Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти очиқлигини таъминлашнинг ҳуқуқий асослари такомиллаштирилмоқда
  • 09 Май 2014

Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти очиқлигини таъминлашнинг ҳуқуқий асослари такомиллаштирилмоқда

Куни кеча “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни матбуотда эълон қилинди.

Мазкур Қонун кенг жамоатчиликда катта қизиқиш уйғотди. Юртдошларимиз ушбу ҳуқуқий ҳужжатни чуқур ўрганиб, ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришмоқда. Қуйида улардан айримларини эътиборингизга ҳавола этаяпмиз.

Н. ТОШЕВ,

Бухоро вилояти, Олот тумани, “Жумабозор” қишлоқ фуқаролар йиғини раиси:

— Биз газетада чоп этилган “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Қонунни диққат билан ўқиб чиқдик. Унинг номланишидан ҳам кўриш мумкинки, Қонун давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятини такомиллаштиришга хизмат қилади. Мазкур Қонун ҳам содда ва тушунарли тилда ёзилганлиги билан барча учун бирдек тушунарлидир.

Мамлакатимиз Конституциясида давлат халқ иродасини ифода этиб, унинг манфаатларига хизмат қилиши ҳамда давлат органлари ва мансабдор шахслар жамият ва фуқаролар олдида масъул эканлиги белгилаб қўйилган. Янги Қонун ушбу нормани тўла-тўкис амалга оширишни таъминлайди.

“Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Қонун аҳолининг давлат тузилмалари фаолияти ҳақида ахборот олишида, уларнинг бу борадаги масъулиятини оширишда, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасидаги ишларимизни яхшилашда ва албатта, аҳоли фаровонлигини юксалтиришда катта имкониятларни очади.

Мазкур ҳуқуқий ҳужжат фуқаролар хабардорлигини таъминлашнинг турли усуллари назарда тутилиши билан ҳам биз учун муҳим аҳамиятга эга. Бу давлат органлари томонидан қабул қилинган қарорларнинг моҳияти ва аҳамиятини, амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг бориши ҳақидаги ахборотларни ҳар бир ҳудуд, ҳар бир маҳалла аҳолисига етказиш имконини беради. Маълумки, бизнинг вазифаларимиздан бири — бандликни таъминлашга кўмаклашишдир. Бугун бўш иш ўринлари ҳақидаги ахборотлар вилоятлар ҳокимликлари, меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш органлари веб-сайтларида, оммавий ахборот воситаларида мунтазам эълон қилинмоқда. Бу, ўз навбатида, бизнинг фаолиятимизда катта ўрин тутади.

Шунингдек, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга маҳалла аҳолисини кенг жалб этишнинг муҳим омили солиқ, божхона хизматлари, жойлардаги ҳокимликлар томонидан бериладиган ахборотлар ҳисобланади. Қолаверса, очиқлик ва давлат органлари расмий манбалари ахборотларининг тўла-тўкис мавжуд бўлиши аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини аниқ йўналтирилган тарзда ижтимоий қўллаб-қувватлаш имконини яратади.

Георгий ТРОФИМОВ,

Навоий вилоятининг “Знамя дружбы” газетаси мухбири:

— Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантиришда оммавий ахборот воситалари алоҳида ўрин тутади. Чунки айнан оммавий ахборот воситалари глобаллашув шароитида юртимизда кечаётган энг муҳим воқеалар, амалга оширилаётган янгиланишлар, қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни кенг ёритиш орқали давлат ва жамият ўртасида ўзига хос кўприк вазифасини бажармоқда.

“Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Қонуннинг қабул қилиниши фуқаролик жамиятини ривожлантиришда яна бир муҳим қадам бўлди.

Шуни алоҳида қайд этиш керакки, оммавий ахборот воситалари соҳасида юртимизда мустаҳкам қонунчилик асоси шакллантирилган бўлиб, у изчил такомиллаштириб борилмоқда, журналистлик фаолиятининг эркинлиги ва кафолатлари таъминланмоқда. Давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган мазкур Қонун ахборотдан фойдаланиш эркинлигини, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари мансабдор шахсларининг журналистга зарур ахборотни, Қонунда белгиланганидек, 7 кунлик муддатда тақдим этиш мажбуриятини таъминлаш орқали ушбу кафолатларни янада мустаҳкамлайди. Бундай янгилик фаолиятимизда учраб турадиган ахборот олишдаги баъзи пайсалга солиш ҳолатларини бартараф қилади, шунингдек, журналист материалининг тезкорлигини, ишончлилигини ҳамда сифатли бўлишини таъминлайди.

Биз, яъни журналистика соҳаси вакиллари сон жиҳатдан унча кўп эмасмиз. Аммо биз жамият кўз ўнгида фаолият юритамиз, муҳим ва масъулиятли вазифани бажарамиз. Янги Қонуннинг қабул қилиниши нафақат фаолиятимиз кафолатларини мустаҳкамлайди, балки биздан ахборот беришда янада катта масъулият талаб қилади. Чунки биз жамоатчилик фикрини шакллантирамиз.

Нигора МАДАЗИМОВА, 

Андижон вилоятидаги “Ҳамроҳ” нодавлат нотижорат ташкилоти раҳбари:

— Фуқаролик жамияти институтлари вакилларига давлат органлари фаолиятига оид ахборотларни тўсиқсиз олишнинг мустаҳкам кафолати зарур. Мамлакатимизда яқинда кучга кирган Қонун ана шу нуқтаи назардан ҳам долзарбдир. Эътиборлиси, ушбу ҳуқуқий ҳужжат синови бўйича ўтказилган ҳуқуқий эксперимент унинг нодавлат нотижорат ташкилотлари учун жамоатчилик назоратини амалга ошириш, уларнинг фаоллигини кучайтириш, ижтимоий аҳамиятли вазифаларга фуқароларни янада кўпроқ жалб этишда нақадар муҳим эканини кўрсатди.

Ушбу Қонуннинг асосий принциплари — ахборотдан ҳамманинг фойдаланиши мумкинлиги, унинг ўз вақтида тақдим этилиши ва ишончлилиги, ошкоралик, шаффофлик, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисидаги ахборотни излаш, олиш ва тарқатиш эркинлиги ҳамда бошқалар ННТ ўзгаришларнинг муҳим иштирокчисига айланаётган ҳозирги давр талабларига тўлиқ мос келади.

Қонунда мамлакатимизда охирги йилларда шаклланган жамоатчиликни давлат органлари фаолияти ҳақида бохабар қилиш механизмлари белгилаб қўйилган. Улар орасида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисида ахборот олишга доир сўровга жавоблар, нодавлат нотижорат ташкилотлари вакилларининг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг очиқ ҳайъат йиғилишларида иштирок этишига оид тартиблар муҳим аҳамиятга эгадир.

Ишончимиз комилки, мазкур ҳуқуқий ҳужжат айни кунларда ишлаб чиқилаётган “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги ва “Ўзбекистон Республикасида жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонунлар лойиҳалари билан бирга, мамлакатимизда демократик қадриятларни муҳофаза қилишнинг ишончли кафолатига айланади.

 

 

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn