Мақсадли ва изчил фаолият — ютуқлар гарови
  • 24 Май 2014

Мақсадли ва изчил фаолият — ютуқлар гарови

Мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш, парламентимизда қабул қилинаётган ҳуқуқий ҳужжатларнинг аҳамияти, мазмун-моҳиятини аҳоли ўртасида кенг тарғиб қилиш, сайловчилар манфаатларини муҳофаза этишда, шубҳасиз, маҳаллий Кенгашлар депутатларининг ташаббускорлиги, фидойилиги муҳим аҳамиятга эга.

Шу муносабат билан жойларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари фаолиятини кучайтиришга кўмаклашувчи комиссияси томонидан халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари ва уларнинг доимий комиссияларининг фаолияти мониторинги ҳамда маҳаллий Кенгашлар сайловига оид қонунчилик масалалари муҳокамасига бағишланган семинар-тренинглар бўлиб ўтди. Бу ҳақда “Халқ сўзи” мухбирлари хабар беради.   
Андижонда ўтказилган семинар-тренингда маҳаллий Кенгашлар, доимий комиссиялар раислари, ишчи гуруҳлар аъзолари, сиёсий партияларнинг вилоят кенгашлари раҳбарлари иштирок этди.

Семинарда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари ва улар доимий комиссияларининг 2012 йил иккинчи ярмидаги ва 2013 йилдаги фаолияти мониторинги натижалари таҳлил қилинди. Таъкидланганидек, ушбу даврда ҳудуд ижтимоий-иқтисодий ҳаётининг барча соҳаларига тааллуқли 600 дан ортиқ масалалар халқ депутатлари вилоят Кенгаши сессиялари ва доимий комиссиялар йиғилишларида кўриб чиқилган. 
Семинар-тренингда “Соғлом бола йили” Давлат дастурини бажаришда халқ вакилларининг иштироки, мавжуд муаммоларни ҳал этишда депутатлик сўрови ва бошқа ваколатли воситалардан фойдаланиш масаласига алоҳида урғу берилди.

— Ўтган вақт мобайнида ижтимоий аҳамиятга эга 6 та масалани вилоят Кенгаши сессиясига киритдик, — дейди халқ депутатлари вилоят Кенгашининг Қонунийлик, ҳуқуқ-тартибот ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш масалалари доимий комиссияси раиси Тўлқинжон Каримов. — Булар аҳоли турмуш даражасини яхшилаш, ёшлар, хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга йўналтирилгани билан аҳамиятлидир. Ўқув давомида бу борада жойларда олиб борилаётган ижобий тажрибаларни оммалаштириш, ҳудудий муаммоларни ҳал қилишда маҳаллий Кенгашлар доимий комиссиялари ва депутатларнинг доимий назоратга олиниши лозим бўлган жиҳатлар  юзасидан фикрлашиб олинди. Айниқса, қонунчиликдаги сўнгги ўзгаришлар, уларни ҳаётга татбиқ этиш механизмлари тўғрисида берилган фойдали маълумотлар фаолиятимизни самарали ташкил этишда қўл келмоқда.  

Наманган вилоятида бўлиб ўтган семинар-тренингда давлатимиз раҳбарининг Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 21 йиллигига бағишланган тантанали йиғилишдаги маърузасининг аҳамияти, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатлигига номзодлар кўрсатишда сиёсий партияларнинг ролига бағишланган масалалар юзасидан сенаторлар, депутатлар, олимлар ва амалиётчиларнинг маърузалари тингланди.

Қайд этилганидек, сўнгги йилларда Наманганда депутатлар корпусининг фаоллиги сезиларли даражада ошган. Хусусан, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари ҳамда уларнинг доимий комиссиялари фаолиятини тартибга солувчи ва йўналтириб турувчи норматив-хуқуқий ҳужжатларга мувофиқ, ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлаш бўйича аниқ чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилган.

— Ҳозирги кунда доимий комиссиялар халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари иши, жумладан, ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг  ҳудудий дастурларини ишлаб чиқиш ва ижросини ташкил этишда фаол кучга айланди, — дейди халқ депутатлари вилоят Кенгашининг Саноат, транспорт, қурилиш, коммунал ва аҳолига хизматлар кўрсатиш масалалари доимий комиссияси раиси Мухторхон Ҳошимхонов. — Масалан, комиссиямиз томонидан сўнгги бир йил давомида 7 та масала ўрганилиб, бир қатор давра суҳбатлари ва семинар-тренинглар ўтказилди. Саноат соҳасини ривожлантириш, Бандлик дастури ижроси  халқ депутатлари вилоят Кенгаши сессиясида атрофлича муҳокама қилинди.

Фарғонада бўлиб ўтган семинар-тренингда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари сайловини ташкил этиш ва ўтказишнинг қонунчилик асослари, улар ишини юритишда юридик хизматнинг ўрни,  партия гуруҳларининг ўз ваколатларини амалга ошириш имкониятлари каби мавзулардаги маърузалар интерфаол усулда ҳавола қилинди.

Эътироф этилганидек, ўтган давр мобайнида халқ депутатлари вилоят Кенгаши сессиясига сиёсий партияларнинг депутатлик гуруҳлари томонидан кўплаб долзарб масалалар киритилган. Бу маҳаллий Кенгаш ва доимий комиссиялар фаолиятида сезиларли ўсиш кузатилаётганини кўрсатиб турибди. Айниқса, сайловчиларни қабул қилинган қарорлар мазмун-моҳиятидан бохабар этиш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини муҳофаза қилиш борасида муайян тажриба тўпланганини ижобий баҳолаш мумкин.

— Фаолиятимиз давомида ҳар томонлама соғлом ва баркамол авлодни тарбиялаш, ўқувчи ёшларнинг таълим олишларига зарур шарт-шароит яратиш, тиббий хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш, жойларда тадбиркорлик ва кичик бизнесни ривожлантириш, касб-ҳунар коллежлари битирувчилари бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратиб келмоқдамиз, — дейди халқ депутатлари Фарғона шаҳар Кенгашининг Қонунийлик, ҳуқуқ-тартибот ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш масалалари доимий комиссияси раиси Матлубахон Муҳаммедова. — Ушбу масалалар халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг сессияларида танқидий руҳда кўриб чиқилаётир. Бундан ташқари, маҳаллий ҳокимият ижро этувчи органлари раҳбарларининг ҳисоботларини эшитиш амалиётидан ҳам самарали фойдаланилмоқда.

Навоий вилоятида ташкил этилган семинар-тренингда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини аҳолининг барча қатламларига етказишда депутатларнинг ҳиссаси катта экани, айниқса, халқ вакилларининг ўз қарорлари ижросини назорат қилиш борасидаги фаолияти янада мақсадли, таъсирчан ва самарали бўлаётгани таъкидланди. Бу эса халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари ва уларнинг доимий комиссиялари ишида доимий изланиш билан бирга, ўз фаолиятининг қонунчилик асосларини муфассал билиши зарурлигини талаб қилади.

— Семинар давомида парламентимизда қабул қилинаётган ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти билан атрофлича танишдик, — дейди халқ депутатлари Навоий вилояти Кенгаши депутати Холмамат Раупов. — Хусусан, сайлов қонунчилигига киритилган янги нормалар ҳақида батафсил фикрлашдик. Таъкидлаб ўтилганидек, “Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов тўғрисида”ги Қонуннинг 22-моддасига киритилган қўшимча сайлов қонунчилигининг янада такомиллашувига, муносиб номзодларни танлашга, сайловлар жараёнларида тасодифий ёки жамият эътиборига тушмаган юзаки номзодлар иштирокининг истисно этилишига, энг асосийси, кўппартиявийлик ва партиялараро рақобатнинг кескинлашувига, натижада жойларда Кенгашлар салоҳиятининг янада ошишига хизмат қилади.

Жиззах вилоятида бўлиб ўтган семинар-тренингда юртимизда узоқни кўзлаб олиб борилаётган одилона сиёсат туфайли жамият ҳаётининг барча жабҳаларида ижобий ўзгаришлар кузатилаётгани қайд этилди. Шу билан бирга, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, аҳолига муносиб ижтимоий-иқтисодий шарт-шароитлар яратиб беришга қаратилган муҳим дастурлар қабул қилиниши жараёнида маҳаллий Кенгашлар ва уларнинг доимий комиссиялари фаолиятини янада такомиллаштириш муҳим аҳамиятга эга эканлиги таъкидланди. 

— Бугунги кунда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари ҳамда уларнинг доимий комиссиялари фаолияти сезиларли даражада жонланаётир, — дейди халқ депутатлари вилоят Кенгашининг Маҳаллий бюджетни шакллантириш ва ижро этиш, иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш ҳамда тадбиркорликни ривожлантириш масалалари доимий комиссияси раиси ўайрат Қодиров. — Ўтган йили комиссиямиз томонидан, режага мувофиқ, қатор ўрганишлар амалга оширилди. Хусусан,

Дўстлик туманини комплекс ривожлантириш, саноат салоҳиятини ошириш ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини такомиллаштиришга қаратилган устувор вазифалар ижроси атрофлича ўрганилиб, халқ депутатлари вилоят Кенгаши сессияси муҳокамасига киритилди. Натижада мавжуд камчиликларни бартараф қилиш юзасидан аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқилди.

Хулоса ўрнида айтганда, мамлакатимизнинг барча ҳудудларида ўтказилган мазкур семинар-тренингларда юртимизда ҳуқуқий демократик давлат, кучли фуқаролик жамияти барпо этиш, қонун устуворлигини таъминлаш ҳамда фуқаролар манфаатларини муҳофаза қилиш борасида фикр алмашилиб, бу борада халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари фаолияти таъсирчанлигини кучайтириш, қабул қилинган қарорларни ўз вақтида амалга ошириш юзасидан таклифлар билдирилди.

Вилоят мухбирлари материаллари асосида тайёрланди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn