Ахборот соҳасидаги ислоҳотларнинг муҳим босқичи
  • 17 Май 2014

Ахборот соҳасидаги ислоҳотларнинг муҳим босқичи

Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясига мувофиқ ишлаб чиқилган “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг қабул қилиниши жамиятимизни модернизациялаш жараёнидаги муҳим воқелик бўлди, деб айтиш мумкин.

Маълумки, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги ва ошкоралигини таъминлаш, аҳолини ижтимоий-сиёсий ва социал-иқтисодий соҳалардаги ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти тўғрисида хабардор қилиб бориш, бу борада ахборот эркинлигини таъминлаш демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ҳамда фуқаролик жамиятини барпо этишнинг энг муҳим шарти ҳисобланади. Шу маънода, янги Қонуннинг аҳамияти беқиёсдир.
Ушбу Қонунни ишлаб чиқишда ахборот соҳасини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишга қаратилган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар инвентаризациядан ўтказилди, дунёнинг 20 дан зиёд давлатлари қонунчилиги, шунингдек, тегишли халқаро ҳужжатлар ўрганилди. Қонун нормаларини кенг муҳокама қилиш мақсадида жамоатчилик эшитувлари ташкил этилди. Уларда, жумладан, хорижлик экспертлар ҳам иштирок этди. Шунингдек, қонун лойиҳаси бир қатор халқаро ташкилотлар томонидан мустақил экспертизадан ўтказилди.
Энг муҳими, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармойишига асосан, мазкур Қонунда назарда тутилган давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги ва ошкоралигини таъминлаш бўйича белгиланган норма ва қоидалар самарадорлигини аниқлаш, уларга амалий жиҳатдан ишлов бериш мақсадида, парламентнинг қонун ижодкорлиги фаолиятида илк маротаба ҳуқуқий эксперимент ўтказилди.
Айни вақтда мазкур Қонун юзасидан ўтказилган ҳуқуқий тажриба маҳаллий ва хорижий экспертлар томонидан қонун ижодкорлигининг замонавий усулларидан бири сифатида юқори баҳоланиб, қонун ижодкорлиги жараёнини демократлаштириш борасида муҳим қадам, дея эътироф этилди.
Эксперимент жараёнида аҳоли, ОАВ, сиёсий партиялар ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари томонидан қонун лойиҳасини такомиллаштириш юзасидан 700 дан зиёд таклиф ва тавсиялар билдирилиб, уларнинг аксарияти Қонунда ўз аксини топди. Бу эса, ўз навбатида, Қонуннинг пишиқ-пухта, аҳоли барча қатламлари манфаатлари инобатга олинган ҳолда ишлаб чиқилишини таъминлади.
Янги Қонуннинг асосий вазифалари жисмоний ва юридик шахсларнинг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти тўғрисидаги ахборотдан фойдаланиш, уни олиш кафолатларини таъминлаш, ушбу органлар тўғрисидаги ахборотни тарқатиш тартибини белгилашдан иборатдир. Шунга мувофиқ, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги уларнинг фаолияти тўғрисидаги ахборотдан фойдаланишни таъминлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар қабул қилиш орқали таъминланади. Хусусан, ахборот хизмати, расмий веб-сайт ва бошқа тегишли ваколатларга эга бўлган тузилмавий бўлинмалар орқали амалга оширилади.
Қонунда ахборотдан фойдаланувчи тушунчаси очиб берилган бўлиб, унинг ҳуқуқлари мустаҳкамлаб қўйилган. Мазкур ҳужжатда ахборотдан фойдаланувчи бевосита ҳамда ўз қонуний вакили орқали оғзаки, ёзма ёки электрон шаклдаги сўров билан давлат ҳокимияти ва бошқаруви органига мурожаат қилиш ҳуқуқига эгадир. Бунда ахборотдан фойдаланувчининг сўрови рўйхатга олинган кундан бошлаб ўн беш кундан кечиктирилмаган муддат ичида кўриб чиқилиши лозим. Оммавий ахборот воситасининг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органининг фаолияти тўғрисидаги ахборотни олиш тўғрисидаги сўрови эса етти кундан ошмайдиган муддатда кўриб чиқилиши керак бўлади.
Қонунда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ўзларининг очиқ ҳайъат мажлисларида ахборотдан фойдаланувчиларнинг ҳозир бўлиши учун имкониятларни яратиши кўзда тутилган. Очиқ ҳайъат мажлисларини ўтказиш режалари, шу жумладан, кун тартиби лойиҳаси, ўтказиш санаси, жойи ва вақти ҳамда уларда иштирок этиш тартиби тўғрисидаги ахборотлар оммавий ахборот воситаларида ёки расмий веб-сайтда олдиндан эълон қилинади.
Замонавий ахборот-коммуникация технологияларининг давлат ва жамият қурилиши соҳасига кенг жорий этилишини инобатга олган ҳолда, Қонунда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг расмий веб-сайтига қўйиладиган талаблар, уларда жойлаштирилиши лозим бўлган ахборотлар рўйхати, веб-сайтда жойлаштириладиган ахборотга сана қўйилиши ва мунтазам янгиланиб турилиши ҳамда ахборотни янгилаш тезлиги ҳафтасига бир мартадан кам бўлмаслиги лозимлиги бўйича нормалар белгилаб қўйилган. Бу эса, ўз навбатида, интерактив давлат хизматларини ривожлантириш ҳамда фуқароларга ва тадбиркорлик субъектларига масофадан туриб давлат органлари фаолияти тўғрисида тегишли маълумот ҳамда ахборотларни олиш имконини беради.
Шунингдек, мазкур Қонунда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ўз фаолиятларининг очиқлигини таъминлаш мақсадида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органи қошида оммавий ахборот воситалари вакилларини аккредитация қилиши ҳамда оммавий ахборот воситаларининг аккредитация қилинган вакилларига давлат органлари томонидан ўтказиладиган тадбирлар ҳақида олдиндан хабар беришлари, ўз касбига доир мажбуриятларини бажаришда уларга ёрдам кўрсатиш бўйича ҳам аниқ қоидалар мустаҳкамланган. Кўриниб турибдики, Қонун нафақат ахборот олишдан манфаатдор бўлган субъектлар ҳуқуқларини кенгайтиради, балки айни пайтда бундай ахборотни тақдим қиладиган органлар масъулиятини ҳам оширади.
Қонуннинг “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисидаги ахборот” деб номланган моддасига алоҳида тўхталиб ўтсак. Шуниси эътиборлики, бу модда мазкур Қонунга ҳуқуқий эксперимент натижасида киритилди. Ҳуқуқий эксперимент давомида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти тўғрисидаги қандай ахборотлар эълон қилиниши ёки сўров асосида тақдим этилиши лозимлиги хусусида кўплаб мунозаралар бўлди. Шунинг учун ҳам  бундай ахборот турларининг умумий рўйхатини очиб бериш таклиф қилинди ва у Қонунда ўз ифодасини топди. Эндиликда бундай аниқлаштириш фуқаролар мурожаатларини кўриб чиқиш тартиби билан давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти тўғрисида ахборотни тақдим қилиш тартиби ўртасидаги чегарани аниқ белгилаб олиш имконини беради.
Қонуннинг 5-моддасига мувофиқ, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти тўғрисидаги ахборот жумласига давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, уларнинг ижро этилиши, шунингдек, давлат органлари томонидан Давлат дастурлари ҳамда бошқа дастурларнинг амалга оширилиши тўғрисидаги маълумотлар киритилди. Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан ўтказиладиган оммавий тадбирлар — мажлислар, кенгашлар, учрашувлар, матбуот конференциялари, брифинглар, семинарлар, давра суҳбатлари, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг бошқа давлат органлари, жисмоний ҳамда юридик шахслар, шунингдек, хорижий ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлиги тўғрисидаги маълумотлар ҳам ушбу рўйхатдан ўрин олди. Қолаверса, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти соҳасига тааллуқли бўлган тармоқнинг ёки ҳудуднинг ҳолатини ва унинг ривожланиш суръатини тавсифловчи, шу жумладан, ижтимоий-иқтисодий ривожланиш кўрсаткичлари тўғрисидаги маълумотлар, улар томонидан ўтказиладиган очиқ танловлар (тендерлар) ва кимошди савдолари тўғрисидаги хабарлар, бўш иш ўринлари, ишга қабул қилиш шартлари, очиқ ҳайъат мажлисларини ўтказиш режалари, шу жумладан, мажлисларнинг кун тартиби лойиҳалари, улар ўтказиладиган сана, жой ва вақт, мажлисларда ҳозир бўлиш тартиби ҳам шундай ахборотлар сирасига киради.
Қонун Олий Мажлис Қонунчилик палатаси қўмиталарида, барча сиёсий партия фракциялари ҳамда Ўзбекистон экологик ҳаракати депутатлар гуруҳи томонидан кенг муҳокама қилиниб, қўллаб-қувватланди. Шу билан бирга, депутатлар ўз сайлов округларида сайловчилар билан учрашувларда мазкур Қонуннинг мазмун-моҳиятини кенг тушунтиришди. Айтиш керакки, у аҳоли томонидан тўла қўллаб-қувватланди.
Кучга кирган ушбу Қонун давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти ҳақида жамоатчиликни хабардор қилиб боришнинг самарали тизимини яратиш, улар томонидан қабул қилинаётган қарорлар сифатини яхшилаш борасида мансабдор шахсларнинг масъулиятини ошириш, қабул қилинаётган қарорларнинг мазмун-моҳиятини аҳоли кенг қатламларига етказиш, уларнинг ижтимоий-социал фаоллигини кучайтириш, давлат органлари фаолияти устидан самарали жамоатчилик назоратини олиб бориш имконини бериб, мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштиришга хизмат қилади.

Абдурашид ЖЎРАБОЕВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси раиси.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn