Ўзбекистон ўз тараққиётида янги босқичга қадам қўйди
  • 25 Октябрь 2017

Ўзбекистон ўз тараққиётида янги босқичга қадам қўйди

Юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар хориж оммавий ахборот воситалари нигоҳида.

Хорижлик сиёсатчилар, иқтисодчилар ва экспертлар мамлакатимизда янги босқичда олиб борилаётган ислоҳотларни катта қизиқиш билан кузатиб боришаяпти. Буни уларнинг чет эл оммавий ахборот воситаларидаги туркум чиқишлари мисолида ҳам кўриш мумкин. Албатта, бундан икки ёки ўн йил аввал Ўзбекистон ҳақида мақолалар ёзилмаган, дейишдан йироқмиз. Илгари ҳам бундай материалларни кўплаб учратиш мумкин эди. Аммо бугун хорижий ОАВ юртимиз тўғрисида ўз ўқувчиларига етказмоқчи бўлган янгиликнинг, мақсад-муддаонинг мазмуни, таъбир жоиз бўлса, оҳанги ўзгарган.

Яқинда АҚШнинг “Real Clear World” нашрида “Ўзбекистон янги марраларни кўзламоқда” сарлавҳали мақола эълон қилинди. Ушбу нашрнинг 4,2 миллион кишилик аудиторияси мамлакатимизда кечаётган улкан ўзгаришлар, амалий ташаббуслар ҳамда уларнинг самаралари ҳақида хабардор бўлди.

Нашр шарҳловчиси Жеймс Дурсо айни пайтда “Corsair LLC” консалтинг компаниясининг бошқарувчи директори ҳисобланади. “Bloomberg” молиявий янгиликлар агентлиги маълумотларига кўра, мазкур компания нафақат инвесторлар учун экспертлик маслаҳатларини беришга ихтисослаштирилган, балки ривожланаётган давлатлар -иқтисодиётига инвестиция ҳам киритади. Шу боис муаллиф юртимиз тўғрисида холис ахборот ва далилларга таянган ҳолда мақола ёзган.

Эксперт мамлакатимизда турли соҳаларни ислоҳ этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар, Президент Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуслари хусусида алоҳида фикр юритиб, бу саъй-ҳаракатлар тўпланиб қолган кўплаб муаммоларга ечим топиш имконини берганини эътироф этади. Минтақавий ва халқаро ҳамкорлик, қўшни давлатлар билан муносабатлар ана шулар жумласидандир. Америкалик мутахассис таъкидлаганидек, -Шавкат Мирзиёев қўшнилар билан муносабатларни жадал яхшилаб бораётир. Давлат раҳбари жорий йилнинг сентябрь ойида БМТ минбаридан туриб “Ўзбекистон бугунги кунда ўзининг ташқи сиёсатида Марказий Осиё минтақасига устувор аҳамият қаратмоқда”, деб таъкидлади.

Нуфузли “The Diplomat” интернет-журналида яқинда эълон қилинган мақолада ҳам худди шу фикрлар баён этилганини кўриш мумкин. Нашр муҳаррири Кэтрин Путц Марказий Осиёнинг қоқ марказида жойлашган Ўзбекистон минтақавий ҳамкорликни -мустаҳкамлашни мақсад қилганини қайд этади.

Америка ташқи сиёсат кенгаши вице-президенти Илан Берман Ўзбекистон раҳбари томонидан минтақада амалга оширилаётган фаол ташқи сиёсатни юқори баҳолади. “Бугун Марказий Осиёдаги ўзгаришларнинг барометрига айланаётган республика тараққиётида тарихий даврдир”, деб ҳисоблайди эксперт.

Жеймс Дурсонинг қайд этишича, Ўзбекистон раҳбари қўшни мамлакатлар, узоқ ва яқин хориж давлатлари, жумладан, Россия, Хитой, АҚШ, Европа Иттифоқи ҳамда бошқа мамлакатлар билан ҳамкорликни жадал кенгайтирмоқда.

Бундан ташқари, “Real Clear World” нашри шарҳловчиси фикрича, Ўзбекистон АҚШнинг Афғонистонга нисбатан қизиқиши ортаётганидан фойдаланиши мумкин. Тошкент Вашингтонга Ўзбекистондаги транзит ва эксплуатация инфратузилмасини таклиф қилиши мумкин. Шавкат Мирзиёевнинг АҚШ билан ҳамкорликка тайёрлиги Дональд Трампнинг принципиал жиҳатдан реалистик қарашлари билан уйғунликда Ўзбекистон иқтисодиёти тараққиёти учун зарур бўлган сиёсий макон яратиши мумкин.

Демак, бу эътирофлар Ўзбекистоннинг янги имиджи шаклланаётганидан далолатдир. Ушбу имидж нафақат замонавий иқтисодий, сиёсий, демографик воқелик ҳамда салоҳиятга, бой тарих, халқимизнинг инсоният тамаддунига қўшган улкан ҳиссасига таянган. Шу билан бирга, сўнгги пайтларда халқаро ҳамжамият учун юртимиз тобора очиқ бўлиб бораётгани Ўзбекистон имиджини ошираётган муҳим омиллардан бири ҳисобланади.

Бу, аввало, ахборот очиқлигига интилишда кўзга ташланаётир. Бинобарин, мамлакатимизда оммавий ахборот воситалари фаолиятини такомиллаштириш бўйича аниқ чора-тадбирлар рўёбга чиқарилаётир. Қатор хорижий ОАВга мамлакатимиздаги воқеа-ҳодисаларни холис ёритиш учун кенг имконият яратиб берилди.

Жеймс Дурсонинг ёзишича, халқаро ташкилотлар, ноҳукумат ташкилотлари ҳамда оммавий ахборот воситалари Ўзбекистондаги фаолиятини қайта тиклашга интилмоқда ва ҳукуматни ислоҳотларни давом эттиришга чақирмоқда. Мамлакатимизга яқинда ташриф буюрган “Human Rights Watch” халқаро нодавлат ташкилотининг Европа ҳамда Марказий Осиё бўйича бўлинмаси директори Х. Уильямсон ва ташкилотнинг Марказий Осиё бўйича офиси директори С. Свердлов бугунги ўзгаришларни умидли давр сифатида баҳолаб, Ўзбекистонда кечаётган янгиланишларни жуда муҳим жараён сифатида кўрсатиб ўтди.

“Real Clear World” нашри мақоласида Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари билан учрашуви ҳақида ҳам сўз юритилган. Дарҳақиқат, Зайд Раад ал-Ҳусайн, шунингдек, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг дин ва эътиқод эркинлиги масаласи бўйича махсус маърузачиси Аҳмад Шаҳид, Европа тикланиш ва тараққиёт банки вакилларининг ташрифлари мамлакатимизнинг мулоқотга очиқлигининг яна бир яққол тасдиғи бўлди. Уларга Ўзбекистондаги ҳақиқий аҳволни ўрганиш ҳамда холис баҳолаш учун барча зарур ахборот тақдим қилинди.

Ташқи ва ички сиёсатдаги ўзгаришларга фуқароларимиз ҳам гувоҳ бўлишмоқда. Буюк Британия нашри — “The Guardian” журналисти Жоанна Лиллис эса “Бугун Ўзбекистонда барчанинг тилида битта сўз: ўзгаришлар”, деб қайд этганида аслида ушбу ҳаётий ҳақиқат мужассам. Нуфузли нашр вакили хулосасига қўшимча қилиб айтиш мумкинки, Ўзбекистондаги янгиланишлар ҳамда уларнинг аҳамиятини нафақат юртдошларимиз, айни пайтда бошқа мамлакатлар, жумладан, ўарб матбуоти ва экспертлари атрофлича муҳокама этмоқда. Эксперт Жеймс Дурсонинг мақоласи ҳам Марказий Осиёдаги муҳим давлатга қизиқиш ниҳоятда катта эканлигини амалда кўрсатди.

Минтақавий мулоқотнинг жадаллашуви ҳамда Марказий Осиё мамлакатларининг кўплаб долзарб масалалар бўйича тўлақонли англашувга эга эканлиги Евроосиё маконининг марказий қисмида янги сиёсий муҳит қарор топаётганини ифодалайди. Бу муҳит бутун минтақанинг жадал тараққиёти учун асос бўлиб хизмат қилиши мумкин. Улкан ўзгаришларга қўл урган сиёсатчиларга тарих гувоҳ. Улар нафақат муайян давлатлар, балки бутун бошлиқ минтақалардаги янгиланишларга сабабчи бўлишади. Дунёнинг энг нуфузли оммавий ахборот воситалари етакчи журналистлари орқали нафақат ўз нашрларининг, балки ривожланган мамлакатлар сиёсий ва иқтисодий доиралари нуқтаи назарини ҳам баён этмоқда. Президентимиз томонидан белгилаб берилган оқилона ташқи сиёсат қўшниларимизга ҳам ижобий таъсир кўрсатаяпти ҳамда минтақада ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқаётир. Натижада минтақамизда Осиё ва Европанинг айрим давлатларида кузатилган жадал иқтисодий, сиёсий ҳамда ижтимоий ривожланиш учун беқиёс имконият пайдо бўлмоқда. Қўшни давлатлар раҳбарларининг интеграцияга самимий интилаётгани Ўзбекистоннинг жуғрофий жиҳатдан марказда жойлашгани билан бир қаторда, минтақа иқтисодий тараққиётида ҳал қилувчи кучга айланиб бораётганини кўрсатади.

Дунёнинг етакчи оммавий ахборот воситаларида янграётган бундай фикрлар мамлакатимиз раҳбари томонидан узоқни кўзлаб юритилаётган тараққиёт стратегияси пухта ва ҳаётий эканлигининг яна бир амалий тасдиғидир.

Актам ЖАЛИЛОВ,

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси қошида Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрларни тайёрлаш институти директори, сиёсий фанлар доктори, доцент.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn