Қозоғистон — Ўзбекистон: давр синовидан ўтган дўстлик
  • 15 Сентябрь 2017

Қозоғистон — Ўзбекистон: давр синовидан ўтган дўстлик

Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоев 2017 йил 16-17 сентябрь кунлари давлат ташрифи билан Ўзбекистонда бўлади. Мамлакатларимиз дипломатик алоқалар ўрнатилганининг 25 йиллигини нишонламоқда. Бу алоқалар яқин қўшничилик, стратегик шериклик руҳида изчил ривожланиб бораётганини эътироф этмоқ жоиз.

Қозоғистон ва Ўзбекистон замонавий давлатчиликнинг мустаҳкам асосини барпо этган ҳамда буюк келажак сари дадил қадам ташламоқда. Мамлакатларимиз ўртасидаги икки томонлама ҳамкорлик ишончли ва конструктив мулоқот тусига кирган.

Ўтган йигирма беш йил давомида давлатларимиз ҳамкорлигининг мустаҳкам шартномавий-ҳуқуқий базаси яратилди. Турли соҳаларга оид 100 дан ортиқ шартномалар, хусусан, Абадий дўстлик тўғрисидаги шартнома (1998 йил), Стратегик шериклик тўғрисидаги шартнома (2013 йил) шулар жумласидандир.

Биз янги ўзбек давлатчилиги асосчиси — Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти хотирасига ҳурмат бажо келтирамиз. Ислом Каримов Қозоғистон — Ўзбекистон муносабатларига улкан ҳисса қўшди. Бугун давлатларимиз ўртасида на ҳудудий, на чегара масалаларида муаммо бор. Шу ўринда 2016 йилгача ўзаро чегараларимиз делимитация қилинганлигини қайд этиш зарур.

Собиқ иттифоқ ҳудудида бўлган қатор йирик инқирозларга қарамасдан, мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар мустақилликнинг илк йилларидан барқарор сақланиб қолмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 22-23 март кунлари давлат ташрифи билан Остонага ташриф буюриши натижасида ўзаро муносабатлар сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилди ҳамда ҳозирги пайтда жадал суръатларда ривожланиб бораяпти. Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг ўзида Қозоғистонга тўрт марта ташриф буюргани ҳам бунинг яққол тасдиғидир.

Остонада икки мамлакатлар раҳбарлари томонидан Қозоғистон Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси ўртасида стратегик шерикликни янада чуқурлаштириш ва аҳил қўшничиликни мустаҳкамлаш тўғрисидаги қўшма декларация имзоланди. Ҳукуматларимиз ўртасида 2017 — 2019 йилларга мўлжалланган иқтисодий ҳамкорлик стратегияси қабул қилинди. Умуман, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қозоғистонга илк ташрифи жами 840 миллион доллардан ортиқ 91 битим имзолангани билан тарихга кирди. Бундан ташқари, мазкур ташриф доирасида Қозоғистоннинг қатор маҳсулотлари, ун, керамик плиткалар учун акциз солиғининг ҳамда Қозоғистон юкларининг Ўзбекистон орқали транзити учун юқори ставкалар масаласи ҳал қилинди. Президент 

Н. Назарбоев Қозоғистон Ўзбекистонни яқин мамлакат, яхши қўшни сифатида кўришини қайд этди. Моҳиятига кўра, биродар Ўзбекистон Қозоғистон учун стратегик шерик ҳисобланади. Ва бизнинг Ўзбекистон билан дўстлик ҳамда ҳамкорликни чуқурлаштиришга бўлган интилишимиз ўзгармайди.

Ўзбекистон Марказий Осиёда Қозоғистоннинг энг йирик савдо ҳамкори саналади. Мамлакатларимиз ўртасида товар айирбошлаш қишлоқ хўжалиги, металлургия ва нефть соҳаси маҳсулотлари ҳисобига янада ўсиб бораяпти. Таъкидлаш керакки, Қозоғистонда Ўзбекистоннинг енгил саноат маҳсулотларига талаб жуда юқори.

Озиқ-овқат, саноат, фармацевтика, нефть ва нефть маҳсулотлари, нефть-газ-кимё, кимё маҳсулотларини етказиб бериш бўйича учта савдо уйини ташкил қилишга доир масаланинг ҳал этилиши икки мамлакат тадбиркорлари учун муҳим кўмак бўлиши лозим. Бундан ташқари, енгил саноат соҳасида савдо уйини ташкил қилиш бўйича музокаралар юритилмоқда.

Осиё тараққиёт банки маълумотларига кўра, Қозоғистоннинг Ўзбекистон импортидаги улуши сўнгги тўрт йил ичида 9,6 фоиз ўсди. Қозоғистон импортида ҳам Ўзбекистон маҳсулотлари улуши кўпайган. Ўтган йили товар айирбошлаш ҳажми 2 миллиард доллар атрофида бўлди. Бу охирги марра эмас. Сўнгги олти ойда ўзаро савдо сезиларли даражада ўсди. Маълумки, мамлакатларимиз ўртасида ўзаро товар -айирбошлашнинг йиллик кўрсаткичини 2020 йилга бориб, 5 миллиард долларга етказиш режалаштирилмоқда.

Шу маънода айтганда, Қозоғистонда Ўзбекистоннинг валюта сиёсатини либераллаштириш соҳасидаги ислоҳотлари икки томонлама савдо-иқтисодий ҳамкорлик равнақига ижобий таъсир кўрсатади, деб билишади. Биз икки мамлакат бизнес-тузилмалари фаоллашишини, жумладан, ўзаро инвестициялар ўсишини кутаяпмиз. Қозоғистон 2012 йилдан бери Ўзбекистонга инвестиция ҳажмини беш баравар оширди. Ўз навбатида, Ўзбекистон жорий йилнинг биринчи чорагида 4,4 миллион доллардан ортиқ тўғридан-тўғри инвестицияларни йўналтирди. Бу аввалги йилларга қараганда кўпдир.

Ўзбекистонда Қозоғистон иштирокида 124 корхона фаолият кўрсатади, шулардан 28 таси юз фоиз қозоқ капитали асосида тузилган. Қозоғистонда эса ўзбекистонлик тадбиркорлар иштирокида савдо, қурилиш, озиқ-овқат, машинасозлик, енгил саноат, металлни қайта ишлаш сингари соҳаларда 900 га яқин корхоналар ташкил қилинган.

Қозоғистон ва Ўзбекистон ҳукуматлари раҳбарлари биринчи ўринбосарлари раислигида икки томонлама ҳамкорлик ҳукуматлараро комиссия ҳам самарали иш олиб бормоқда.

Биламизки, жорий йилда мамлакатларимиз чегараларида қўшимча иккита ўтказиш пункти очилди, шунингдек, амалдаги учта автомобиль ўтказиш пункти кечаю кундуз ишлай бошлади. Қолаверса, Остонадан Тошкентга иккита қўшимча авиақатнов йўлга қўйилди, Олмаота ҳамда Тошкент ўртасида тезюрар йўловчи поезди қатнай бошлади. Буларнинг барчаси ўзаро ташрифлар, туризм, маданий-гуманитар алоқалар ривожланаётганидан далолат беради. Ушбу саъй-ҳаракатлар меҳнат ресурсларининг эмин-эркин ҳаракатланишига ҳам ижобий таъсир кўрсатди.

Шуни алоҳида қайд этиш керакки, Қозоғистон ва Ўзбекистон транспорт инфратузилмаларининг жадал интеграциялашуви транспорт-транзит коридорларини шакллантиришда ҳал қилувчи ўрин тутади ҳамда мамлакатларимизга савдо, инвестицияни рағбатлантириш, икки томонлама ва минтақа даражасида ҳамкорликни янада ривожлантириш имконини беради.

Бугун Марказий Осиё халқаро энергетика ҳамда транспорт лойиҳаларида муҳим роль ўйнамоқда. Транспорт-коммуникация, сув-энергетика соҳаларидаги йирик лойиҳаларни минтақадаги фаол ҳамкорликсиз амалга ошириб бўлмайди. Марказий Осиё мамлакатларининг истиқболда интеграциялашуви минтақа хавфсизлигини таъминлаш ва фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилади. Давлатларимиз ўртасидаги мустаҳкам ҳамкорлик алоқаларини инобатга оладиган бўлсак, Ўзбекистон ҳамда Қозоғистон минтақавий бирлашмани яратиш бўйича режаларни қайта тиклаши мумкин.

Мамлакатларимиз Марказий Осиёда муҳим давлатлар ҳисобланади. Сув-энергетика, Орол денгизи масалалари, биргаликда инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш ва Афғонистонда тинчликни қарор топтириш бўйича яқин позицияга эга.

Икки томонлама ҳамкорликнинг яна бир йўналиши ҳарбий-сиёсий алоқалардир. Мамлакатларимизнинг мудофаа идоралари ўртасида ҳамкорлик йўлга қўйилган, парламентлараро алоқалар ҳам сезиларли даражада фаоллашди. Ўзбекистон ҳамда Қозоғистон Марказий Осиёда барқарорлаштирувчи ролини бажариб, минтақада тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлашга салмоқли ҳисса қўшиб келади. Муносабатларимизда биринчи марта БМТ Хавфсизлик Кенгаши шафелигида маслаҳатлашувлар механизми йўлга қўйилди. Давлатларимиз Марказий Осиё мавзусининг БМТ Хавфсизлик Кенгаши кун тартибидан ўрин олиши учун биргаликда иш олиб бормоқда. Бу, авваламбор, минтақавий хавфсизликни таъминлаш, терроризм ҳамда экстремизмга қарши курашиш, иқтисодий ва экологик муаммоларни ҳал қилишга қаратилгандир.

Ушбу йўналишда биз БМТ асосий органининг эътиборини Марказий Осиё муаммоларини ҳал этишга, донор-мамлакатларни, халқаро ташкилотларни жалб қилишга ҳамда ҳамкорликда минтақавий лойиҳаларни амалга оширишга қаратиб келаяпмиз.

Айтиш керакки, Афғонистон муаммосини сиёсий йўллар билан ҳал этиш ва мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ҳолатини яхшилаш Марказий Осиёда барқарорлик ҳамда хавфсизликни таъминлашнинг асосий омилларидан саналади. Минтақани тинчлик, ҳамкорлик ва хавфсизлик ҳудудига айлантириш бизнинг олдимизда турган энг долзарб вазифадир.

Бизнинг ядро қуролидан холи бўлиш ҳамда ушбу оммавий қирғин қуроли тарқалишига қарши кураш бўйича ташаббусларимиз, шунингдек, Қозоғистоннинг БМТ Хавфсизлик Кенгашининг муваққат аъзоси сифатида фаолияти Ўзбекистон томонидан изчил қўллаб-қувватланаётгани халқаро доирада юксак эътироф этилади. Буни бутун Марказий Осиё минтақасининг муваффақияти сифатида кўриш мумкин.

Қозоғистоннинг яшил технологияларни ривожлантириш соҳасидаги ташаббуслари Ўзбекистон томонидан қўллаб-қувватлангани ва маъқуллангани, айниқса, Остона шаҳрида ўтказилган “ЭКСПО — 2017” халқаро кўргазмасида яққол кўринди. Ўзбекистоннинг ушбу йирик тадбирдаги қамровли экспозицияси қозоғистонликлар ҳамда меҳмонлар диққат-эътиборида бўлди. Ўзбек павильони энг кўп ташриф бўлган оммабоп павильонлардан бирига айланди. Кўргазманинг очилиш маросимида Шавкат Мирзиёевнинг иштирок этгани мазкур тадбирга алоҳида нуфуз бағишлади.

Икки томонлама муносабатларни ривожлантириш жараёнида кучли экспертик-таҳлил муҳим ўрин тутади. Шу муносабат билан икки мамлакатнинг етакчи илмий-таҳлилий тузилмалари — Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти ҳамда Қозоғистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Қозоғистон стратегик тадқиқотлар институти ўртасида ўрнатилган сермаҳсул ҳамкорликни кўрсатиб ўтиш лозим.

Қозоғистон ва Ўзбекистон иқтисодиёт, савдо ҳамда хавфсизлик соҳаларида лойиҳаларни илгари суриш билан бир қаторда, маданий-гуманитар ҳамкорликни ривожлантиришда ҳам катта салоҳиятга эга. Бунда халқларимизни азал-азалдан, асрлар мобайнида умумий тарих бирлаштириб туришини ёдга олишнинг ўзи кифоя. Хусусан, бугун Ўзбекистонда 800 минг нафардан ортиқ қозоқлар истиқомат қилади. Бу Хитойдан кейин иккинчи йирик қозоқ диаспораси ҳисобланади. Қозоғистонда эса 550 минг нафарга яқин ўзбек диаспораси бор. Миллий диаспоралар алоқаларини мустаҳкамлаш мамлакатларимиз ўртасида “дўстлик кўприги”ни яратгани ҳолда, маданий-гуманитар ҳамкорликни кенгайтиришга хизмат қилади.

Маълумки, Қозоғистонда ҳозирги даврда тил модернизация қилиниб, лотин ёзувига асосланган қозоқ алифбосига босқичма-босқич ўтиш белгилаб олинди. Бу моҳиятан мамлакат маънавий-маданий ҳаётида тарихий босқич, деганидир. Ўзбекистон илгари бундай кўламдаги ислоҳотни амалга оширган. Ўйлаймизки, ушбу ўзгаришлар ҳам давлатларимиз ва халқларимизни янада яқинлаштиришга, уйғун ривожланишга замин яратади.

Умумий тарих, маданият, тил ва ҳудуд яқинлиги тамойиллари негизида барқарор ривожланиб бораётган Қозоғистон — Ўзбекистон ҳамкорлиги ўзаро ишонч ҳамда стратегик шерикликка асосланган. Бу муносабатлар тараққиётида, чиндан ҳам, янги давр бошланди. Асосийси, дипломатик алоқалар ўрнатилганининг 25 йиллиги арафасида турган мамлакатларимиз келажакка комил ишонч ва некбинлик билан боқмоқда.

Зарема ШАУКЕНОВА,

Қозоғистон Республикаси Президенти ҳузуридаги

Қозоғистон стратегик тадқиқотлар институти директори,

социология фанлари доктори, профессор.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn