«Sekai Nippo» газетаси Ўзбекистоннинг бой ва бетакрор сайёҳлик салоҳияти ҳақида
  • 10 Май 2014

«Sekai Nippo» газетаси Ўзбекистоннинг бой ва бетакрор сайёҳлик салоҳияти ҳақида

Яқинда Японияда чоп этиладиган оммабоп нашрлардан бири — “Sekai Nippo” газетасида “Цивилизациялар ва меҳмондўстликнинг туташуви: Ўзбекистон сайёҳликни ривожлантирмоқда” сарлавҳали мақола босилиб чиқди.

Унда Марказий Осиёдаги энг кўп нуфусга эга бўлган мамлакат — Ўзбекистон Буюк Ипак йўлининг маркази ҳисоблангани ҳолда у бой ва ранг-баранг маданиятга, кўпгина сайёҳлик қадамжолари ҳамда бетакрор меъморий ёдгорликларга эга эканлигига урғу берилган. “Мамлакат бағрида жойлашган тўрт шаҳар — Самарқанд, Бухоро, Шаҳрисабз, Хива ЮНЕСКО Умумжаҳон маданий мероси рўйхатига киритилган”.
Нашрнинг таъкидлашича, Ўзбекистон ҳукумати мамлакатда сайёҳлик инфратузилмасини такомиллаштиришга катта эътибор қаратмоқда. 2007 йили Ўзбекистонга ташриф буюрган сайёҳлар сони қарийб 900 минг кишини ташкил этган эди, 2013 йили эса бу кўрсаткич 1,98 миллион нафар кишига етди. Бошқача айтганда, ўтган қисқа муддат ичида сайёҳлар сони икки баравардан зиёд ошди.
“Sekai Nippo” Тошкентда муҳташам меҳмонхоналар ва сайёҳлик мажмуалари қурилиши ишлари олиб борилаётганини, Бухорода “B&B” (Bed&Breakfast) тоифасидаги меҳмонхоналарнинг сони тобора ошиб бораётганини ўқувчилар эътиборига ҳавола қилган.
Мақолада мамлакатимиз сайёҳлик индустриясини жаҳон андозалари даражасига етказиш юзасидан олиб борилаётган кенг кўламли саъй-ҳаракатлар ҳақида ҳам атрофлича фикр юритилган.  Унда қайд этилишича, “Турли хорижий компаниялар билан қўшма лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан музокаралар олиб борилмоқда. Ҳозирги пайтда Ўзбекистонга ҳар йили 2 миллион нафар хорижлик сайёҳ келаётир”.
Газета 2014 йил 17-18 апрель кунлари Тошкент шаҳрида “Дам олиш дунёси — 2014” халқаро сайёҳлик кўргазмаси бўлиб ўтгани ҳақида тўхталар экан, унда ўзбек ва хорижий туркомпаниялар ҳамда меҳмонхона хўжалиги вакиллари ўз хизматлари тақдимотларини ташкил этишганини қаламга олган. “Бундан ташқари, мазкур халқаро сайёҳлик анжумани доирасида ўзбек миллий таоми — палов фестивали ҳам бўлиб ўтди”, дейилади мақолада.
Нашр Ўзбекистондаги цивилизациялар ва меҳмондўстликнинг туташувини сайёҳларни ўзига оҳанрабодек жалб этадиган ўзига хос ҳамда гўзал ажойибот, деб атайди.  “Буни Буюк Ипак йўлининг барча шаҳарларида ҳис қилиш мумкин. Ўзбек халқи вакиллари билан мулоқотда бўлган сайёҳ ана шундай ажойиботдан баҳраманд бўлади”, дея ёзилади “Sekai Nippo” газетаси саҳифаларида. 

«Жаҳон» АА.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn