МДҲ Ҳукумат раҳбарлари кенгашининг мажлиси Тошкентда бўлиб ўтади
  • 01 Ноябрь 2017

МДҲ Ҳукумат раҳбарлари кенгашининг мажлиси Тошкентда бўлиб ўтади

Халқаро ташкилотлар анжуманларида иштирокчи давлатларнинг раҳбарлари, одатда, муҳим масалалар юзасидан кенгашиш асносида узоқ муддатли қарорларни қабул қилишлари баробарида, кўп томонлама ҳамкорликнинг устувор йўналишларини ҳам белгилаб олишади. Олий даражада эришилган келишувларнинг амалга оширилишини бевосита ҳукумат таъминлайди. Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Ҳукумат раҳбарлари кенгаши мажлисининг фаолияти айнан шунга йўналтирилган. 

Мазкур кенгашнинг навбатдаги анжумани 

2017 йил 3 ноябрь куни Ўзбекистон пойтахтида бўлиб ўтади.

Шуни таъкидлаш жоизки, ушбу институт вазифаларига нафақат давлат -раҳбарларининг топшириқларини ҳаётга татбиқ этиш, балки саноат, қишлоқ хўжалиги ва иқтисодиётнинг бошқа тармоқларини ривожлантириш ҳамда уларни молиялаштириш, транспорт, алоқа, энергетика тизимларини такомиллаштириш, нарх, кредит-молия ва солиқ сиёсати билан боғлиқ масалаларни мувофиқлаштириш юзасидан қўшма дастурлар қабул қилиш ҳам киради. Шунингдек, Ҳукумат раҳбарлари кенгаши илмий-технологик макон шаклланишининг механизмларини ишлаб чиқиш, Ҳамдўстлик органлари фаолиятининг молиявий жиҳатдан таъминланиши ҳамда улар фаолиятининг назорати билан ҳам шуғулланади.

Кенгаш мажлиси йилига икки маротаба ўтказилади. Шу билан бирга, бирлашмага аъзо давлатлардан бирининг ҳукумати ташаббуси бўйича навбатдан ташқари йиғилиш чақирилиши ҳам мумкин. Жорий йилда бундай форматдаги биринчи учрашув 26 май куни Россиянинг Қозон шаҳрида уюштирилди. Иккинчи йиғилишни эса Россия Федерациясининг Сочи шаҳрида бўлиб ўтган ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этган Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Давлат раҳбарлари кенгашининг мажлиси тугаши биланоқ Тошкент қабул қилмоқда.

Ўшанда мамлакатимиз етакчиси ўз нутқида Ҳамдўстликнинг долзарблиги ҳамда аҳамиятини таъкидлаб, барча томоннинг манфаатларини ҳисобга олган ҳолда, МДҲ механизмини замонавий реалликларга мослаштириш юзасидан аниқ-равшан нуқтаи назарини билдирган эди. Экспертларнинг баҳолашича, Шавкат Мирзиёевнинг Сочи саммитидаги нутқи Ҳамдўстликдаги “мутлақо янги келажакка таклиф” сифатида янградики, унинг доирасида бўладиган ўзаро ҳамкорликка янада ўсувчанлик бағишлаши, шубҳасиз.

Сочидаги олий даражадаги учрашув якунлари ва Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигининг навбатдаги саммитига тайёргарлик масалалари Тошкентда бўладиган Ҳукумат раҳбарлари кенгаши мажлисида муҳокама қилинади. Ҳамдўстлик доирасида замонавий реалликлар, тамойил ҳамда истиқболлар ҳисобга олинган ҳолда, конструктив шерикликни ривожлантиришнинг долзарб муаммоларини кўриб чиқиш тадбир кун тартибидан ўрин олган. Иқтисодий ва гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни янада кучайтириш билан боғлиқ кенг қамровли масалаларни муҳокама этиш ҳам режалаштирилмоқда. Салкам 20 та якуний ҳужжатлар имзоланганидан сўнг -оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашув бўлиб ўтади.

Анжуман доирасида маданий тадбирларга алоҳида эътибор қаратилган. Жумладан, меҳмонлар учун жаҳон сайёҳларини ўзига жалб қилаётган республикамиз тарихий шаҳарларига бориш ҳамда уларнинг улуғворлигини ўз кўзлари билан кўриш имконияти яратилади. Ҳукуматларнинг юқори мартабали вакиллари эътиборига Ўзбекистон санъат усталари иштирокидаги ажойиб концерт дастури ҳам ҳавола этилади.

МДҲ Ҳукумат раҳбарлари кенгашининг йиғилиши кўп йиллардан буён биринчи маротаба Тошкентда ўтказилиши Ўзбекистоннинг Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига муносабатидаги янги йўлни ҳаётга татбиқ қилиш борасидаги яна бир муҳим қадамдир. Бундан илгарироқ республикамиз МДҲ Иқтисодий кенгашидаги иштирокини қайта тиклади ва Ўзбекистон делегацияси ушбу механизмнинг мажлисларида қатнашишни бошлади. Бундан ташқари, мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси миллий координатори мақомини ташқи ишлар вазири ўринбосаридан Бош вазир ўринбосари даражасига кўтаришга қарор қилинди. Ўзбекистоннинг Ҳамдўстлик доирасидаги ҳамкорлигини фаоллаштириш бўйича “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш юзасидан саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда.

Буларнинг барчаси, Президентимиз Шавкат Мирзиёев Сочида баён этганидек, Ўзбекистоннинг ўз ёндашувларини жиддий мақбуллаштириш ҳамда МДҲ фаолиятидаги иштирокига сифат жиҳатидан янги суръат бағишлаш мақсади йўлидаги интилишлари пухта эканлигидан далолат беради.

Шаҳриёр ТУРўУНБОЕВ,

«Жаҳон» АА 

шарҳловчиси.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn