Ўзбек — Қирғиз — Хитой дўстлик карвони
  • 03 Ноябрь 2017

Ўзбек — Қирғиз — Хитой дўстлик карвони

Жорий йилнинг 30 октябрь — 3 ноябрь кунлари “Ўзбекистон — Қирғизистон — Хитой” автомобиль йўлагининг шаклланиши доирасида умумий узунлиги 900 километрдан зиёд масофани ташкил қиладиган Тошкент — Андижон — Ўш — Иркиштом — Қошғар йўналиши бўйича биринчи халқаро автокарвоннинг сафари амалга оширилди.

Ушбу лойиҳа Тошкентдан бошланиб, Андижон, Ўш, Қирғизистон — Хитой чегарасидаги Иркиштом қишлоғи орқали ХХР Синьцзян — Уйғур мухториятининг Қошғар шаҳрига элтадиган йўналишда уч давлат ўртасида автомобиль воситасидаги юк ташувларни кўзда тутади. Бу Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев, Қирғизистон Республикаси Президенти Алмазбек Атамбоев ва Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин ўртасидаги келишув асосида рўёбга чиқарилмоқда.  

Тошкентда мазкур биринчи автокарвоннинг йўлга тушиши муносабати билан расмий маросим бўлиб ўтди ва тўққизта автопоезд карвони (ҳар бир иштирокчи мамлакатдан 3 тадан машина) юртимиз пойтахтидан жўнаб кетди. 30 октябрь куниёқ карвон Ўзбекистон — Қирғизистон давлат чегарасидан ўтиб, Ўшга етиб борди. Автокарвон 31 октябрнинг эрта тонгида Иркиштом йўналиши бўйлаб сафарини давом эттирди. Ажойиб табиат манзараси Талдиқ довони ва Олойнинг қорли тоғ чўққиларини ортда қолдириб, кун ярмида Иркиштомга кириб борди. Қош қорайган паллада эса халқаро автокарвонни кўҳна Қошғар қарши олди. 

Ташкил этилаётган Тошкент — Андижон — Ўш — Иркиштом — Қошғар йўлаги доирасида иштирокчи уч мамлакатнинг катта ҳажмли юк автомобилларига хизмат кўр-сатиш вазифаси юклатилган “Қошғар” эркин иқтисодий зонаси ҳудудида бу тарихий воқеага бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди. 

ХХР транспорт вазирининг ўринбосари Лю Сяомин мураккаб йўлни муваффақиятли босиб ўтгани ҳамда Марказий Осиё учун тарихий аҳамиятга молик бўлган ушбу улкан лойиҳанинг ишга туширилиши билан дўстлик карвонининг қатнашчиларини самимий қутлади. 

— Автокарвон Хитой, Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасида уч мамлакат халқларининг фаровонлиги йўлида транспорт соҳасидаги ҳамкорликнинг янги босқичини бошлаб берди, — деди у. — Узоқ кутилган мазкур транспорт йўлагининг фойдаланишга топширилгани давлатларимизнинг шу пайтга қадар сафарбар этилмаган салоҳиятларидан янада самарали фойдаланишга, улар ўртасидаги савдо ҳажмларини сезиларли даражада оширишга кўмаклашади. 

Шарқий ва Жануби-Шарқий Осиёда автомобиль транспорти халқаро иттифоқи ваколатхонасининг раҳбари (қароргоҳи Пекинда) Цу Пеньчен “Жаҳон” ахборот агентлиги мухбири билан суҳбат чоғида ушбу янги йўналишнинг очилиши Хитой, Қир-ғизистон ва Ўзбекистон ўртасидаги алоқаларнинг мустаҳкамланишида том маънодаги муҳим воқеа ҳисобланади, дея таъкидлади. “Мазкур транспорт йўлагининг фаолият кўр-сатиши Хитой ҳамда Марказий ва Fарбий Осиё мамлакатларининг бозорлари ривожига кучли туртки бериши баробарида, бу мамлакатларнинг янада тараққий топишига ҳамда минтақада тинчлик ва барқарорликнинг мустаҳкамланишига ўзининг ижобий таъсирини кўрсатади”.  

ХХР Тижорат вазирлиги Шарқий Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Лю Шейсун  кейинги пайтларда Ўзбекистон — Хитой муносабатлари қўшма иқтисодий лойиҳаларни ҳаётга татбиқ қилиш борасида янги ўсувчанлик касб этганини айтиб ўтди. 

— Янги йўлакнинг очилгани Хитойнинг нафақат Ўзбекистон билан, балки Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатлари билан ҳам ўзаро савдо-иқтисодий муносабатларини ривожлантиришда алоҳида аҳамиятга эгадир, — деди у. — Бу лойиҳа “Бир макон, бир йўл” ташаббусининг амалдаги ифодаси бўлиб хизмат қилади. Ушбу йўлак шарофати билан Ўзбекистон маҳсулотлари ҳам юк ташувнинг анча паст таннархида тўғридан-тўғри Хитой бозорига кириб келади.

Қирғизистон автомобиль ва сув транспорти агентлиги директорининг ўринбосари Арслан Касимали-уулу мазкур  автокарвонни муваффақиятли ташкил қилгани учун Ўзбекистон томонига миннатдорлик билдирди. 

— Мазкур лойиҳа давлатларимиз раҳбарларининг сиёсий хоҳиш-иродалари ва шахсий саъй-ҳаракатлари туфайли амалга ошди, — деди у. — Умид қиламизки, қайта тикланаётган Буюк Ипак йўлининг бу тармоғи узоқ йиллар мобайнида фаолият кўрсатади ва бошқа мамлакатларнинг юк ташувчилари ҳам бу йўлакдан фойдаланишлари мумкин бўлади.

Б. ЭРГАШЕВ, 

А. ИЛЁСОВ,

«Жаҳон» АА.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn