Замонавий солиқ сиёсати: ютуқ ва камчиликлар таҳлили
  • 27 Июль 2017

Замонавий солиқ сиёсати: ютуқ ва камчиликлар таҳлили

Халқаро пресс-клубнинг навбатдаги сессияси “Ўзбекистоннинг замонавий солиқ сиёсати: вазифалар ва ижро механизми” мавзуига бағишланди. Унда Ўзбекистон Республикаси Молия, Адлия ва Иқтисодиёт вазирликлари, Давлат солиқ қўмитаси, Марказий банк, Ҳисоб палатаси, Бош прокуратура мутасаддилари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви, шунингдек, Солиқ академиялари масъул ходимлари қатнашди.

Қайд этилганидек, сўнгги пайтларда мамлакатимизда иқтисодиётни либераллаштириш, хусусан, солиқ соҳасини такомиллаштириш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Шу боис галдаги тадбирда республикамизда солиқ маъмуриятчилигини тубдан такомиллаштириш, солиқ ва бошқа мажбурий тўловларнинг йиғилувчанлигини ошириш, солиқ тўловчиларга яратилган қулайлик ҳамда имтиёзлар, давлат солиқ хизмати органлари томонидан кўрсатилаётган интерактив хизматлар, соҳада ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантиришга доир вазифалар ижроси муҳокама марказида бўлди.
Мулоқотсиз муносабат ўрнатиш майдони
2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида бошқа соҳалар қаторида солиқ солиш базасини кенгайтириш орқали солиқ маъмуриятчилигини соддалаштириш ва солиқ юкини камайтириш масалаларига ҳам алоҳида аҳамият қаратилган. Президентимизнинг жорий йил 18 июлдаги “Солиқ маъмуриятчилигини тубдан такомиллаштириш, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг йиғилувчанлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони эса мамлакатимизда тадбиркорликни ривожлантириш ҳамда хорижий инвестицияларни жалб қилиш учун солиқ юкини изчиллик билан камайтириш ва қулай шарт-шароитларни яратишни таъминлашда янги даврни бошлаб берувчи муҳим ҳужжат бўлди. Унда давлат солиқ хизмати органлари тизимини ислоҳ қилишнинг еттита муҳим йўналиши белгилаб берилди.
— Бугунги кунда ҳаётимизга чуқур кириб келаётган ахборот-коммуникация технологияларининг ривожи соҳамизни замон талабига ҳамоҳанг равишда такомиллаштириш, бу борада мавжуд имкониятлардан янада кенгроқ фойдаланишни тақозо этмоқда, — дейди Давлат солиқ қўмитаси раиси ўринбосари Назарали Норбоев. — Қолаверса, Ҳаракатлар стратегиясида кўрсатиб ўтилган вазифалар ҳам тизим фаолиятини танқидий қайта кўриб чиқишни талаб қилади. Хусусан, Фармонда белгиланганидек, интерактив хизматлар бўйича ҳали амалга оширилиши керак бўлган ишлар кўп. Бундан ташқари, бюджет ҳамда даромадларни шакллантириш юзасидан ҳаётга татбиқ этилаётган дастурларни доимий равишда молиявий таъминлаб бориш учун солиқ солинадиган базани тўлиқ қамраб олиш, янги шаклларни қўллаш каби тадбирларни жонлантиришимиз зарур.
— Солиқ маданиятини юксалтириш жиддий масалалардан биридир, — дейди Давлат солиқ қўмитаси раиси ўринбосари Эркин Гадоев. — Чунки ҳар бир солиқ тўловчи, у хоҳ жисмоний, хоҳ юридик шахс бўлсин, нима учун солиқ тўлаётганини билиши лозим. Бундан ўзи ҳам манфаатдор эканлигини англаб етиши керак. Шу маънода, Фармон билан солиқ органлари ва солиқ тўловчилар ўртасида мулоқотсиз муносабат ўрнатиш масаласи ўртага қўйилгани ҳам айни муддаодир. Зеро, бу мазкур жараёнга инсон омили аралашувини камайтириш баробарида, унга унум бағишлайди. Бунга, албатта, Фармонда қайд этилганидек, замонавий ахборот-коммуникация технологияларини изчил қўллаш орқали эришилади.

Интерактив хизматлардан фойдаланиш қамрови қандай?
Дарҳақиқат, замонавий ахборот технологиялари ўзаро мулоқотсиз тўғридан-тўғри алоқаларни ўрнатишда муҳим аҳамиятга эга. Давлат солиқ тизимида ушбу йўналишдаги ишларга 2005 йилдан бошлаб жиддий эътибор қаратилиб, тўрт босқичли жараён амалга оширилмоқда. Жумладан, дастлаб, солиқ тўловчиларга 9 та интерактив хизмат таклиф этилган бўлса, ҳозирги кунга келиб, уларнинг сони 35 тани ташкил қилмоқда.
Айни пайтда 345 мингта юридик шахснинг давлат солиқ органи сайтида ўз “Шахсий кабинети” мавжуд. Тадбиркор ҳамда ишбилармонларнинг электрон рақамли имзодан фойдаланиш имконияти ҳам тобора ошиб бораётир. Бундан ташқари, қўмитанинг “мобиль илова”си орқали ҳам 15 та хизмат жисмоний шахслар эътиборига ҳавола қилинаётир. Солиқ тўловчиларга қулайлик туғдириш, мулоқотсиз назорат тизимини яратиш мақсадида 53 та вазирлик ва идора билан 112 турдаги маълумотлар алмашинуви йўлга қўйилган.
Умуман, солиқ органлари ҳамда солиқ тўловчилар ўртасида 44 та ҳолатда мулоқот вужудга келади. Тизимда айни пайтгача шунинг 35 таси интерактив асосда амалга оширилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг Фармони эса ушбу ишларни тўртинчи босқичга кўтариб, барча хизматни замонавий усулда кўрсатиш учун мустаҳкам пойдевор яратиши билан аҳамиятлидир.

Таътил — ривожланиш учун имконият демак
Президентимиз Фармонида айрим субъектларга солиқ таътиллари берилиши ҳам қайд этилган. Сессия спикерлари ушбу масалага ҳам алоҳида тўхталиб, унинг мазмун-моҳиятини тушунтиришга ҳаракат қилишди.
Яъни эндиликда вақтинчалик молиявий қийинчиликларга тўқнаш келган ҳалол солиқ тўловчилар — хўжалик юритувчи субъектларга қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда солиқ таътиллари берилиши мумкин. Албатта, бу ўз ишини сидқидилдан бажариб, халқимиз манфаатлари йўлидаги эзгу мақсадли лойиҳаларни рўёбга чиқаришга бел боғлаган ишбилармонлар учун жуда фойдалидир. Лекин ўтказилган камерал назорат натижалари бўйича аниқланган тафовутлар юзасидан солиқ тўловчилар томонидан асослар тақдим этилмаган тақдирда, солиқлар ҳамда бошқа мажбурий тўловлар суммалари суд тартибида ундирилади.

Терминал бўлиши шарт, лекин...
Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 15 февралдаги “Пул муомаласини янада такомиллаштириш ва банк пластик карточкаларидан фойдаланган ҳолда ҳисоб-китобларни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида жорий йилнинг 1 мартидан бошлаб чакана савдо ҳамда хизмат кўрсатиш соҳасидаги тадбиркорлик субъектлари, шу жумладан, якка тартибдаги тадбиркорлар аҳолидан тўловларни банк пластик карточкалари орқали қабул қилувчи ҳисоб-китоб терминаллари ўрнатмасдан фаолиятини амалга оширишга ҳақли эмаслиги белгилаб қўйилган эди. Унга кўра, нақд ёки пластик карточка орқали ҳисоб-китоб қилиш шаклига қараб, нархларни сунъий равишда оширса ёки камайтирса, энг кам иш ҳақининг ўттиз баробари, назорат-касса машиналари ва терминалларни ишлатиш мажбурий бўлгани ҳолда, уларни ишлатмаслик, худди шунингдек, квитанциялар, талонлар, чеклар ёки уларга тенглаштирилган бошқа ҳужжатларни бермасдан товарларни реализация қилганлик ҳамда хизматлар кўрсатганлик учун энг кам иш ҳақининг ўттиз баробаридан эллик баробаригача, пластик карточкалар асосида тўловларни қабул қилишни рад этганлик эса энг кам иш ҳақининг юз баробари миқдорида жарима солинишига сабаб бўлиши қайд этилган.
Халқаро пресс-клуб анжуманида ушбу масалага ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди.
Дейлик, орадан белгиланган вақт ўтди. Бироқ ҳамма жойда ҳам бунга тўлиқ амал қилаётган тадбиркорларни учратавермаймиз. Хўш, бунинг сабаби нимада?
Давлат солиқ қўмитаси мутасаддиларининг фикрича, бунга амал қилмаган ҳар бир ишбилармонга тегишли чора кўрилади. Лекин айрим ҳолатлар инобатга олинади. Масалан, белгиланган муддат ичида терминал харид этиш учун мурожаат қилинган ва бошқа ишончли сабаблар бўлган тақдирда, жавобгарликдан озод этилади.
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқаруви раиси ўринбосари Саидкамол Ходжаевнинг айтишича, мамлакатимизда терминаллар етишмовчилиги мавжуд. Чунки уни ишлаб чиқарувчи маҳаллий корхоналар кам. Шу боис терминаллар хориждан келтирилмоқда. Бугунги кунда ушбу йўналишда маълум ишлар амалга оширилаётир. Терминаллар эҳтиёжи бор тадбиркорлик субъектларига банклар орқали етказиб берилмоқда, унинг тегишли захирасини яратиш чоралари кўрилаяпти.
Маълумки, бир ҳафта мобайнида Халқаро валюта жамғармаси миссияси мамлакатимиз иқтисодиёти ривожланиши ҳамда расмий органлар ишлаб чиққан ислоҳотлар режасини муҳокома қилиш учун пойтахтимизда бўлди. Кеча миссиянинг ушбу ташрифи якуни бўйича баёноти оммавий ахборот воситаларида эълон қилинди.
Сессияда мутасаддилар журналистларнинг мазкур йўналишдаги саволларига ҳам батафсил жавоб қайтаришди.


Дилшод УЛУҒМУРОДОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn