Маиший чиқиндиларни қайта ишлаш ҳам экологияга, ҳам иқтисодиётга фойда
  • 25 Октябрь 2017

Маиший чиқиндиларни қайта ишлаш ҳам экологияга, ҳам иқтисодиётга фойда

Маълумотларга кўра, Ўзбекистонда бир йилда 35 миллион кубометрга яқин маиший чиқинди ҳосил бўлади. Уларни утилизация қилиш ва қайта ишлашни самарали ташкил этиш юртимизда экология ҳамда санитария муҳитини янада яхшилаш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, ишлаб чиқаришни ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эгадир.

Пойтахтимизда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги Экоҳаракат депутатлар гуруҳи, Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ)нинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори, Марказий Осиёнинг минтақавий экологик маркази ҳамкорлигида “Қаттиқ маиший чиқиндиларни бошқаришда замонавий технологиялар: ҳуқуқий, техник ва инвестицион ечимлар” мавзуида ташкил этилган халқаро давра суҳбатида шу ҳақда сўз борди.

Депутатлар, олимлар, илмий-ўқув муассасалар, экология, тиббиёт соҳаларида фаолият олиб бораётган ННТ мутахассислари, Россия, Беларусь, Латвия, Италия, Буюк Британия, Қозоғистон ҳамда бошқа давлатларнинг экспертлари ва журналистлар қатнашган тадбирда таъкидланганидек, Ўзбекистонда экологик хавфсизликни таъминлаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида давлат бошқарувини тубдан такомиллаштириш, экологик ҳолатни яхшилаш, аҳоли турмуш даражаси ва сифатини ошириш учун қулай шарт-шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилаяпти.

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 21 апрелдаги “Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ, чиқиндилар билан боғлиқ ишлар такомиллаштирилиб, экологик тизим янада барқарорлаштирилмоқда. Қорақалпоғистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси, вилоятлар экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармалари ҳузурида “Тоза ҳудуд” давлат унитар корхоналарининг самарали фаолияти йўлга қўйилаётир.

Президентимизнинг “2017 — 2021 йилларда маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида республикамизнинг қатор ҳудудларида чиқиндиларни қайта ишлаш корхоналари қурилаяпти.

— Ўтган даврда Ўзбекистонда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасида мустаҳкам норматив-ҳуқуқий база яратилган, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Фарҳод Қуватов. — Бироқ тараққиёт, жамият ривожи барча соҳада замон билан ҳамнафас бўлишни тақозо этмоқда. Шу маънода, қаттиқ маиший чиқиндиларнинг ҳосил бўлиши, уларни сақлаш, тўплаш, ташиш, қайта ишлаш, утилизация ҳамда реализация қилиш билан боғлиқ фаолиятдаги муносабатларни тартибга солиш соҳасидаги қонунчилик базасини янада такомиллаштириш айни заруратдир. Айтиш мумкинки, мазкур давра суҳбати бу борада халқаро тажрибани таҳлил этишда айни муддао бўлди.

Тадбирда юртимизда чиқиндиларни бошқаришнинг ҳуқуқий, техник ва инвестицион ечимларини жорий қилиш, максимал даражада утилизациялаш бўйича истиқболли чора-тадбирларни амалга ошириш, хорижий мамлакатларнинг чиқиндиларни қайта ишлаш тажрибаси, соҳага замонавий технологияларни жалб этиш масалаларига ҳам тўхталиб ўтилди.

— Чиқиндиларни қайта ишловчи ҳамда утилизация қилувчи корхоналарга камчиқимли технологияларни олиб кириш соҳани ривожлантиришнинг энг самарали усулидир, — дейди Буюк британиялик халқаро эксперт Петер Боулдинг. — “Тошрангметзавод” акциядорлик жамияти фаолияти билан танишиш жараёнида бунга яна бир бор амин бўлдик. Ушбу корхона рангли металларни йиғиш ва қайта ишлашга ихтисослаштирилган бўлиб, замонавий асбоб-ускуналар, илғор технологиялар билан таъминланган. Корхонанинг халқаро сифат сертификатига эгалиги, нуфузли халқаро мукофотга сазовор бўлгани бу ерда самарали менежмент ва сифатни бошқаришнинг намунали тизими шакллантирилганидан далолатдир.

Муҳокамаларда сўзга чиққанлар қаттиқ маиший чиқиндиларни бошқаришда қўлланилаётган замонавий технологиялар бўйича тажриба алмашиш, ушбу жараёнга тадбиркорлар ва хусусий сектор вакилларини жалб қилиш, улар фаолиятини рағбатлантириш механизмини яратиш  муҳимлигини алоҳида қайд этишди. 

Дилшод КАРИМОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn