Бирламчи тиббий-санитария ёрдами: муаммолар атрофлича муҳокама қилинди
  • 08 Ноябрь 2017

Бирламчи тиббий-санитария ёрдами: муаммолар атрофлича муҳокама қилинди

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида “Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятини ташкил этиш: ютуқлар, муаммолар ва уларнинг ечими” мавзуида давра суҳбати ўтказилди.

Парламент қуйи палатаси ҳузуридаги Аҳолига тиббий хизмат кўрсатишни ва дори воситалари таъминотини янада яхшилаш, ушбу соҳадаги қонунчиликни амалиётга самарали татбиқ қилиш борасидаги ишларни мувофиқлаштириш бўйича комиссия аъзолари, Соғлиқни сақлаш вазирлиги масъуллари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари ҳузуридаги ҳудудий тиббиёт комиссиялари раҳбарлари, тегишли вазирлик ва идоралар вакиллари иштирок этган тадбирда бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўрсатиш йўналишидаги ислоҳотларнинг ижроси самарадорлигини таъминлаш, ушбу тизимда жорий этилган депутатлик, парламент ва жамоатчилик назоратининг бугунги ҳолати ҳамда унинг натижалари кенг муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, аҳолига кенг кўламда бирламчи тиббий-санитария ёрдами ўз вақтида ва сифатли кўрсатилишини таъминлаш мақсадида 793 қишлоқ врачлик пункти негизида қишлоқ оилавий поликлиникаси ҳамда 441 тез тиббий ёрдам шохобчаси ташкил этилди. Шифокорларга фаолияти тугатилган 658 қишлоқ врачлик пункти бинолари хизмат уйи сифатида фойдаланиш учун берилди. 126 та қишлоқ врачлик пункти, 180 та оилавий поликлиника зарур тиббий асбоб-ускуналар билан таъминланди. Қишлоқ оилавий поликлиникаларида 5 турдаги тор соҳа мутахассислари фаолияти йўлга қўйилди. Жорий йилда олий ўқув юртларининг бакалавриатура босқичини битирган 3 мингдан зиёд ёш мутахассиснинг 74 фоизи бирламчи тизимда фаолият юритмоқда. Тиббиёт муассасалари фаолиятига замонавий ахборот технологиялари кенг жорий этилаётгани аҳолига кўрсатилаётган хизматлар сифатини замон талаблари даражасига кўтаришда муҳим омил бўлаётир. 

Давра суҳбатида тиббий хизмат кўрсатиш сифатини яхшилашда парламент ва жамоатчилик назоратининг ўрни танқидий таҳлил этилди. Соҳада амалга оширилаётган ижобий ишлар билан бир қаторда, ечимини кутаётган айрим камчилик ва муаммолар  мавжудлиги қайд этилди. Мисол учун, айрим вилоятларда, хусусан, Наманган, Самарқанд, Фарғона, Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларида бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларини умумий амалиёт шифокорлари, рентгенологлар, лаборант ва бошқа тор соҳа мутахассислари билан таъминлаш кўрсаткичи пастлигича қолаётгани, бир неча оилавий поликлиникаларда ижтимоий дорихоналарнинг ташкил этилмагани, республика бўйича 1900 дан зиёд тез тиббий ёрдам бригадалари зарур тиббий асбоб-ускуналар билан тўлиқ таъминланмаган. Баъзи тиббиёт ходимлари масъулиятсизлиги, ўз ишига нисбатан бефарқлиги натижасида патронаж ва тез ёрдам хизмати тўлақонли олиб борилмаяпти. 

Шунингдек, ҳудудларда бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари раҳбарларининг жамоатчилик олдида ҳисобот бериш тизими тўлиқ ишламаётгани, жойлардаги тиббиёт муассасалари фаолиятини бевосита ва чуқур ўрганиш ташкил этилмаётгани, маҳаллий Кенгашлар сессияларида тиббиётга оид муаммоларнинг тизимли равишда муҳокама қилинмаётгани сабаблари очиқ-ойдин айтиб ўтилди. Бу ҳақда тегишли масъуллар ўз муносабатини билдирди. 

Тадбир иштирокчилари мавжуд муаммолар ва уларни ҳал этиш чораларига алоҳида тўхталиб, тиббий хизмат сифатини янада ошириш масалалари юзасидан ўз таклиф-мулоҳазаларини билдирди.

Якунда тегишли тавсиялар ишлаб чиқилди.

 

Зиёда АШУРОВА.

 

 

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn