Ўзбекистон — Қозоғистон: яқин қўшничилик ва ўзаро ишончга асосланган  ҳамкорлик
  • 01 Ноябрь 2017

Ўзбекистон — Қозоғистон: яқин қўшничилик ва ўзаро ишончга асосланган  ҳамкорлик

 

Жорий йилда Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилганига 25 йил тўлади. Ушбу сана икки мамлакат муносабатлари жадал ривожланаётган ҳамда янгича мазмун билан бойиб бораётган бир даврда нишонланмоқда.

Пойтахтимизда сана муносабати билан ташкил этилган халқаро конференцияда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти ҳамда Қозоғистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Қозоғистон стратегик тадқиқотлар институтининг етакчи экспертлари икки томонлама -ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасида эришилган ютуқ ва натижалар, ўзаро алоқаларнинг янги йўналишлари ҳамда истиқболларини муҳокама қилди.

Анжуманда Ўзбекистон вазирлик ва идоралари ходимлари, дипломатик миссиялар раҳбарлари ҳамда мамлакатимизда аккредитациядан ўтган халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этди.

Таъкидланганидек, Ўзбекистон ва Қозоғистон Марказий Осиёнинг муҳим давлатлари ҳисобланади. Икки мамлакат муносабатлари яқин қўшничилик ҳамда стратегик шериклик руҳида изчил ривожланмоқда. Ушбу ҳамкорлик алоқалари халқларимизнинг азал-азалдан шаклланган дўстлик ва қардошлик ришталарига, умумий тарих, тил ҳамда маданиятига асосланган.

Мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорлик ишончли ва конструктив мулоқот тусига кирган. Ўтган йигирма беш йил давомида давлатларимиз ҳамкорлигининг мустаҳкам шартномавий-ҳуқуқий базаси яратилди. Турли соҳаларга оид 200 дан ортиқ шартномавий-ҳуқуқий ҳужжатлар мавжуд. Ўзбекистон Республикаси билан Қозоғистон Республикаси ўртасида абадий дўстлик тўғрисидаги Шартнома (1998 йил), Стратегик шериклик тўғрисидаги шартнома (2013 йил) шулар жумласидандир. Уларда икки томонлама муносабатларнинг асосий негизи, яъни тенглик, ўзаро тушуниш, ҳар томонлама ҳамкорлик ҳамда ишонч тамойиллари мустаҳкамлаб қўйилган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 22-23 март кунлари Қозоғистонга амалга оширган давлат ташрифи натижасида ўзаро муносабатлар сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилди ва ҳозирги пайтда жадал суръатларда ривожланиб бораяпти. Ўзбекистон раҳбари жорий йилнинг ўзида ушбу мамлакатга тўрт марта ташриф буюргани ҳам бунинг яна бир яққол тасдиғидир. Остонада икки давлат раҳбарлари томонидан Қозоғистон Республикаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси ўртасида стратегик шерикликни янада чуқурлаштириш ва аҳил қўшничиликни мустаҳкамлаш тўғрисидаги қўшма декларация имзоланди. Ҳукуматларимиз ўртасида 2017 — 2019 йилларга мўлжалланган иқтисодий ҳамкорлик стратегияси қабул қилинди.

Анжуманда қайд этилганидек, ҳар икки мамлакат ўз тараққиётининг янги босқичида турибди. Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан мамлакатимизни 2017 — 2021 йилларда ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси қабул қилинди. Қозоғистон Президенти 2017 йил бошида қозоқ халқига Мурожаатида мамлакатни модернизациялашнинг учинчи босқичини эълон қилди. Ушбу босқич иқтисодий ўсишнинг янги моделини яратишни назарда тутади.

Халқаро анжуманда экспертлар икки томонлама ҳамкорликнинг долзарб масалалари юзасидан томонларнинг қарашлари ҳамда ёндашувларини, савдо-иқтисодий муносабатларни янада чуқурлаштириш, маданий-гуманитар алоқаларни мустаҳкамлаш истиқболларини таҳлил этишди.

Кенг кўламли сиёсий ва иқтисодий ҳамкорликнинг янги шаклларини амалга оширишдан томонлар манфаатдор эканлиги алоҳида айтиб ўтилди. Хусусан, Ўзбекистон ҳамда Қозоғистон халқаро сиёсат масалаларида бир-бирини қўллаб-қувватлаб келади. БМТ, ШҲТ, МДҲ, ИҲТ, Оролни қутқариш халқаро жамғармаси ва бошқа халқаро тузилмалар доирасида фаол ҳамкорликни йўлга қўйган. Мамлакатларнинг халқаро ҳамда минтақавий аҳамиятга молик кўплаб масалалардаги ёндашувлари ўхшаш ва яқин. Ўзбекистон Қозоғистоннинг 2017-2018 йилларда БМТ Хавфсизлик Кенгашига муваққат аъзоликка сайланишини қўллаб-қувватлади. Бу бутун минтақамиз давлатлари манфаатларини халқаро майдонда илгари суриш имконини бермоқда.

Қозоғистон Ўзбекистоннинг маърифий исломнинг соф ғояларини дунё ҳамжамиятига кенг етказиш бўйича саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватламоқда. Мазкур ғоялар эзгулик, тинчлик ҳамда бағрикенгликни кўзда тутади. Жорий йилнинг 10-11 ноябрь кунлари Самарқандда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шафелигида “Марказий Осиё: ягона тарих ва умумий келажак, барқарор ривожланиш ва тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик” мавзуида юқори даражадаги халқаро анжуманнинг ўтказилиши ҳамда ғоят долзарблиги алоҳида қайд этилди.

Ўзбекистон ва Қозоғистон минтақанинг трансчегаравий дарёлари сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш масалаларини ҳал қилиш бўйича ягона ёндашувга эга. Шубҳасиз, минтақа давлатлари сув ресурсларидан фойдаланиш, ундан фойда кўриш ҳуқуқига эга. Лекин айни пайтда табиатнинг ушбу неъматини асраб-авайлаш ҳам зарур. Мамлакатларимиз тўла қўллаб-қувватлаётган БМТ конвенцияси лойиҳаси айни мақсадга қаратилган.

Конференцияда келтирилганидек, Ўзбекистон Қозоғистоннинг Марказий Осиёдаги энг йирик савдо шеригидир. Ўзбекистон Республикаси билан Қозоғистон Республикаси ўртасида 2017 — 2019 йилларга мўлжалланган иқтисодий ҳамкорлик стратегияси ушбу йўналишдаги алоқаларни янги босқичга кўтаришга асос бўлаяпти. Жорий йилнинг март ойида икки мамлакат ишбилармон доиралари иштирокида Остона шаҳрида бўлиб ўтган бизнес форумида умумий қиймати қарийб 1 миллиард АҚШ долларига тенг савдо шартномалари ҳамда инвестициявий битимлар имзоланди. Ўзбекистон ва Қозоғистон бизнес тузилмалари бугунги кунда қўшма корхоналар ташкил этиш, савдо уйларини очиш, истиқболли ҳамда ўзаро манфаатли инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш бўйича қатор таклифларни илгари сурмоқда. Мамлакатлар ўртасида ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 5 миллиард АҚШ долларигача етказиш бўйича аниқ мақсадлар белгилаб олинган.

Ҳамкорликнинг яна бир муҳим йўналиши — Қозоғистон ва Ўзбекистон транспорт инфратузилмаларининг жадал интеграциялашуви транспорт-транзит коридорларини шакллантиришда ҳал қилувчи аҳамият касб этади ҳамда мамлакатларимизда савдо ва инвестицияни рағбатлантириш, икки томонлама ҳамда минтақа даражасида ҳамкорликни янада ривожлантириш учун шароит яратади.

Сўнгги пайтларда парламентлараро алоқалар ҳам сезиларли даражада фаоллашди. Ўзбекистонда ҳам, Қозоғистонда ҳам ҳамкорлик бўйича парламентлараро гуруҳлар ташкил қилинди, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Қозоғистон Республикаси Парламент Сенати ўртасида ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланди. Парламентлар қуйи палаталари ўртасида ҳамкорлик, шу жумладан, ташрифлар алмашинуви ҳам жадаллашди. Икки мамлакат ўртасида стратегик шерикликни мустаҳкамлаш ҳамда кенгайтиришда парламент ҳамкорлигининг бутун салоҳиятини ишга солиш зарурлиги қайд этилди.

Урғу берилганидек, 2018 йилда Қозоғистонда “Ўзбекистон йили” ва 2019 йилда Ўзбекистонда “Қозоғистон йили” ўтказилади.

Икки томонлама муносабатларни ривожлантириш жараёнида кучли экспертлик-таҳлил муҳим ўрин тутади. Шу муносабат билан икки давлатнинг етакчи илмий-таҳлилий тузилмалари — Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти ҳамда Қозоғистон Республикаси Президенти -ҳузуридаги Қозоғистон стратегик тадқиқотлар институти ўртасида ўрнатилган сермаҳсул ҳамкорликни кўрсатиб ўтиш лозим.

Конференция иштирокчилари Ўзбекистон — Қозоғистон Экспертлар кенгашини ташкил қилиш ғоясини билдирдилар. Бу тузилма сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳаларда доимий фикр алмашиш, биргаликда янги таклифларни ишлаб чиқиш, шунингдек, икки мамлакат ўртасида ҳамкорликни босқичма-босқич чуқурлаштириш, Марказий Осиёда минтақавий хавфсизлик, барқарорлик ҳамда жадал тараққиётни мустаҳкамлаш бўйича янги ғоялар ишлаб чиқиш учун кўп қиррали майдон вазифасини ўтайди. Янги Экспертлар кенгаши фаолияти соҳадаги етакчи “ақл марказлари” бўлмиш Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти ҳамда Қозоғистон стратегик тадқиқотлар институти ўртасидаги ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш имконини беради.

Тадбир қатнашчилари фикрича, Ўзбекистон ва Қозоғистон муносабатлари янги поғонага кўтарилиши икки қардош халқнинг узоқ муддатли манфаатларига тўла жавоб беради ҳамда Марказий Осиё минтақасида тинчлик, барқарорлик, хавфсизлик ва жадал тараққиётни таъминлашнинг муҳим омили бўлиб хизмат қилади.

Халқаро конференция якунида қўшма коммюнике қабул қилинди.

Қобил ХИДИРОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

 

Сўз — иштирокчиларга

Санат КУШКУМБАЕВ,

Қозоғистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Қозоғистон стратегик -тадқиқотлар институти директори ўринбосари:

— Икки мамлакат муносабатлари мустаҳкам тарихий ҳамда маданий илдизларга эга. Халқларимизда “Узоқдаги қариндошдан яқиндаги қўшни афзал” деган мақол бор. Ҳақиқатан ҳам, шундай. Биз 2,5 минг километрлик умумий чегарага эгамиз. Биз учун бу дўстлик ва қардошлик чегарасидир. Давлатларимиз раҳбарлари қайд этганидек, бугун мамлакатларимиз ўртасида на ҳудудий, на чегара масалаларида муаммо бор.

Ўзбекистонда ташқи сиёсий алоқаларни кенгайтириш борасида улкан ишлар амалга оширилаётганига гувоҳ бўлаяпмиз. Минтақа давлатлари ўртасида қарор топган ишончли муносабатлар бугун юз бераётган улкан ўзгаришларда муҳим роль ўйнамоқда. Шуни алоҳида қайд этишни истардимки, минтақадаги барқарорлик ҳамда хавфсизлик барча амалий ҳамкорликнинг асоси бўлиб хизмат қилмоқда.

Борий АЛИХАНОВ,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари:

— Қозоғистонда кечаётган ижтимоий-сиёсий ислоҳотлар, хусусан, парламентдаги қонун ижодкорлиги жараёнидаги янгиликларни кузатиб борамиз. Илгари фақатгина турли халқаро конференциялар, семинарлар доирасида парламент вакиллари мулоқот қилар эдик. Эндиликда бу йўналишдаги ҳамкорлик алоқалари янгича мазмунга эга бўлиб бормоқда. Икки мамлакат раҳбарлари халқаро муносабатларни мустаҳкамлаш ва кенгайтиришда парламентлараро алоқаларнинг бутун салоҳиятини ишга солиш зарурлигига алоҳида эътибор қаратди. Жумладан, парламент делегацияларининг доимий -ташрифларини фаоллаштириш, глобал хавф ҳамда таҳдидларга қарши курашиш самарадорлигини ошириш учун ҳуқуқий асосни шакллантириш, парламент палаталари қўмита ҳамда комиссиялари, девонлари ўртасида ҳамкорликни кенгайтириш ва илмий-эксперт алмашинувларини ривожлантириш сингари ҳамкорлик йўналишлари белгилаб олинди.

Азиз РАСУЛОВ,

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро -тадқиқотлар институти маркази раҳбари:

— Анжуманда институтлар томонидан икки мамлакат Экспертлар кенгашини тузиш бўйича қўшма ташаббуси илгари сурилди. Биз ушбу тузилманинг мақсад ҳамда вазифалари бўйича ўз қарашларимизни билдирдик. Мазкур институт замонавий халқаро сиёсатда тобора катта роль ўйнаётган халқ дипломатиясининг муҳим механизмларидан бирига айланади. Халқ дипломатияси давлат ва нодавлат ташкилотларнинг халқаро алоқаларни кенгайтиришга қаратилган саъй-ҳаракатидир. У фуқаролик жамиятининг муҳим таркибий қисмларидан ҳисобланади. Халқ дипломатиясини ривожлантиришда тадқиқот ҳамда экспертлик-таҳлилий доиралар салоҳиятидан унумли фойдаланиш долзарб аҳамиятга эга.

Мадина НУРГАЛИЕВА,

Қозоғистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Қозоғистон стратегик тадқиқотлар институтининг Олмаотадаги ваколатхонаси раҳбари:

— 2017 йил мамлакатларимиз ҳудудлари ҳамкорлигида ҳам муҳим йил бўлди. Хусусан, Ўзбекистоннинг Навоий, Тошкент ва Сирдарё вилоятлари ҳамда Қозоғистоннинг Қизилўрда ва Жанубий Қозоғистон вилоятлари ўртасида ҳамкорлик тўғрисида шарт-номалар имзоланди. Бу яқин истиқболда ҳудудлар ўртасидаги муносабатлар жадал суръатларда ривожланишидан далолат беради. Энг муҳими, одамларнинг ўзаро борди-келдиси йўлга қўйилдики, бу шарқона қадриятларнинг ажралмас қисмидир. Экспертлар ҳамда оддий одамларнинг ўзаро мулоқотлари мамлакатларимизнинг янада ривожланишида муҳим ўрин тутиши, шубҳасиз. Мамлакатларимиз ўртасида қонунчилик даражасида тўсиқлар йўқ. Бугун молиявий тусдаги жараёнларга барҳам берилди, халқларимиз миллий валюталаримизни эркин алмашишлари мумкин. Қисқача айтганда, -биргаликдаги фаровон келажагимиз учун барча имконият мавжуд.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn