли Қонун билан Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 80, 81, 83, 93, 107, 110, 112-моддаларига ўзгартишлар ҳамда қўшимча киритилди. Натижада Олий хўжалик суди ва Олий суд фуқаролик, жиноий, маъмурий ҳамда иқтисодий суд иши юритуви соҳасидаги суд ҳокимияти ягона олий органига — Ўзбекистон Республикаси Олий судига бирлаштирилди. 

Суд-ҳуқуқ тизимида янги институт — Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши жорий этилганлигини ҳам айтиш зарур. Бу кенгашга Ўзбекистон Республикаси Президенти билан келишган ҳолда, ҳарбий судлар, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари судьяларини, туманлараро, туман, шаҳар судлари раисларини ҳамда судьяларини мустақил равишда лавозимга тайинлаш ва лавозимидан озод қилиш ваколати берилди.

Конституциямизда муҳрланган тамойил ҳамда қоидалар қабул қилинаётган қонунлар, Фармон ва қарорларда изчил ривожлантирилмоқда. Буни мамлакатимизда кичик бизнес ҳамда хусусий тадбиркорликни кенг ривожлантириш учун қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш, тадбиркорлик тузилмалари фаолиятига давлат, ҳуқуқни муҳофаза этувчи, назорат идоралари томонидан ноқонуний аралашувларнинг қатъий олдини олиш, иқтисодиётда хусусий мулк улушини ошириш ва унинг кафолатларини таъминлаш борасида қабул қилинаётган ҳужжатларда яққол кўриш мумкин. Хусусан, “Ўзбекистон -Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил тўғрисида”ги Қонун, давлатимиз раҳбарининг “Валюта сиёсатини либераллаштириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони ҳамда “Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармасини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори бу борада дастуриламал бўлиб хизмат қилаётир.

Муҳими, ушбу саъй-ҳаракатларимиз салмоқли натижалар бермоқда ва ютуқларимиз халқаро миқёсда кенг эътироф этилаяпти. Масалан, Жаҳон банкининг 2018 йил учун “Бизнесни юритиш” индикаторлар тизимида юртимиз 190 та давлат ўртасида 74-ўринни эгаллаб, ўтган йилдагига нисбатан 15 поғона юқорилаганлиги барчамизни ғурурлантирди.

Биз эришаётган ютуқ ҳамда марраларда Асосий Қонунимизнинг ўрни ва аҳамияти беқиёс. Шу маънода, ушбу ҳужжатни ардоқлаш баробарида, унинг меъёрлари ҳаётимиздан чуқур ўрин эгаллаши учун бор куч ҳамда имкониятимизни ишга солиш биз, сенаторларнинг ҳам муқаддас бурчи ҳисобланади.

Ш. ЮЛДАШЕВ,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси

Сенати аъзоси.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn