Экологик барқарорликни таъминлаш — ҳаётий зарурат
  • 22 Август 2017

Экологик барқарорликни таъминлаш — ҳаётий зарурат

Инсоннинг узоқ умр кўриши, сиҳат-саломатлиги кафолатланиши, энг аввало, экологик омилларга боғлиқ бўлиб, бу бугунги кунда нафақат юртимизда, балки халқаро миқёсда ҳам долзарб масала ҳисобланади.

Айтиш жоизки, атроф-муҳит муҳофазасини таъминлаш, экологик муаммоларни бартараф этиш, аҳоли соғлиғини мустаҳкамлаш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланишга давлатимиз сиёсатининг муҳим йўналишларидан бири сифатида эътибор қаратилмоқда.
Бунда, аввало, ҳуқуқий базани мустаҳкамлаш ва такомиллаштиришга аҳамият берилди. Бинобарин, соҳани ҳуқуқий жиҳатдан таъминламасдан туриб, натижа хусусида бирон сўз айтиб бўлмайди. Сўнгги 26 йил ичида мазкур йўналишда ўттизга яқин қонун ва 150 га яқин қонуности ҳужжатлари қабул қилинди. Ушбу ҳуқуқий ҳужжатларда умумий тамойиллар билан бир қаторда, соҳадаги муносабатларни тартибга солишнинг ўзига хос жиҳатларини акс эттирувчи бошқа қоидалар ҳам мустаҳкамлаб қўйилди.
Мазкур соҳа қонунчилигини изчил такомиллаштириш, уларни ҳаётга татбиқ этиш, ижроси юзасидан парламент  назоратини олиб боришга Экоҳаракат депутатлар гуруҳи ҳам ўз фаолияти давомида жиддий эътибор қаратиб келмоқда. Жумладан, Экоҳаракатнинг қуйи палатадаги депутатлари томонидан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида “Экологик назорат тўғрисида”ги, янги таҳрирдаги “Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги, “Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги қонунлар ишлаб чиқилди ҳамда қабул қилинди. Айни пайтда ушбу йўналишда қонун ижодкорлиги жараёни қизғин давом этмоқда. Чунончи, Ўзбекистон Республикасининг “Ўрмон тўғрисида”ги Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонуни лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасида янги таҳрирда кўриб чиқилди.
Халқаро ҳуқуқий тажриба, замонавий фан-техника ва технологиялар асосида экологик қонунчиликни такомиллаштириш Ўзбекистон экологик хавфсизлигини таъминлашнинг асосий шартларидан бири саналади. Шу нуқтаи назардан айтганда, юртимизда миллий экологик қонунчиликни ривожлантириш билан бир қаторда, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасидаги халқаро ва давлатлараро шартномалар, битимларга қўшилиш, миллий қонунчилигимизга имплементация қилиш борасида тизимли ҳамда изчил ишлар бажарилди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида амалга оширилган конституциявий ислоҳотлар мамлакатимиз экологик хавфсизлигини таъминлашнинг муҳим стратегик кафолати бўлди. Бу, ўз навбатида, мазкур соҳанинг ҳуқуқий асосини янада такомиллаштириш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланишни тартибга солувчи қонунлар ижроси изчил таъминланишида долзарб аҳамият касб этмоқда.
Маълумки, 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ва шу асосда қабул қилинган “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастурида атроф-муҳитни муҳофаза қилишни таъминлаш тизимида самарали ҳуқуқий механизмни яратиш борасида янги қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш кўзда тутилган. Айни чоғда бу бўйича ҳам фаол саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда. “Қайта тикланувчи энергия манбалари тўғрисида”ги янги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш ҳамда “Чиқиндилар тўғрисида”ги, “Экологик экспертиза тўғрисида”ги, “Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида”ги, “Туризм тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш шулар жумласидандир.
Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида фақатгина қонун ижодкорлиги орқали мавжуд муаммоларни тўла-тўкис ҳал этиш, бу борада ижобий натижаларга эришиш, албатта, осон эмас. Шу боис давлат бошқаруви ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан экологик қонунчилик ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан фойдаланиш соҳасида давлат дастурлари ижросининг сўзсиз таъминланиши устидан қатъий назорат ўрнатиш, бу борада нафақат мутасадди ташкилотлар, балки кенг жамоатчиликнинг иштирокини таъминлашга асосий эътибор қаратилмоқда.
Умуман айтганда, бугун экология соҳасидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш, уларни давр талабига мослаштириш, экологик таълим-тарбия тизимини янада мукаммаллаштириш борасидаги ишларни кенгайтириш ҳаётий зарурат бўлиб, бу биз, депутатлар зиммасига катта масъулият юклайди. Албатта, бунда Президентимизнинг Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон экологик ҳаракати вакиллари билан бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишидаги маърузаси дастуриламал бўлиши баробарида, тизимдаги мавжуд муаммоларнинг қонуний ечимини топишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Зеро, юқорида қайд этилганидек, ҳар биримизнинг сиҳат-саломатлигимиз, умримиз давомийлиги экологик барқарорликка бевосита боғлиқдир.

Абдураҳим ҚУРБОНОВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
Қонунчилик палатаси депутати.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn