Давлат бюджети ижроси — депутатлар муҳокамасида
  • 02 Ноябрь 2017

Давлат бюджети ижроси — депутатлар муҳокамасида

 

Мамлакатимизни яқин беш йил мобайнида бешта устувор йўналиш бўйича жадал суръатда ривожлантиришга қаратилган Ҳаракатлар стратегиясидаги мақсад ва вазифаларни рўёбга чиқаришда, ижтимоий-иқтисодий барқарорликни мустаҳкамлашда асосий молиявий ҳужжат — Давлат бюджетининг муҳим ўрни бор.

Шу кунларда Олий Мажлис Қонунчилик палатасида бўлиб ўтаётган сиёсий партиялар фракциялари йиғилишларида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ҳамда давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг жорий йил тўққиз ойлигидаги ижроси депутатлар томонидан қизғин муҳокама қилинмоқда.

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси йиғилишида қатор вазирлик ва идоралар раҳбарлари, экспертлар, мутахассислар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.

Маълумки, шу йилнинг 14 январида Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисида Президентимиз томонидан иқтисодиётнинг юқори ўсиш суръатларини сақлаб қолиш, фаол инвестиция сиёсатини юритиш, экспорт салоҳиятини ошириш, ҳудудларни комплекс ҳамда жадал тараққий топтириш борасида белгилаб берилган устувор вазифаларнинг бажарилиши натижасида ўтган тўққиз ойда ялпи ички маҳсулот ҳажми 105,3 фоиз ўсди. Саноат, қишлоқ хўжалиги, хизматлар соҳасида барқарор ривожланиш кузатилди. Биргина тайёр тўқимачилик ва тикув-трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш тармоқлари учун 32 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестициялар жалб этилиб, юзлаб иш ўринлари яратилди.

Умуман олганда, ҳисобот даврида Давлат бюджети тасдиқланган параметрларга мувофиқ амалга оширилиб, ялпи ички маҳсулотга нисбатан 0,1 фоиз миқдорда профицит билан бажарилган.

Фракция аъзолари шулар хусусида сўз юритар экан, Давлат бюджети харажатларининг ижтимоий йўналтирилганини алоҳида айтиб ўтишди. Жумладан, республикамизда мавжуд 300 дан ортиқ илмий-тадқиқот марказлари, илмий-ишлаб чиқариш ташкилотлари ҳамда инновацион марказлар учун 171 миллиард сўмлик маблағ сарфланди.

Айни пайтда шаҳар ва қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар асосида арзон уй-жойларни қуриш, йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий инфратузилмани модернизациялаш борасидаги кенг кўламли ишлар халқимиз турмуш даражасини юксалтириш имконини бермоқда.

Йиғилишда мамлакатимизда ишлаб чиқариш ҳамда экспорт ҳажмининг изчил ошаётгани, аҳоли харид қобилиятининг тобора ортиб бораётгани ялпи ички маҳсулотнинг ўсишида ҳал қилувчи аҳамият касб этаётгани таъкидланди. Айниқса, иқтисодиётни диверсификация қилиш ва таркибий ўзгартириш, ишлаб чиқаришга энг илғор технологияларни жорий этиш орқали уни модернизациялаш жаҳон майдонида миллий иқтисодиётнинг рақобатдошлигини кучайтиришга хизмат қилмоқда. Буларнинг барчаси “Миллий тикланиш” демократик партиясининг дастурий мақсадларига уйғундир.

Депутатлар бюджетлараро муносабатларни янада такомиллаштириш орқали маҳаллий бюджетларнинг даромад қисмини мустаҳкамлаш, шунингдек, маҳаллий давлат ҳокимияти ҳамда бошқаруви органлари томонидан мавжуд имкониятлар ва резервлардан самарали фойдаланиш масалаларига алоҳида эътибор қаратиш лозимлигини таъкидладилар.

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фракцияси йиғилишида қайд этилганидек, ҳисобот даврида ижтимоий соҳани молиялаштириш учун Давлат бюджетидан умумий харажатларнинг 54,8 фоизи миқдорида маблағ сарфланган. Бу ялпи ички маҳсулотга нисбатан 11,4 фоизни ташкил қилади.

Хусусан, биринчи навбатда, таълим-тарбия тизимидаги ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, ўқув муассасаларининг моддий-техника базасини кучайтириш масалаларига аҳамият қаратилгани фракция аъзолари томонидан эътироф этилди. Бинобарин, ижтимоий харажатларнинг 59,5 фоизи таълим тизими муассасаларини сақлаш ҳамда уларни ривожлантиришга йўналтирилган. Мактабгача таълим тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари учун ҳам салмоқли миқдорда маблағ ажратилган.

Шунингдек, “Адолат” СДП сайловолди дастуридан ўрин олган, аҳолининг сифатли тиббий хизматдан баҳраманд бўлишини таъминлаш, соҳани давр талабларига ҳамоҳанг равишда равнақ топтириш мақсадларига йўналтирилган тегишли маблағлар ижроси ҳам депутатлар диққат-эътиборида бўлди. Соғлиқни сақлаш муассасаларини замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозлаш баробарида, турли касалликлар профилактикаси борасидаги амалий ишлар таҳлил қилинди.

2017 йилнинг тўққиз ойида айнан профилактика хизматлари учун соҳага ажратилган маблағларнинг 31,1 фоизи сарфланган. Бундан ташқари, давлатимиз раҳбарининг “Аҳолини дори воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлаш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида фуқароларга арзон нархларда зарур дори-дармонларни етказиб бериш йўлга қўйилди ҳамда бунинг учун Давлат бюджетидан тақсимланган маблағлар 2016 йилнинг мос давридагига нисбатан 1,9 баробар ортди.

Муҳокама жараёнида фракция аъзолари тиббий хизматлар кўлами ва сифатини оширишга қаратилган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар доирасида ўтган уч чоракда юртимизда хусусий тиббиёт муассасалари сезиларли даражада кўпайиб, улар сони 3 минг 860 тадан ошгани, тез тиббий ёрдам станцияси ҳамда кичик станциялар 2 минг 100 тага етганини айтиб ўтдилар. Шу билан бирга, бюджет маблағларининг соғлиқни сақлашни ривожлантириш бўйича мақсадли сарф этилиши устидан самарали парламент назоратини ўрнатиш зарурлигига урғу берилди.

Фракциялар йиғилишлари якунида кўрилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

Фарида МАҲКАМОВА.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn