ШҲТга аъзо давлатлар Олий судлари раисларининг ўн иккинчи мажлиси
  • 26 Октябрь 2017

ШҲТга аъзо давлатлар Олий судлари раисларининг ўн иккинчи мажлиси

Тошкент шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар Олий судлари раисларининг ўн иккинчи мажлиси Ўзбекистон раҳбарлигида бўлиб ўтди.

Йиғилишда Ҳиндистон Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси В. Кумар, Қозоғистон Республикаси Олий суди раиси К. Мами, Хитой Халқ Республикаси Олий халқ суди раисининг ўринбосари Ду Ванхуа, Қирғизистон Республикаси Олий суди раиси А. Токбаева, Россия Федерацияси Олий суди раиси В. Лебедев, Покистон Ислом Республикаси Олий суди катта судьяси Г. Аҳмад, Тожикистон Республикаси Олий суди раиси Ш. Шоҳиён, Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси К. Комилов, шунингдек, 

ШҲТ Бош котиби ўринбосари С. Имандосов ва ШҲТнинг Минтақавий аксилтеррор тузилмаси ижроия қўмитаси директори ўринбосари А. Мукашев иштирок этди.

Мажлисда ШҲТга аъзо давлатлар суд-ҳуқуқ тизимларидаги ҳозирги ҳолат ҳамда ушбу йўналишдаги ҳамкорлик истиқболлари атрофлича таҳлил қилинди.

Тадбир қатнашчилари юртимизда амалга оширилаётган демократик янгиланишлар, суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларни юқори баҳоладилар. Бу борада 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси, Президентимизнинг 2016 йил 21 октябрдаги “Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда жорий йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонлари дастуриламал вазифасини ўтаётгани қайд этилди.

Мазкур ҳужжатлар асосида соҳада халқаро ҳамкорлик тобора ривож топаётир. Дунёнинг тараққий этган давлатлари, шу жумладан, ШҲТга аъзо давлатлар Олий судлари билан суд амалиёти юзасидан тажриба алмашиш, салоҳиятли кадрлар тайёрлаш бўйича ҳамкорлик йўлга қўйилган.

Энг асосийси, бу борадаги алоқаларни мустаҳкамлашда ШҲТга аъзо давлатлар Олий судлари раисларининг мажлислари муҳим аҳамиятга эга. Чунки ушбу тадбирлар ШҲТ давлатлари Олий судларининг одил судловни тўлиқ рўёбга чиқариш орқали жамият ҳаётида қонунийликни таъминлаш, инсон ҳуқуқ ҳамда манфаатларини ҳимоя қилиш борасида ўзаро тажриба алмашиш ва истиқболдаги вазифаларни белгилаб олишларида -алоҳида ўрин тутмоқда.

Таъкидланганидек, ШҲТга аъзо давлатлар Олий судлари ўртасидаги ҳамкорлик ўзаро ишонч, бир-бирини тушуниш, дўстлик ҳамда аҳил қўшничилик тамойилларига асосланган. Бу эса ШҲТнинг асосий тамойиллари, мақсад ва вазифаларига ҳамоҳангдир. ШҲТ Хартияси ҳамда ташкилотнинг асосий ҳужжатлари суд-ҳуқуқ соҳасида алоқаларни янада ривожлантиришда дастуриламал бўлаётир.

Йиғилишда ШҲТга аъзо давлатларда қонун устуворлиги, фуқаролар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш, соҳада тажриба алмашишни янада фаоллаштиришга қаратилган долзарб масалалар кўриб чиқилди. Хусусан, ёшларни террористик ҳамда экстремистик гуруҳларга жалб этишга қарши кураш амалиёти, инвестицияларни ҳимоя қилишнинг институционал механизмларини, бу соҳадаги низоларни ҳал қилишга қаратилган қонунчиликни янада такомиллаштириш ана шулар сирасига киради. Айни чоғда Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар Олий судлари раисларининг жиноий ва фуқаролик ишлари бўйича ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш самарадорлигини янада оширишга келишиб олгани жиноятчиликка қарши курашни бундан-да кучайтиришда муҳим омил бўлади.

Мажлисда қайд этиб ўтилдики, суд-ҳуқуқ ислоҳотларини чуқурлаштириш, қонунийлик ҳамда ҳуқуқий тартиботни, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашда ШҲТга аъзо давлатларнинг бу борадаги тажрибаси билан танишиш ўзининг ижобий самарасини беради.

Тадбир якунида ШҲТга аъзо давлатлар Олий судларининг ҳамкорлик истиқболлари юзасидан қўшма баёноти қабул қилинди.

Шунингдек, мажлис доирасида Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси К. Комилов билан Россия Федерацияси Олий суди раиси В. Лебедевнинг учрашуви бўлиб ўтди.

Учрашувда таъкидланганидек, давлатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик муносабатлари узоқ тарихга эга. Уни бугунги кун талабларидан келиб чиқиб, янги босқичга кўтаришдан ҳар икки томон ҳам бирдек манфаатдор. Хусусан, суд-ҳуқуқ соҳасидаги алоқаларни янги -босқичга олиб чиқиш орқали тизимни чин маънода инсон ҳуқуқлари ҳамда манфаатларини ишончли тарзда ҳимоя қила оладиган “Адолат қўрғони”га айлантириш умумий мақсадларга киради.

 

 

СЎЗ — ИШТИРОКЧИЛАРГА

ДУ ВАНХУА, Хитой Халқ Республикаси Олий халқ суди раисининг ўринбосари:

— Хитой — иқтисодиёти юксак даражада ривожланган давлатлардан бири. Уни янада -тараққий топтиришда судларнинг ҳам алоҳида ўрни бор. Шу масала юртингиз раислик қилган йиғилишда кўриб чиқилгани айни муддао бўлди. Яъни инвестицияни муҳофаза этишнинг институционал механизмини кучайтириш ва ушбу соҳадаги низоларни ҳал қилишга қаратилган қонунчилик базасини такомиллаштириш масалалари чуқур таҳлил этилди. Шу билан бирга, ШҲТга аъзо давлатлар Олий судларининг ҳамкорлик истиқболлари билан боғлиқ долзарб вазифалар белгилаб олиндики, бу, ўз навбатида, тарафлар учун фойдалидир.

 

А. ТОКБАЕВА, Қирғизистон Республикаси Олий суди раиси:

— Бугунги кунда судлов ишларини электрон воситалар ҳамда замонавий ахборот-коммуникация технологияларисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Ушбу йўналишда бизда ҳам муайян ишлар олиб борилмоқда. Аммо бу ҳали етарли эмас. Шу маънода, ШҲТга аъзо -давлатлар Олий судлари раислари мажлиси катта аҳамиятга эга бўлди. Чунки бу ерда биз минтақа давлатлари, хусусан, Ўзбекистон суд-ҳуқуқ тизимига изчил татбиқ этилаётган -замонавий АКТ ва унинг улкан имкониятлари билан яқиндан танишдик.

Умуман олганда, Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар Олий судлари раислари мажлиси иштирокчилар учун тажриба мактаби бўлди, дейиш мумкин.

 

Г. АҲМАД, Покистон Ислом Республикаси Олий суди катта судьяси:

— Покистон Олий суди делегацияси бундай нуфузли анжуманда илк бор қатнашмоқда. Самимий мулоқот руҳида кечган мажлисда кўплаб долзарб масалаларга ечим изланди. Шулардан бири — ШҲТга аъзо давлатлар 

Олий судларининг ёшларни террористик ҳамда экстремистик гуруҳларга жалб қилишга қарши кураш амалиёти тўғрисидаги масаладир. Зеро, бугунги кунда терроризм ва экстремизм каби хатарлар навқирон авлодни ўз домига тортмоқда. Ўзбекистон раҳбари БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида халқаро жамоатчилик эътиборини айни шу долзарб муаммога қаратганлигидан яхши хабардорман. Биз йиғилиш доирасида Покистонда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари билан иштирокчиларни таништирдик. Шунингдек, ШҲТга аъзо давлатларнинг ушбу йўналишдаги илғор тажрибаси билан ўртоқлашдик.

Мажлисда муҳокама этилган масалалар давлатларимиз ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтириш, дўстлик ҳамда ўзаро ишончни мустаҳкамлашга хизмат қилади, -албатта.

 

К. КОМИЛОВ, Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси:

— ШҲТга аъзо давлатлар Олий судлари раислари анжуман доирасида мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар жараёни билан яқиндан танишиш имконига эга бўлишди. Президентимиз ташаббуси билан ишлаб чиқилган 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси асосида суд-ҳуқуқ тизимида ҳаётга татбиқ этилаётган ислоҳотлар иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.

Тадбир доирасида Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳамда Қозоғистон Республикаси Олий суди ўртасида ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланиши муҳим воқеалардан бўлди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий суди билан Россия Федерацияси Олий суди, Қирғизистон Республикаси Олий суди ва Тожикистон Олий суди ўртасида икки томонлама музокаралар ўтказилиб, келгусида ҳамкорлик тўғрисида меморандумлар имзолашга келишиб олинди.

Ушбу саъй-ҳаракатларнинг барчаси пировардида мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимини замон талаблари даражасида такомиллаштириш орқали жамият ҳаётида қонун устуворлигига эришиш ҳамда инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш имкониятини кенгайтиради.

Зокир ХУДОЙШУКУРОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn