Шавкат Мирзиёев ҳудудлар раҳбарлари бизнес ҳамжамиятининг ассоциациясини таъсис этишни таклиф қилди
  • 11 Ноябрь 2017

Шавкат Мирзиёев ҳудудлар раҳбарлари бизнес ҳамжамиятининг ассоциациясини таъсис этишни таклиф қилди

Президент Шавкат Мирзиёев Самарқандда ўтган “Марказий Осиё: ягона тарих ва умумий келажак, барқарор ривожланиш ва тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик” мавзусидаги халқаро конференцияда сўзлаган нутқида минтақалар ўртасида иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантириш лозим эканини қайд этди.

Давлат раҳбари савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш ва товар айирбошлаш ҳажмини ошириш ҳамда кооперацияни мустаҳкамлаш учун қулай шароитлар яратиш лозим эканини таъкидлади.

– Минтақавий иқтисодий форумни ташкил этиш бу йўналишдаги амалий қадам бўлиши мумкин, – деди Давлат раҳбари. – Бу ўринда гап бизнес ҳамжамиятлари ўртасида бевосита мулоқот ва ўзаро савдо-иқтисодий, сармоявий ва инновацион ҳамкорлик борасидаги аниқ лойиҳаларни атрофлича муҳокама қилиш ҳақида бормоқда. 

Президентнинг сўзларига кўра, минтақа мамлакатлари ишбилармон доиралари ҳамда етакчи корхоналар вакиллари билан бир неча бор ўтказилган учрашувлар иқтисодий алоқаларни сезиларли равишда фаоллаштириш ва ўзаро савдо ҳажмини ошириш имконини берган. Хусусан, йил бошидан буён Ўзбекистоннинг минтақа мамлакатлари билан товар айланмаси ўртача 20 фоиз, айрим давлатлар билан эса қарийб 70 фоизга ўсган. 

"Минтақалараро ҳамкорлик масаласига алоҳида эътибор қаратилиши лозим. Шу муносабат билан Марказий Осиё давлатларининг ҳудудлар раҳбарлари (ҳокимлари) бизнес ҳамжамиятининг ассоциациясини таъсис этишни таклиф қиламан. 

БМТ экспертларининг ҳисоб-китобларига кўра, Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги самарали кооперация алоқалари 10 йил мобайнида минтақавий ялпи ички маҳсулотни камида икки баробар ошириш имконини берган бўлар эди. 

Ушбу механизмлар бутун Марказий Осиёда барқарор ривожланишни таъминлаган ҳолда, мамлакатларимиз ҳудудларининг саноат, инвестиция ва интеллектуал соҳалардаги салоҳиятини тўла ишга солиш имконини беришига ишонаман", – деган Президент Мирзиёев.

Эслатиб ўтамиз: Президент Шавкат Мирзиёев мазкур халқаро конференцияда муносиб келажакни таъминлаш учун бугун бажарилиши лозим бўлган олтита устувор вазифаларга тўхталган эди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn