Ўзбекистон — Жанубий Корея: Сиёсий муносабатлар истиқболлари
  • 10 Ноябрь 2017

Ўзбекистон — Жанубий Корея: Сиёсий муносабатлар истиқболлари

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти, “Тараққиёт стратегияси” маркази, Халқаро муносабатлар ахборот-таҳлил маркази ҳамда Савдо-саноат палатаси вакилларидан иборат делегация Корея Республикасига амалий ташриф билан борди. Ташрифдан кўзланган мақсад мамлакатимизда 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси асосида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини Корея Республикасининг сиёсатга дахлдор доираларига етказишдан иборат эди.

Ўзбекистон Республикасининг Сеулдаги элчихонаси кўмагида Чэджу тинчлик институти, Ханянг университетининг Осиё — Тинч океани тадқиқотлари маркази ва Кукмин университетида давра суҳбатлари ўтказилиб, уларда Ҳаракатлар стратегиясида Ўзбекистон Республикасининг ички ҳамда ташқи сиёсати бўйича белгиланган устувор йўналишлар ҳақида маълумот берилди.

Мамлакатимизда Ҳаракатлар стратегиясининг ҳаётга татбиқ этилиши тўғрисидаги холис ва асосланган ахборот тақдим қилинди. Хусусан, давлат ҳамда жамият бошқаруви ва суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилишнинг янги босқичи хусусида сўз юритилиб, иқтисодиётни либераллаштириш, валютани тартибга солиш ҳамда банк фаолиятининг бозор механизмларини жорий этиш, тадбиркорлик ва инвестициявий муҳитни яхшилаш, туризмни ривожлантириш каби соҳаларда олиб борилаётган чора-тадбирлар таҳлил қилинди.

Асосий эътибор Ўзбекистон раҳбариятининг ташқи сиёсатдаги ёндашуви, Тошкентнинг янгича минтақавий сиёсати, шунингдек, халқаро ҳамкорлик ҳамда минтақавий хавфсизликнинг долзарб масалалари бўйича позициясига қаратилди.

Жанубий кореялик экспертларнинг чиқишларида Ўзбекистоннинг очиқ, прагматик ва -мутаносиб ташқи сиёсатига, кенг кўламли демократик ўзгаришлар ҳамда бозор -ислоҳотларига юксак баҳо берилди.

Жумладан, Чэджу тинчлик институти президенти Су Чунг Ха “Президент Шавкат Мирзиёевнинг кўп жиҳатларни қамраб олган дастури Ўзбекистоннинг келгусида янада муваффақиятли ривожланишини таъминлайди”, деб ишонч билдирди. У корейс-ўзбек муносабатлари юқори савияга кўтарилгани ва олий даражадаги алоқаларнинг жадал суръатини эътироф этиб, Ўзбекистон Президентининг Корея Республикасига бўлажак ташрифи ҳам ана шундан далолат беришини таъкидлади. Унинг фикрича, иқтисодиётни ривожлантириш ҳамда диверсификациялашда Корея Республикаси Ўзбекистоннинг етакчи шерикларидан бири бўлиб қолади. Жанубий Корея компаниялари Ўзбекистон бозоридаги иштирокини янада мустаҳкамлаш ва мамлакат тараққиётига бундан ҳам кўпроқ ҳисса қўшишни мақсад қилган.

Институтнинг тадқиқотлар бўлими директори Хань Интаек шуни қайд этдики, Ўзбекистон раҳбарияти очиқ иқтисодиёт ҳамда чуқур ўйланган ва мувофиқлашган ташқи сиёсат юритмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев томонидан белгилаб олинган иқтисодий тараққиёт йўли мамлакат иқтисодиётини саноатлаштириш ҳамда диверсификация қилишни давом эттириш, шунингдек, уни интернационаллаштиришга асосланган. “Ушбу аниқ дастур минтақавий хавфсизлик ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш билан бирга, Жанубий Корея учун яхши ишорадир. У Ўзбекистонда корейс бизнеси учун янги имкониятларни тақдим қилади”, деди Хань Интаек. Шунингдек, Ўзбекистон иқтисодиётининг афзалликлари, яъни бюджет мутаносиблиги ҳамда катта миқдордаги ташқи қарзларнинг йўқлиги хорижий сармоядорлар нуқтаи назаридан жуда муҳим эканлигига эътибор қаратди. “Ўзбекистон етакчисининг иқтисодиётни модернизациялаш ва халқ фаровонлигини оширишга йўналтирилган янги тенденция ҳамда ғояларга бўлган муносабати”ни у Ўзбекистон ривожидаги йирик ресурс, деб атади.

Ханянг университетининг Осиё — Тинч океани тадқиқотлари маркази директори Ом Гу Хо эътироф этишича, Жанубий Корея ва Ўзбекистоннинг сиёсий ҳамда амалий муносабатлари Президент Мун Чжэ Ин томонидан Евросиё мамлакатлари билан ўзаро -ҳамкорликни мустаҳкамлаш ташаббусининг илгари сурилишига мувофиқ равишда сезиларли салоҳиятга эга. “Корея Республикаси Марказий Осиё мамлакатлари билан ҳамкорликда бой тажриба тўплаган ва шу боис Марказий Осиё Жанубий Кореянинг Евросиёга “кириб бориши”да муқобил йўл бўла олади”, деди у. Чунки Россия ҳамда -Хитой билан яхши муносабатларни ўрнатган мазкур минтақа давлатлари Корея -Республикасининг Евросиё мамлакатлари билан ҳамкорлигида катта роль ўйнаши мумкин.

Ана шундай шароитни ҳисобга олсак, Ўзбекистонда ўтказилаётган жадал ислоҳотлар ва Марказий Осиё билан минтақавий яқинлашув истиқболлари корейс бизнеси учун Ўзбекистонда ҳамда умуман, минтақада янада фаоллашиш имкониятини оширади.

Шу маънода, Ом Гу Хо томонидан билдирилган: “Бизга янги лойиҳа ва дастурлар, янги Сурғил керак”, деган фикр-мулоҳазалари Жанубий кореялик ишбилармон ҳамда эксперт доираларининг кайфиятини аниқ акс эттирди. Жанубий кореялик мутахассислар ҳар икки давлат иштирокида доимий фаолият юритувчи экспертлар кенгашини тузиш таклифини билдирди. Бу мунтазам учрашувлар, давра суҳбатлари, семинар ва анжуманлар шаклида бўлади ҳамда иқтисодиёт, савдо, инвестиция, юқори технологиялар каби соҳаларда икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантиришга хизмат қилади.

Делегациянинг Корея Республикасига ташрифи доирасида, шунингдек, алоҳида автоном ҳудудга эга Чэджу провинцияси губернатори Вон Хи Рёнг билан ҳам учрашув бўлиб ўтди. Губернатор Ўзбекистоннинг минтақавий барқарорлик ва хавфсизликни таъминлашдаги ролини эътироф этди. У мамлакатимизда изчил амалга оширилаётган кенг кўламли янгиланиш жараёнини юқори баҳолади. Ҳаракатлар стратегиясининг қабул қилиниши эса янги ҳамда жадал тараққиёт босқичига ўтган Ўзбекистоннинг халқаро ҳамжамият учун очиқлигини яна бир бор намойиш этганлигини таъкидлади.

Вон Хи Рёнг Ўзбекистонда туризмни ривожлантириш бўйича қабул қилинаётган дастурлар ва чора-тадбирларга алоҳида эътибор қаратди ҳамда бу, албатта, мамлакатнинг сайёҳлик салоҳиятини юксалтиришга хизмат қилишини таъкидлади. Шу муносабат билан губернатор Корея Республикасининг ушбу соҳадаги тажрибасини ҳисобга олган ҳолда, Чэджу провинцияси ва Самарқанд вилояти ўртасида ҳамкорлик ўрнатиш, истиқболли -лойиҳаларни биргаликда рўёбга чиқариш таклифини билдирди. Шу ўринда таъкидлаш жоизки, аҳолиси 605 минг кишидан иборат бўлган Чэджу провинциясига бир йилда 10 миллион нафардан зиёд сайёҳлар ташриф буюради.

Корея Республикасининг Кичик бизнес институтида бўлиб ўтган учрашувда эса КОСБИ ҳамда Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ўртасида ҳамкорлик ўрнатиш ҳақидаги келишувга эришилди. Мазкур ҳамкорлик кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, ишбилармонлик ҳамда инвестициявий муҳитни яхшилаш, аҳолини тадбиркорлик фаолиятига ўргатиш масалалари бўйича тажриба -алмашишни кўзда тутади.

Институт президенти Ли Жун Хо Ўзбекистон раҳбарияти томонидан олиб борилаётган тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш сиёсатига юқори баҳо берди. Таъкидландики, Жаҳон банки томонидан “Бизнесни юритиш — 2018” рейтингида Ўзбекистоннинг ишбилармонлик муҳитини яхшилаш бўйича дунёдаги етакчи давлатлар ўнталигига киритилганлиги тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини яратиш йўлидаги амалий чора-тадбирлар самарадорлиги, шунингдек, мамлакатдаги қулай ишбилармонлик муҳити тан олинганини ифодалайди.

Ўтказилган учрашув ҳамда музокаралар якунида иштирокчилар мазмунли амалий ташриф учун Ўзбекистон вакилларига миннатдорлик изҳор қилишди. Бундай тадбирлар ҳар икки мамлакат учун ўзаро манфаатли, конструктив ва кўп қиррали муносабатларни изчил ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эга эканлиги таъкидланди.

Аваз ҲАМРОЕВ,

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти етакчи илмий ходими.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn