Электорат тиббий хизмат сифатидан мамнунми? “Адолат” СДП фракцияси брифингида шу саволга жавоб изланди.
  • 28 Октябрь 2017

Электорат тиббий хизмат сифатидан мамнунми? “Адолат” СДП фракцияси брифингида шу саволга жавоб изланди.

 

Жамиятда қонун ва адолат устуворлигини кафолатлаш, аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш ҳамда уларни дори-дармон воситалари билан таъминлашни яхшилаш, тиббиёт йўналишидаги таълим тизимини ислоҳ қилиш, мазкур соҳалардаги норматив-ҳуқуқий базани мустаҳкамлаш борасида аниқ чора-тадбирлар рўёбга чиқарилмоқда.

Хўш, ушбу жараёнда Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси, унинг фракцияси ўрни қай даражада сезилаяпти? Президентимизнинг жорий йил 12 июлдаги Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари, сиёсий партиялар ва Ўзбекистон экологик ҳаракати вакиллари билан видеоселектор йиғилишидаги маърузасида мазкур йўналишда белгиланган вазифалар ижроси қай даражада таъминланаётир?

Кеча Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси томонидан ўтказилган брифингда шу саволларга жавоб изланди. Тиббиёт соҳасидаги ислоҳотларни амалга оширишда партия фракцияси ҳамда депутатлар бирлашмаларининг иштироки атрофлича таҳлил этилди.

Таъкидланганидек, ҳозирги вақтда фракция аъзолари парламент қуйи палатаси ҳузуридаги тиббиёт бўйича доимий комиссия ишида фаол қатнашмоқда, ҳудудларда соғлиқни сақлаш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг бориши устидан депутатлик ва жамоатчилик назоратини самарали ташкил қилаяпти. Жумладан, ҳар 15 кунда қишлоқ врачлик пунктлари ҳамда оилавий поликлиникалар мудирларининг ахбороти маҳалла фуқаролар йиғинлари қўшма мажлисида, ҳар ойда туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмаси раҳбарларининг ахбороти тегишли Кенгаш сессияларида, ҳар чоракда соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг, ҳар ойда Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бошқармаси раҳбарининг ахбороти эшитиб борилмоқда. Шунингдек, бир йилда икки маротаба Қонунчилик палатаси мажлисида соғлиқни сақлаш вазирининг ахборотини эшитиб бориш тизими йўлга қўйилди.

Брифингда ўтган даврда партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси ва маҳаллий Кенгашлардаги депутатлар гуруҳлари аъзолари ҚВПларни оптималлаштириш лойиҳасини тайёрлаш ҳамда маҳаллий Кенгашлар сессияларида тасдиқлашда фаол қатнашгани айтилди. Депутатлар жойлардаги фаолияти давомида тез тиббий ёрдам хизматларининг куну тун ишлаши ва тезкор хизмат кўрсатишини таъминлаш, ҚВП, оилавий поликлиникалар ҳамда тез тиббий ёрдамнинг ўзаро доимий ҳамкорлигини йўлга қўйиш, қишлоқ оилавий поликлиникаларида тор доирадаги мутахассислар қабулини ташкил этиш ишларига жиддий эътибор қаратаётгани маълум қилинди. Бу, ўз навбатида, касалликларни эрта аниқлаш, патронаж ҳамшираларининг хонадонларга мунтазам кириб бориши, чақирувлар сони ва вақтининг қисқаришини таъминламоқда.

Фракция аъзоларининг жойларда тиббиёт соҳасини тўлиқ ўрганиш борасида олиб бораётган саъй-ҳаракатлари ҳақида ҳам батафсил сўз юритилди. Айтиб ўтилганидек, жорий йилнинг шу даврига қадар депутатлар томонидан 150 дан зиёд тиббиёт муассасалари фаолияти ўрганилди, 1100 нафардан ортиқ шифокор-ҳамширалар билан суҳбатлашилди, 500 га яқин аҳоли вакиллари ҳамда беморлар билан юзма-юз мулоқот ўтказилди.

Учрашувларда аниқланган камчиликларни жойида ҳал этиш мақсадида, ҳар бир туманда ички имкониятлардан келиб чиққан ҳолда, тезкор чора-тадбирлар белгиланиб, ижроси таъминланаяпти. Республика даражасидаги муаммолар эса алоҳида тартибда Қонунчилик палатаси ҳузуридаги тиббиёт бўйича комиссияда кўриб чиқилиб, унинг қарорлари Соғлиқни сақлаш вазирлигига маълумот ва ижро учун юборилмоқда. Ҳар ойда ўтказилаётган ўрганишлар давомида жойларда дорихоналар фаолиятини тўғри йўлга қўйиш, уларда дори воситаларининг қатъий белгиланган нархларда сотилиши тартибига риоя қилиш юзасидан амалга оширилаётган ишлар ҳолати ҳам ўрганилиб, мутасаддиларга тегишли хулоса ҳамда таклифлар берилаётир.

Брифингда, шунингдек, фракция аъзоларининг соғлиқни сақлаш соҳасидаги қонунларни янада такомиллаштириш, уларни инвентаризациядан ўтказиш борасидаги фаолияти, ушбу масалаларга жиддий масъулият билан ёндашилаётгани ҳақида ҳам батафсил сўз юритилди.

Зиёда АШУРОВА,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn