Давлат мулки ва қонунчилик
  • 20 Май 2014

Давлат мулки ва қонунчилик

Пойтахтимизда “Давлат мулкини бошқариш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш бўйича давра суҳбати ўтказилди. Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси мутахассислари, хўжалик субъектлари вакиллари иштирок этди.

Таъкидланганидек, бугунги кунда, иқтисодиётимизда давлат мулки билан боғлиқ муносабатлар Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Фуқаролик, Ер, Солиқ, Уй-жой кодекслари, “Ўзбекистон Республикасида мулкчилик тўғрисида”ги, “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги, “Ижара тўғрисида”ги қонунлар ва бошқа қонун ҳужжатлари билан тартибга солинмоқда.

Шу билан бир қаторда, мазкур меъёрий-ҳуқуқий асослар соҳада тартибга солишнинг барча жиҳатларини тўлиқ қамраб олмаган ва уларда ҳар доим ҳам бир хил ёндашув мавжуд эмас. Ўз навбатида, давлат мулкини бошқариш жабҳасида бир қатор масалалар борки, бунинг учун амалдаги норматив базани янада такомиллаштириш ва уларнинг сўзсиз ижросини таъминлаш талаб этилади.

Бинобарин, Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида илгари сурилган ғоя, таклиф, қонунчилик ташаббусларини амалга ошириш доирасида, шунингдек, халқаро тажрибани инобатга олган ҳолда, мазкур қонун лойиҳаси тайёрланди.

У давлат мулкини, унга бўлган ҳуқуқлар давлат томонидан харид қилиб олинган вақтдан уларнинг тугатилганига қадар бошқариш тизимини яратишга йўналтирилган. Қонун лойиҳасида давлат мулкини бошқаришни амалга оширувчи давлат органларининг ваколатларини чегаралаш, уларнинг давлат мулкини бошқариш соҳасида олиб бораётган сиёсати учун жавобгарлигини ошириш назарда тутилган.

Ушбу қонун лойиҳасида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан доимий тарзда стратегик аҳамиятга эга давлат мулки объектларини қисқа муддатли ёки узоқ муддатли истиқболда бошқариш бўйича дастур қабул қилиб борилиши аниқ белгилаб берилган. Мазкур дастурда давлат мулки объектлари бўйича алоҳида устувор мақсадлар ва уларга эришиш учун вазифалар кўзда тутилади.

Мазкур янги ҳуқуқий ҳужжат давлат тасарруфида фақат асосий эҳтиёжларни қондириш, аҳоли ҳуқуқлари ва саломатлигини ҳимоя қилиш, жамоатчилик тартибини сақлаш, давлат хавфсизлиги ва ҳудудий яхлитлигини таъминлашда лозим бўлган мулкларни сақлаб қолишга қаратилган ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлади.
Давра суҳбати давомида мавзуга доир таклиф ва тавсиялар билдирилди.

С. МАХСУМОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn