Электорат манфаатларини таъминлашда амалий ишларга алоҳида эътибор қаратилмоқда 
  • 26 Октябрь 2017

Электорат манфаатларини таъминлашда амалий ишларга алоҳида эътибор қаратилмоқда 

“Парламент — демократия мактаби”, деймиз. Шундай экан, миллий парламентимиз ҳақиқий демократия мактабига айланиши керак... Чинакам баҳс-мунозара, принципиал тортишувлар аввало шу ерда — парламент минбарида бўлиши керак. Шундагина ҳар бир сиёсий партия, парламентдаги ҳар бир партия фракциясининг ҳақиқий қиёфаси ва позицияси аниқ намоён бўлади”.

Давлатимиз раҳбарининг бундан уч ярим ой аввал Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси минбаридан туриб айтган бу сўзлари сиёсий партиялар, уларнинг фракциялари фаолиятини жонлантириш баробарида, белгиланган устувор вазифаларни амалиётга кенг татбиқ этишга туртки берди, десак, асло янглишмаймиз. Айни пайтда ҳар бир сиёсий партия ўз электоратига қилган ваъдаларини, сайловолди дастурларини тўла ҳамда самарали бажариш орқали мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида, фуқаролар онгида мустаҳкам ўрин эгаллашга интилмоқда.

Ўз навбатида, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг парламент қуйи палатасидаги фракцияси ушбу жараёнда фаол қатнашиб, илғор ғоя ва ташаббусларини илгари сураяпти. Айни чоғда Президентимизнинг парламент ҳамда сиёсий партиялар вакиллари билан бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишидаги маърузаси асосида ишлаб чиқилган чора-тадбирлар дастури ижросига жиддий масъулият билан ёндашмоқда. Унга мувофиқ, барча даражадаги партия ташкилотлари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари билан бир қаторда, фракция аъзолари -фаолияти тубдан такомиллаштирилди, амалий ишлар миқёси кенгайди.

Айтиш жоизки, партия фракцияси қонун ижодкорлиги фаолиятига алоҳида эътибор қаратмоқда. Чунончи, ўтган даврда фракция йиғилишларида 88 та қонун лойиҳаси биринчи ҳамда кейинги ўқишларда муҳокама этилди. Мазкур қонун лойиҳалари бўйича депутатлар томонидан партия дастурий мақсадлари асосида 400 дан ортиқ таклифлар ишлаб чиқилди ва масъул қўмиталарга тақдим қилинди. Уларнинг 321 таси қонунларда ўз аксини топди. 27 та қонун лойиҳаси бевосита фракция аъзолари иштирокида қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида партия сайловолди платформасида белгиланган -вазифалар бўйича тайёрланди.

Фракция тадбирлари шунчаки номига эмас, балки муҳим қонун лойиҳалари муҳокамасига бағишлаб ўтказилаётгани эътиборга молик. Ҳисобот даврида йиғилишларда юздан зиёд масалалар кўриб чиқилгани, биринчи ўқишда 88 та қонун лойиҳаси, иккинчи ўқишда 57 та қонун лойиҳаси, шунингдек, 5 та ҳисобот муҳокама этилгани бунга яққол мисолдир.

Ёшларни қонунларни қабул қилиш жараёнига кенг жалб этиш, уларнинг партиялараро рақобат ва тортишувларни ўз кўзи билан кўриши, депутатлар билан мулоқот қилиши учун зарур шарт-шароитларни яратиш фракция олдидаги устувор вазифалардан бири бўлмоқда. Шу мақсадда Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг тавсиясига мувофиқ ҳамда партиянинг “Ёшлар қаноти”дан фаол, ташаббускор 200 нафарга яқин йигит-қизлар фракция йиғилишларида фаол қатнашиб, депутатлар билан самимий суҳбатлашдилар.

Президентимиз томонидан Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ва Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси фаолияти устидан самарали парламент ҳамда депутатлик назоратини рўёбга чиқариш бўйича белгилаб берилган вазифалардан келиб чиқиб, ушбу вазирлик ва қўмита билан ҳамкорлик йўлга қўйилди. Биргаликда амалга ошириладиган чора-тадбирлар режалари тасдиқланиб, унинг изчил ижроси таъминланмоқда.

Фракция аъзолари томонидан ҳудудлардаги тиббиёт масканлари мунтазам ўрганилаяпти. Албатта, бу айрим соғлиқни сақлаш муассасаларида дори воситалари ҳамда тиббий буюмлар етишмаслиги, ушбу муассасалар малакали кадрлар билан таъминланмагани, биноларнинг талабга жавоб бермаслиги каби муаммоларни бартараф этишга оид амалий таклифларни ишлаб чиқишда муҳим аҳамиятга эга. Ҳозирги вақтда мазкур масалалар юзасидан Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирига маълумот тақдим қилинган ва унинг ижроси назоратга олинган.

Жисмоний ҳамда юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни тубдан кучайтириш, уларнинг қонунчиликда белгиланган муддатларда ҳал этилишини таъминлаш мақсадида 79 та давлат органи, 532 та тадбиркорлик субъекти, 310 та ижтимоий соҳа объекти, 202 та маҳалла фуқаролар йиғини ҳамда 4129 та хонадондаги ижтимоий-иқтисодий ҳолат ўрганилган, 57 мингга яқин аҳоли билан бевосита мулоқотлар ўтказилган. Ўрганишлар давомида кўтарилган муаммолар юзасидан тегишли ташкилотларга 72 та депутатлик сўрови юборилди, 53 та масала ижобий ечимини топди.

Кеча Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси томонидан ўтказилган матбуот анжуманида ана шулар ҳақида сўз юритилди. Тадбирда журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олдилар.

Зиёда АШУРОВА.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn