Қонун лойиҳалари муҳокамасида асосли таклифларга эътибор қаратилмоқда
  • 15 Август 2017

Қонун лойиҳалари муҳокамасида асосли таклифларга эътибор қаратилмоқда

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида сиёсий партиялар фракцияларининг йиғилишлари бўлиб ўтди. Уларда депутатлар қуйи палата мажлиси кун тартибига киритилган, мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ҳаётига оид бир қатор долзарб қонун лойиҳаларини иккинчи ўқишда дастлабки тарзда кўриб чиқдилар.

Чунончи, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг парламент қуйи палатасидаги фракцияси йиғилишида 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифалар ижроси доирасида -ишлаб чиқилган “Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил тўғрисида”ги қонун лойиҳаси қизғин муҳокама қилинди.

Қонун лойиҳасида тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасида давлат сиёсатини шакллантириш ва амалга оширишда иштирок этиш, тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари нормалари ва талабларининг амалда рўёбга чиқарилаётганини ўрганиш назарда тутилмоқда.

Унинг биринчи ўқишдаги муҳокамасида фракция аъзолари томонидан  Вакилнинг асосий вазифалари бўйича билдирган таклифлари йиғилишда атрофлича кўриб чиқилди. Айни чоғда ушбу лойиҳани иккинчи ўқишга тайёрлаш давомида киритилган ўзгартишларга эътибор қаратилди. 

Таъкидлаб ўтилганидек, қонун лойиҳасида тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил давлат органлари ва бошқа ташкилотлардан мустақил равишда ўз фаолиятини эркин амалга ошириши акс этмоқда. Шу билан бирга, мазкур лавозимга тайинлаш ва озод қилиш тартиби, шунингдек, унинг асосий ваколатлари ҳамда фаолият йўналишлари белгилаб берилмоқда. 

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси йиғилишида “Болалар соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан уларни ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муфассал кўриб чиқилди.

Фракция аъзолари ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши болалар соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан уларни ҳимоя қилиш ва ахборот олиш кафолатларини таъминлаш бўйича ҳуқуқий, иқтисодий ва ташкилий шарт-шароитларни яратиш, болаларни бузғунчи, уларнинг руҳиятига зарар етказувчи таъсирлардан ҳимоя қилиш, саломатлигига зиён етказувчи ахборот тарқатилишининг олдини олиш, болалар соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш соҳасида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари, жисмоний ва юридик шахслар фаолиятини қўллаб-қувватлашга хизмат қилишини қайд этдилар.

Муҳокамалар жараёнида депутатлар томонидан ёшларни турли зарарли таъсирлардан ҳимоя қилиш партия сайловолди дастурида устувор вазифа этиб белгиланганлиги таъкидланди. Билдирилган аксарият таклифлар инобатга олингани, хусусан, болаларнинг кириши мумкин бўлган жойлар, томошабоп тадбирлар, фильмни оммавий намойиш этиш тушунчаларини қонуннинг мазмун ва моҳиятига тўғри келмаганлиги ҳамда тушунча сифатида кўрсатишнинг зарурати йўқлигини инобатга олиб чиқариб ташлаш лозимлиги таъкидланди. Шунингдек, ундаги камчиликларни бартараф этишга алоҳида ёндашилди. Бу борада ёшларнинг фикр-мулоҳазалари ҳам тингланди.

Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси йиғилишида фракция аъзолари, партия фаоллари, бир гуруҳ фаол ёшлар ҳамда қонун лойиҳалари бўйича манфаатдор вазирлик ва идоралар масъул ходимлари қатнашди.

Парламент қуйи палатасининг бир гуруҳ депутатлари томонидан киритилган “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси фракция аъзолари томонидан атрофлича муҳокама қилинди.

Айтиб ўтилганидек, айни пайтда жисмоний ва юридик шахслар томонидан давлат органларига мурожаат қилиш ва ушбу мурожаатларни кўриб чиқиш 2014 йилда қабул қилинган “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ амалга ошириб келинмоқда. Бироқ мазкур ҳужжат соҳадаги умумий масалаларни тартибга солиб, фуқароларни қабул қилиш, мурожаатларни кўриб чиқиш тартибини тўлиқ акс эттирмайди ҳамда мурожаатлар билан ишлашнинг замонавий усулларини назарда тутмайди.

Фракция аъзолари бу борадаги миллий қонунчиликни янада такомиллаштириш, замон талаблари асосида қайта кўриб чиқиш, энг аввало, партия электорати манфаатларига мос келишини таъкидладилар.

Ўз навбатида, ушбу қонуннинг қабул қилиниши мамлакатимизда жисмоний ва юридик шахслар мурожаатларини кўриб чиқишнинг янги усул ва шакллари амалга оширилишига кўмаклашиш, мурожаатларни кўриб чиқишда давлат органлари ва бошқа ташкилотлар фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш ҳамда мансабдор шахсларнинг жисмоний ва юридик шахслар олдида масъулиятини кучайтиришга хизмат қилиши билан аҳамиятли эканига эътибор қаратилди.

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг парламент қуйи палатасидаги фракцияси йиғилишида “Ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ҳам қизғин мунозараларга сабаб бўлди.

Амалдаги қонунчиликка кўра, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Вазирлар Маҳкамаси, вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини эълон қиладиган расмий манбалари белгилаб қўйилган.

Таклиф этилаётган қонун лойиҳасида мазкур органлар ва муассасаларга ўзлари қабул қилган ҳуқуқий ахборотларни расмий манбалардан ташқари, норасмий манбаларда, хусусан, веб-сайтларда эълон қилиши мажбурий қилиб белгиланмоқда.

Ўз навбатида, фракция аъзолари қонун ҳужжатлари миллий базаси — Lex.uz сайти фаолият кўрсатиб турган бир вақтда ҳуқуқий ахборотларни такроран барча давлат органлари ва муассасалари номидан тарқатилишини молиялаштириш учун Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан талаб этиладиган харажатлар таҳлилига аниқлик киритиш лозимлигини билдирдилар. Қолаверса, қонун лойиҳасининг 20-моддасида давлат органининг расмий веб-сайтига жойлаштирилган ҳуқуқий ахборот ишончли бўлиши кераклиги ҳамда у оммавий ахборот воситаларида эълон қилинадиган ахборот билан бир хил кучга эга эканлиги белгиланган. Шундан келиб чиқиб, фракция аъзолари мазкур қоида “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Қонуннинг 29-моддаси билан мувофиқлигини қайта кўриб чиқиш таклифини илгари сурдилар.

Фракциялар йиғилишларида, шунингдек, “Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман Кенгашларига сайлов тўғрисида”ги, “Парламент назорати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига қўшимча ва ўзгартиш киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳалари атрофлича кўриб чиқилди. 

Муҳокама этилган масалалар юзасидан фракциялар позицияси шакллантирилди ҳамда тегишли қарорлар қабул қилинди. 

Зиёда АШУРОВА.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn