Ўзбекистон Республикаси Олий судида учрашувлар
  • 25 Октябрь 2017

Ўзбекистон Республикаси Олий судида учрашувлар

Бугун Тошкентда Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар Олий судлари раисларининг ўн иккинчи мажлиси бўлиб ўтади. Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси К. Комилов ушбу нуфузли тадбирда иштирок этиш учун мамлакатимизга келган Қозоғистон Республикаси Олий суди раиси К. Мами билан учрашди.

Учрашувда қайд этилганидек, Ўзбекистонда қонун устуворлигини таъминлаш, қонунийликни мустаҳкамлашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар давом эттирилмоқда. Бу борада 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси дастуриламал бўлиб хизмат қилаётир. Президентимизнинг 2016 йил 21 октябрдаги “Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда жорий йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонлари бунда янги босқични бошлаб берди. Мазкур ҳужжатлар асосида соҳада халқа-ро алоқалар ҳам жадал ривожланмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳамда Қозоғистон Республикаси Олий суди ўртасида Ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Ушбу ҳужжат давлатларимиз Олий судлари ўртасида ўзаро тажриба алмашиш, кадрлар малакасини ошириш бўйича муносабатларни кучайтириш масалаларига қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Қозоғистон Республикаси Олий суди раиси К. Мами бу ташриф ва имзоланган Меморандум хусусида оммавий ахборот воситаларига берган интервьюсида, жумладан, шундай деди: “Азалдан бир дарёдан сув ичиб келаётган ўзбек ҳамда қозоқ халқлари аҳил қўшни сифатида яшамоқда. Улар ўртасида дўстлик ришталари тобора мустаҳкамланиб бораётганидан ҳар икки томон ҳам манфаатдор. Суд тизими ислоҳотлари мамлакатларимизда изчиллик билан давом эттирилаяпти. Аммо бугунги тезкор замонда шунинг ўзи билан кифояланиб қолиш мумкин эмас. Шу маънода, тажриба алмашиш фойдалидир. Бугун имзоланган Меморандум мазкур эзгу мақсадга қаратилгани билан эътиборга молик, деб ҳисоблайман. ШҲТга аъзо давлатлар Олий судлари раислари мажлиси ҳақида тўхталадиган бўлсак, унда қатор долзарб масалалар кўриб чиқилади. Одил судловни амалда таъминлаш борасидаги тажрибалар ўртоқлашилади ва терроризм, экстремизм ҳамда наркотрафикка қарши биргаликда курашиш ва бошқа долзарб масалалар муҳокама қилинади”.

Шу куни Тожикистон Республикаси Олий суди раиси Ш. Шоҳиён билан ҳам учрашув бўлиб ўтди.

Унда ҳар икки мамлакатда ушбу соҳада олиб борилаётган ислоҳотлардан кўзда тутилган асосий мақсад суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини тўлиқ таъминлаш орқали фуқароларнинг унга бўлган ишончини янада мустаҳкамлаш, пировардида одил судлов самарадорлигини оширишдан иборат экани айтиб ўтилди. Бу борада Ўзбекистон ҳам, Тожикистон ҳам катта салоҳиятга эга. Шундай экан, мазкур йўналишдаги ҳамкорликни янги босқичга кўтариш давлатларимиз манфаатларига уйғун. ШҲТга аъзо давлатлар Олий судлари раислари мажлиси томонлар ўртасидаги алоқани янги босқичга кўтаришга замин яратади.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси К. Комилов Қирғизистон Республикаси Олий суди раиси А. Токбаева билан учрашди.

Эътироф этилганидек, ҳар икки давлат Олий судлари ҳамкорлигини бугунги кун талаблари даражасида юксалтиришни даврнинг ўзи тақозо этмоқда. Зеро, судлар инсон ҳуқуқ ҳамда манфаатларини тўлиқ таъминлайдиган, одил судловни рўёбга чиқарадиган энг адолатли муассаса сифатида шаклланмоғи, давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, “Адолат қўрғони” бўлмоғи керак. Бу борада Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар Олий судлари раислари мажлиси ўзига хос тажриба мактаби сифатида хизмат қилади.

Зокир ХУДОЙШУКУРОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn