Бошқарув тизимидаги ислоҳотлар
  • 27 Июль 2017

Бошқарув тизимидаги ислоҳотлар

мамлакат тараққиёти ва аҳоли фаровонлигига хизмат қилади

Бошқарув тизимини такомиллаштириш ҳар бир мамлакат тараққиётида муҳим ўрин тутади. Бу борада юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар соҳадаги мавжуд муаммолар, ишлатилмаётган имконият ва захираларни чуқур, атрофлича таҳлил қилиш асосида унинг энг янги, замонавий шакллари ҳамда усуллари жорий этилишига имкон яратмоқда.
Бугун миллий иқтисодиётни янада ривожлантириш бўйича Президентимиз томонидан аниқ ва стратегик вазифалар белгилаб берилмоқдаки, уларнинг бажарилиши макроиқтисодий барқарорликни мустаҳкамлаш, иқтисодиётнинг юқори ўсиш суръатларига эришиш, фаол инвестиция сиёсатини юритиш, давлат аҳамиятига молик йирик лойиҳаларни рўёбга чиқариш, ҳудудларни комплекс ва жадал ривожлантиришда муҳим ўрин тутади.
Ушбу вазифалар ижросини таъминлашда бошқарув тизимини янада такомиллаштириш, соҳага замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш, уларнинг дастурий ва таҳлилий қувватидан фойдаланиш асосида бошқарув жараёнларида оптимал қарорлар қабул қилинишига, самарадорлиги ва натижадорлигига эришиш долзарб аҳамиятга эга.
Айни пайтда Президентимиз ташаббуси билан биз, депутатлар ва сенаторлар жойларда бўлиб, ҳақиқий ҳолатни ўрганаяпмиз. Таҳлиллар  давомида ҳудудларда идоралараро мувофиқлаштиришнинг сустлиги, бюджет маблағларидан самарали фойдаланишни таъминлашда назорат бўшлиги, давлат харидларини амалга ошириш тизимида муаммолар, ҳудудий дастурлар бажарилишини мунтазам назорат қилишда камчиликлар ҳамда бошқа шу каби масалалар мавжудлиги кўзга яққол ташланмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 24 июлдаги “Ўзбекистон Республикасида лойиҳа бошқаруви тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони айнан ана шу масалалар ечимига, чунончи, давлат бошқаруви тизими, иқтисодиёт ва ижтимоий соҳаларни ислоҳ қилиш шароитида ресурслардан оқилона фойдаланишни таъминловчи, лойиҳавий бошқарув принципларига асосланган қарорлар қабул қилиш механизмларини ишлаб чиқиш ва назорат қилишнинг замонавий шакл ҳамда усулларини жорий этишга қаратилгани билан ниҳоятда аҳамиятлидир.
Бинобарин, Фармон билан давлат дастурлари амалга оширилишини, молиявий маблағлар самарадорлиги ва шаффофлигини, шунингдек, 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Лойиҳа бошқарувининг ягона миллий ахборот тизими яратилаётгани эътиборга молик.
Ушбу тизимда ҳар бир ресурснинг ҳақиқий бозор қийматини шакллантириш ҳамда бу соҳада нотўғри ишларга йўл қўймаслик имконини берадиган ягона ресурслар миллий маълумотномасини жорий этиш, уларнинг ҳисобини юритиш, ресурслар миқдори ва турларининг тўғри қўлланилганлигини аниқлаш ўз ифодасини топмоқда. Лойиҳа бўйича қабул қилинган қарор самарадорлигини баҳолаш, лойиҳаолди ишларини тўлиқ бажариш, лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва тегишли тартиботлардан ўтказиш, ижро интизомига риоя этиш ва ҳисоботлар тайёрлаш каби жараёнлар устидан электрон назорат ўрнатиш акс этаётгани дастурлар ва уларда кўзда тутилаётган лойиҳаларнинг самарадорлигини таъминлашда муҳим роль ўйнайди.
Фармоннинг яна бир ўта муҳим жиҳати — Лойиҳа бошқарувининг ягона миллий ахборот тизимида давлат харидларининг шаффофлигини ва бу соҳада суиистеъмолчиликларнинг олдини олишни таъминлайдиган ягона автоматлаштирилган тизим ташкил этиш, ишлар бажарилиши ва дастурлар ижросининг ҳақиқий ҳолатини кўрсатувчи календарь-тармоқ режалаштиришни ҳамда бошқарув қарорлари қабул қилишнинг назорат-таҳлилий таъминотини йўлга қўйиш белгиланаётганидир. Бу, ўз навбатида, Давлат бюджети, давлат мақсадли жамғармалари ва бошқа молиявий маблағларнинг мақсадли сарфланишини ва улардан самарали фойдаланилишини таъминлашга хизмат қилади.
Фармонга биноан, мазкур тизимни жорий этиш бўйича Мувофиқлаштирувчи кенгаш тузилди ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги ташкил этилди. Унинг зиммасига тизимни йўлга қўйиш ҳамда амалиётга киритиш борасида қатор вазифалар юклатилди.
Умуман олганда, давлатимиз раҳбарининг мазкур ҳужжатида  белгиланган чора-тадбирларнинг амалиётга татбиқ этилиши бошқарув тизими, энг аввало, давлат органлари ва ташкилотларининг очиқлиги ҳамда шаффофлигини янада оширишга хизмат қилади. Шунингдек, у бюджет ва бошқа молиявий маблағлардан оқилона фойдаланишни таъминлаш, суиистеъмолчилик ва коррупция ҳолатларининг олдини олиш, дастурлар ва лойиҳалар бажарилишида ижро интизомини мустаҳкамлаш баробарида, Ҳаракатлар стратегияси ижроси, энг муҳими, миллий иқтисодиётимизни жадал ривожлантириш ва халқимиз фаровонлигини янада юксалтиришда муҳим ўрин тутади. Шу боис биз, депутатлар ушбу Фармон мазмун-моҳиятини аҳоли ўртасида кенг тушунтиришимиз, шу орқали фуқароларнинг иқтисодий, ҳуқуқий билимини муттасил ошириб боришимиз мақсадга мувофиқдир.

 
Абдурашид ТЎХТАБОЕВ,
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси
Қонунчилик палатаси депутати,
«Миллий тикланиш» демократик партияси фракцияси аъзоси.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn