Ҳаракатлар стратегияси ва  депутат масъулияти
  • 01 Ноябрь 2017

Ҳаракатлар стратегияси ва  депутат масъулияти

 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракцияси томонидан матбуот анжумани ўтказилди. Тадбирда партия ҳамда унинг -парламент қуйи палатасидаги фракцияси томонидан Ҳаракатлар стратегияси доирасида амалга оширилган ишлар хусусида сўз юритилди.

Таъкидланганидек, мамлакатимизда Президентимиз раҳнамолигида кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилмоқда. Халқимиз турмуш даражаси ва фаровонлигини янада яхшилаш, уларни ҳаётидан рози қилиш, қолаверса, юртимиз иқтисодий тараққиётини юксалтиришга қаратилган мазкур саъй-ҳаракатларда ЎзЛиДеП ҳамда унинг фракцияси фаоллик кўрсатаётир. Хусусан, қонун ташаббускорлиги йўналишида Олий Мажлис Қонунчилик палатасига жами 104 та қонун лойиҳаси киритилган бўлиб, уларда ЎзЛиДеП фракцияси ҳам муносиб қатнашди. Ҳужжатларнинг 16 таси айнан ЎзЛиДеП фракцияси ташаббуси билан ишлаб чиқилгани бунинг яққол тасдиғидир.

Тадбирда давлатимиз раҳбарининг шу йил 12 июль куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишидаги маърузасида илгари сурилган вазифалар асосида Иқтисодиёт ва Молия вазирликлари, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси ҳамда уларнинг ҳудудий бошқарма ва бўлимлари фаолияти устидан депутатлик назорати олиб борилаётгани ҳам таъкидланди.

Масалан, “Ургут” эркин иқтисодий зонаси ҳамда Янгиер кичик саноат зонасида партия гуруҳлари томонидан тегишли ўрганишлар олиб борилди. Янгиер кичик саноат зонасидаги ўрганиш жараёнида депутатлар томонидан бир қатор тижорат банклари белгиланган лойиҳаларни вақтида молиялаштирмаганлиги натижасида уларнинг бажарилиш муддати кечикаётганлиги аниқланди. Бундан ташқари, мазкур зоналар фаолиятини тартибга солувчи бир қатор қонуности ҳужжатларининг бугунги талаблар даражасига жавоб бермаслиги, уларга тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш лозимлиги маълум бўлди. Шулар юзасидан таклифлар тайёрланиб, тегишли мутасаддиларга юборилди.

Фракция аъзолари сайловчилар билан мулоқотни янада тизимли ҳамда самарали йўлга қўйиш, кенг кўламли ислоҳотлар мазмун-моҳиятини тушунтириш, шунингдек, қонун лойиҳаларини атрофлича муҳокама қилиш мақсадида жорий йил 3 августдан партиянинг “Facebook” ижтимоий тармоғидаги саҳифасида тўғридан-тўғри онлайн мулоқот ўтказиб келишаётир. Ҳозирги пайтгача улар томонидан 40 дан зиёд ана шундай мулоқотлар уюштирилди. Уларда аҳолини ўйлантираётган мингдан ортиқ саволларга батафсил жавоб берилди.

Жорий йил 6 сентябрь куни партия Сиёсий кенгаши ижроия қўмитаси томонидан Президентимизнинг “Валюта сиёсатини либераллаштириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони мазмун-моҳиятига бағишлаб ўтказилган давра суҳбати “Facebook” орқали онлайн тарзда эфирга узатилди. Тадбирни қарийб 4 мингга яқин киши кузатиб борди ҳамда ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилиш имкониятига эга бўлишди.

Халқ орасига кириб бориш, уларни ўйлантираётган муаммоларга ечим топиш йўналишидаги саъй-ҳаракатлар ҳам иштирокчилар томонидан таҳлил қилинди. Ҳозирги давргача Қорақалпоғистоннинг энг чекка аҳоли пунктидан тортиб, Навоий вилоятининг Томди туманигача, барча ҳудудда жами 70 га яқин олис аҳоли пунктларида учрашувлар ўтказилди. Муҳими, кўплаб муаммолар жойларнинг ўзида бартараф этилди. Қолаверса, сайёр қабуллар ташкил қилинмоқда. Шу кунгача ҳудудларда жами 43 маротаба сайёр қабул ўтказилиб, уларга 2 минг 730 нафардан ортиқ аҳоли қамраб олинди.

Йиғилишда журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олди.

Зокир ХУДОЙШУКУРОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn