Туркия Буюк миллат мажлиси Спикери: "Ўзбекистон ўз минтақасида ва дунёда салоҳияти юксак давлат ҳисобланади"
  • 02 Ноябрь 2017

Туркия Буюк миллат мажлиси Спикери: "Ўзбекистон ўз минтақасида ва дунёда салоҳияти юксак давлат ҳисобланади"

 

Аввал хабар қилинганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Туркия Республикасига амалга оширган давлат ташрифи чоғида ушбу мамлакат олий қонун чиқарувчи органи — Буюк миллат мажлисида ҳам бўлиб, унинг Спикери Исмоил Қаҳрамон билан учрашди.

Мазкур учрашув ниҳоясига етганидан сўнг Туркия Буюк миллат мажлиси Спикери “Жаҳон” ахборот агентлигининг Анқарадаги мухбири саволларига жавоб берди.

Қуйида мазкур суҳбатнинг матни  эътиборингизга ҳавола этилади.

— Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркияга давлат ташрифи икки қардош мамлакат ўртасидаги муносабатларни янада ривожлантиришда қандай аҳамият касб этиши ҳақида фикрларингизни билишни истар эдик... 

— Бизнинг илдизларимиз бир, қадим замонлардан тарихимиз, эътиқодимиз, имонимиз бир.

Ўзбекистон ўз минтақасида ва дунёда салоҳияти юксак давлат ҳисобланади. Республикангиз жаҳонда хавф-сизлик ҳамда барқарорликни таъминлаш борасида муҳим аҳамиятга эга мамлакатдир. Шундай бир давлатнинг муҳтарам Президенти бизнинг мамлакатга ташриф буюрганидан беҳад мамнунмиз. Бу ташриф биз учун узоқ кутилган тарихий воқеа бўлди. 

Ишончим комилки, Президент Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийлари тимсолида бутун Ўзбекистон биз билан ўзаро алоқаларни мустаҳкамлайди, дўстлигимиз чуқурлашади. Бу эса, ўз навбатида, нафақат икки халқнинг, балки минтақаларимизда, қолаверса, дунёда тинчлик ва барқарорлик таъминланишида катта аҳамият касб этади.

— Президент Шавкат Мирзиёев билан бўлган учрашув чоғида Ўзбекистон ислом маданиятининг маркази эканлигини эътироф этдингиз. Бу фикрингизни кенгроқ ифодалаш учун яна қандай жиҳатларни тилга олган бўлар эдингиз? 

— Ўзбекистон, ҳақиқатан ҳам, ислом дунёсининг маданият марказидир. Динимизнинг муқаддас шаҳарлари сифатида кўпчилик Макка ва Мадинани билади. Улардан бошқа қутлуғ кентлар ҳам мавжуд, албатта. Ана шундай муҳим шаҳарлар сирасида Бухоро, Самарқанд, Қуддус ва Истанбулни қайд этиш жоиздир. Бироқ Бухоронинг ўрни бошқача. Чунки бу шаҳар илму ирфон маркази, маърифат ўчоғидир, теварак-атрофни ёритган, нурга тўлдирган, илм-фаннинг тараққий топишига беқиёс ҳисса қўшган бир зиё маскани, инсониятга хизматлари сингган буюк олимларни етиштирган улуғ шаҳардир. Ер юзига зиё таратган бу кент,  шубҳасиз, муборак маскан ҳисобланади. Бухородай заминда яшаш катта бир саодатдир.

Асосий билимлар ўарбга Шарқдан борган, Шарқнинг тамаддун бешиги эса Бухоро ва Самарқандда яратилган. Бундай шаҳарларга эга бўлган, юксак маънавиятли мутафаккирларнинг авлоди, толеи баланд ўзбек халқи жуда ҳам бахтлидир.

Кўплаб туркияликлар ушбу муқаддас қадамжолар, мақбара ва мадрасалар зиёратига боришни орзу қилишади. Ўтмишдаги тазйиқларга қарамасдан, ислом дини Ўзбекистонда сақланиб қолди ва ривожланди.

Бугунги кунда дунёда нотўғри, бузғунчи бир тушунчани яратишга, исломофобия, яъни исломдан қўрқиш ҳиссини одамлар онгига сингдиришга қаратилган уриниш кузатилмоқда. Аслида, террорнинг дини йўқ, миллати йўқ. Террорчилик инсониятга қарши жиноятдир. 

Бухоро ва Самарқандда яшаб ўтган буюк мутафаккирларнинг маънавий мероси билан ёвуз ғояларни, турли кучларни, жаҳолатни енгиш мумкин.

Бухоро мадрасалари кўплаб уламоларни етиштирган, улар дунёнинг тўрт томонига илму маърифат тарқатганлар. Биз буюк алломалар ёдини ҳар доим миннатдорлик билан хотирлаймиз. Аллоҳ ўтган аждодларимизни ўз раҳматига олсин, уларнинг хотирасини абадийлаштиришга шароит яратаётган давлат раҳбарларига муваффақиятлар тилаймиз.  

— Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида мамлакат учун жуда муҳим бўлган ислоҳотлар ҳаётга татбиқ этилмоқда. Тажрибали сиёсатчи сифатида бу ислоҳотларни қандай баҳолайсиз?

— Ўзбекистоннинг ички ва ташқи сиёсатида кўплаб ижобий ўзгаришлар юз бераётганини кузатмоқдамиз. Айниқса, қўшни давлатлар билан муносабатлардаги ижобий силжиш жуда муҳим жараёндир. Ўзбекистон ўз аҳолисининг сони, илм-фан ва тараққиётининг юксак даражаси, шунингдек, барқарор ривожланишдаги ўрни нуқтаи назаридан минтақадаги муҳим давлат саналади. Муҳтарам Президентнинг саъй-ҳаракатлари, шубҳасиз, ижобий натижаларини беради. Хулоса тариқасида шуни таъкидлашни истардим: Президентларимиз Режеп Таййип Эрдўғон ва Шавкат Мирзиёев каби икки етакчининг бир-бирига қўл беришлари ўта муҳим тарихий воқеадир. Бу ҳар икки давлат ўртасидаги муносабатларнинг ривожланишида ҳал қилувчи омил сифатида беқиёс аҳамиятга эга.

«Жаҳон» АА.

Анқара

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn