Ўзбекистон — БМТ: Барқарор ривожланиш йўлидаги ҳамкорлик
  • 25 Октябрь 2017

Ўзбекистон — БМТ: Барқарор ривожланиш йўлидаги ҳамкорлик

24 октябрь — Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ташкил топган кун сифатида дунё миқёсида кенг нишонланади. Шу муносабат билан Халқаро пресс-клубнинг навбатдаги йиғилиши ҳам мазкур нуфузли тузилма фаолияти, унинг мамлакатимиз билан олиб бораётган изчил ҳамкорлигига бағишланди.

“Ўзбекистон — БМТ: Барқарор ривожланиш йўлидаги ҳамкорлик” мавзуида уюштирилган анжуманда мамлакатимизнинг қатор вазирлик ва идоралари, жамоат тузилмалари, халқаро ташкилотлар вакиллари ҳамда журналистлар қатнашди.

Қайд этилганидек, БМТ дунё ҳамжамиятининг энг муҳим муаммоларини муҳокама қилиш ва ечиш учун тузилган ноёб ташкилот, халқларнинг тинч-тотув яшашга бўлган эзгу иродасининг буюк рамзи, инсоният маънавий тараққиётининг ёрқин нишонасидир. Мамлакатимиз БМТга 1992 йилнинг 2 мартида аъзо бўлган. Ўша кундан буён давлатимиз байроғи ушбу ташкилотнинг Нью-Йоркдаги бош қароргоҳи олдида ҳилпираб турибди.

Тадбирда сўз олган БМТнинг мамлакатимиздаги доимий мувофиқлаштирувчиси, БМТ Тараққиёт дастурининг доимий вакили Хелена Фрейзер Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил сентябрь ойида БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида иштирок этиб, нутқ сўзлагани ҳамда бу ташриф Ўзбекистон билан БМТ ҳамкорлигининг янги босқичини бошлаб берганини алоҳида таъкидлади.

— Маълумки, БМТ Бош Ассамблеяси сессияси инсоният олдида турган долзарб муаммоларни муҳокама қилиш, уларга ечим қидириш масалаларига бағишланади, — деди Х. Фрейзер хоним. — Бу борада давлатларнинг қарашлари ўртага ташланади, минтақалар ва халқлар манфаатидан келиб чиқиб, хулосалар белгиланади. Бундай форумда маъруза қилиш ғоят масъулиятлидир. Чунки давлатнинг ички ҳамда ташқи сиёсати, халқаро майдондаги обрў-эътибори, дунёда тинчлик-осойишталикни таъминлаш, турли миллатлар ва элатлар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашдаги фаол иштирокига алоҳида эътибор қаратилади. Давлатингиз раҳбарининг сессиядаги иштироки ва БМТнинг юксак минбаридан туриб сўзлаган нутқи шу жиҳатдан тарихий воқеа бўлди. Айтиш жоизки, -Президент Шавкат Мирзиёев ўз нутқида уч йўналишда — Ўзбекистон, Марказий Осиё минтақаси ҳамда БМТ даражасидаги фикрларини ўртага ташлади, умуминсоний манфаатлар кўзланган таклиф ва ташаббусларни илгари сурди.

Шуни алоҳида қайд этиш керакки, 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган кўплаб вазифалар БМТнинг 2016 — 2020 йилларга мўлжалланган Тараққиётга кўмаклашувчи доиравий дастурига, шу жумладан, БМТ тузилмаларининг мамлакатингиз билан ҳамкорлигининг устувор йўналишларига ҳам ҳамоҳангдир. БМТ бундан кейин ҳам юртингиз билан ҳамкорлик қилишга, шу жумладан, Ҳаракатлар стратегиясини амалга оширишга кўмаклашишга тайёр.

Ўзбекистон аҳолисининг 60 фоиздан ортиғини ёшлар ташкил қилади. Ҳар йили 500 мингдан зиёд ўғил-қизлар меҳнат бозорига кириб келмоқда. Давлатимизнинг ёшлар бандлигини таъминлаш бўйича олиб бораётган саъй-ҳаракатларини БМТ ҳам қўллаб-қувватлаяпти. Хусусан, яқинда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ушбу ташкилот билан ҳамкорликни йўлга қўйди. Айни пайтда ёш тадбиркорларга шарт-шароитлар яратишга қаратилган ишлар изчил давом эттирилаяпти.

БМТ Болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ)нинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси раҳбари Саша Грауманн, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг юртимиздаги ваколатхонаси раҳбари Лианне Куппенс ўз чиқишида Ўзбекистонда оналар ҳамда болалар манфаатларини ҳимоя қилиш, аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этишда бир қанча муваффақиятларга эришилаётганини билдирди.

Анжуманда Президент Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеясидаги нутқида Марказий Осиё минтақасининг умумий сув захираларидан оқилона фойдаланиш, Орол фожиаси оқибатларини бартараф қилишда халқаро миқёсдаги саъй-ҳаракатларни фаол бирлаштириш зарурлиги борасидаги таклифи ғоят долзарблигига алоҳида урғу берилди.

— Жорий йил июнь ойида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш Ўзбекистонга ташриф буюриб, давлат раҳбари билан учрашув ўтказди, — дейди Х. Фрейзер хоним сўзини давом эттириб. — БМТ Бош котиби Орол денгизи акваториясида, Мўйноқ туманидаги “Кемалар қабристони”да ҳам бўлиб, БМТ томонидан ҳудудда амалга оширилаётган лойиҳалар билан танишган эди. БМТ Бош котибининг мамлакатингизга ташрифи якунлари бўйича қабул қилинган 2017 — 2020 йилларда Ўзбекистон Республикаси билан БМТ ҳамкорлигини янада ривожлантириш бўйича “Йўл харитаси” ва БМТ томонидан Орол фожиасидан жабр кўрган аҳолига амалий ёрдам кўрсатиш бўйича махсус дастур Оролбўйи минтақасидаги вазиятни яхшилаш борасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Йиғилиш давомида БМТ Аҳолишунослик жамғармасининг юртимиздаги ваколатхонаси раҳбари Миеко Ябута, Гиёҳванд моддалар ва жиноятчиликка қарши курашиш бўйича бошқармаси ваколатхонаси раҳбари Ашита Миттал ҳамда бошқалар журналистларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоб бердилар.

Омонулла ФАЙЗИЕВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn