Ижтимоий-иқтисодий тараққиётимизнинг асосий манбаи
  • 03 Ноябрь 2017

Ижтимоий-иқтисодий тараққиётимизнинг асосий манбаи

 

Аввал хабар қилинганидек, Олий Мажлис Қонунчилик палатасида бўлиб ўтаётган сиёсий партиялар фракцияларининг навбатдаги йиғилишларида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг ўтган уч чоракдаги ижроси муҳокама этилмоқда.

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракцияси аъзолари ушбу ҳисоботни атрофлича кўриб чиқаркан, Ҳаракатлар стратегиясини “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурида белгиланган устувор вазифаларнинг изчил рўёбга чиқарилиши натижасида мамлакат иқтисодиёти барқарор суръатда ривожланаётганини таъкидладилар. Хусусан, саноат ва хизматлар кўрсатиш тармоқларига алоҳида эътибор қаратиш  эвазига субвенцияга қарам туманларни камайтириш, маҳаллий бюджетларнинг даромад қисмини мустаҳкамлаш масалалари ўтган тўққиз ой давомида Давлат бюджети ижросининг устувор йўналишларидан ҳисобланди.

Депутатлар сўнгги пайтларда мамлакатимизда валюта сиёсати ва ташқи савдо фаолияти соҳасини такомиллаштириш бўйича олиб борилаётган ислоҳотларни юқори баҳоладилар. Бу борадаги амалий саъй-ҳаракатлар  қулай инвестициявий муҳитни яратиш, экспорт салоҳиятини юксалтириш, айниқса, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг равнақ топишига хизмат қилаётир. Президентимизнинг 2017 йил 2 сентябрдаги “Валюта сиёсатини либераллаштириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони, аввало, амалдаги валютани тартибга солиш тизимини тубдан ислоҳ қилишда ва барча тадбиркорлик субъектини ташқи савдо фаолиятини амалга ошириши учун тенг шароитлар билан таъминлашда муҳим ўрин тутмоқда. 

Қайд этилганидек, ҳисобот даврида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш дастури доирасидаги ишлар самарасида микрофирма ҳамда кичик корхоналарнинг ишлаб чиқариш ҳажми 105,6 фоиз ўсди. Ўз навбатида, улар томонидан тўланадиган ягона солиқ тўлови миқдори ошди.

Мамлакатимиз иқтисодиётининг муҳим тармоқларидан бири — қишлоқ хўжалигида олиб борилган ишлар ҳам фракция аъзолари томонидан қизғин муҳокама этилди. Зотан, бугунги кунда ушбу секторда 3,6 миллиондан ортиқ кишилар меҳнат қилмоқда. Қишлоқ хўжалигининг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 17,2 фоизни ва йиллик ўсиш суръати 6-7 фоизни ташкил этади. Шу билан бирга, республикамизда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлашни кенгайтириш юзасидан ҳам қатор чора-тадбирлар ҳаётга татбиқ қилинаяпти. Хусусан, истеъмол товарлари соҳасида 63 та лойиҳани рўёбга чиқариш ишлари бошлаб юборилди. Улар ҳисобига ҳар йили 140,7 минг тонна мева-сабзавот ва 10,2 минг тонна гўшт-сут маҳсулотларини қайта ишлаш имконияти юзага келади.

Фуқароларнинг шахсий ёрдамчи хўжаликларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, қорамол, қўй, қуён парваришлаш, паррандачилик ва асаларичиликни ривожлантириш, ихчам иссиқхоналар ташкил этиш лойиҳалари доирасида 285 минг 400 та иш ўрни очилганига  депутатлар эътибор қаратдилар. Умуман, хусусий сектор ривожи мамлакатимизда тадбиркорлар ва фермерлар эркинлигини таъминлаш учун нафақат иқтисодий, балки ташкилий, ҳуқуқий шароит ҳамда кафолатлар кўлами кенгайиб, мазкур қатлам фаолиятини ҳар томонлама рағбатлантиришдаги мавжуд тўсиқлар бартараф этилаётганидан далолат беради. 

Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси йиғилишида эса Давлат бюджетидан ижтимоий соҳа ривожи учун 54,8 фоиз миқдорида маблағ сарфланганига урғу берилди. Ўтган тўққиз ойда қариялар ва ногиронлар санаторийлари ҳамда интернат уйлари учун 65 млрд. сўм, ногиронлар реабилитация марказларига 14,2 млрд. сўм ажратилиб, 85 минг нафардан зиёд фуқароларга ижтимоий хизматлар кўрсатилгани эътироф этилди. 

Ўз навбатида, партия дастурий мақсадларидан келиб чиқиб, фракция аъзолари томонидан муҳокама давомида қатор савол ва таклифлар ўртага ташланди. Жумладан, Давлат бюджети ҳамда давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2017 йилдаги ярим йиллик ижроси тўғрисидаги ҳисоботда ёлғиз кекса, пенсионер ва ногиронлар учун 1 минг 625 та махсус аравача, 300 дан зиёд эшитиш мосламалари етказилгани ҳақида маълумот берилган эди. Лекин депутатлар ҳудудларда бўлганида, ногиронлар аравачаларининг сифатсизлиги, эшитиш мосламаларининг алоҳида ёшларга мўлжалланмагани билан боғлиқ эътирозларга дуч келишди. Шундан келиб чиқиб, фракция аъзолари Давлат бюджетидан ижтимоий -ҳимояга ажратилаётган маблағлар сифатсиз маҳсулотларга сарфланишининг олдини олиш ва бу борадаги назоратни кучайтириш зарурлигини таъкидладилар.

Давлат бюджетининг ижроси юзасидан берилаётган ҳисоботларда белгиланган режа бўйича амалга оширилган ишларга оид фактларни янада аниқроқ келтириш таклиф этилди.

Фракциялар йиғилишлари якунида кўрилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

Фарида МАҲКАМОВА.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn