Яқин қўшничиликнинг ёрқин намунаси
  • 12 Июль 2017

Яқин қўшничиликнинг ёрқин намунаси

Ўзбек ва қозоқ халқлари ўртасида асрлар давомида шаклланган, тарих синовларидан ўтган қардошлик ришталари бугун Ўзбекистон Республикаси ҳамда Қозоғистон Республикасининг ташқи сиёсатидаги дўстона муносабат, яқин ҳамкорлик алоқалари жараёнида тобора мустаҳкамланмоқда.

Зеро, давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, “Ўзбекистон ва Қозоғистон яқин қардош ва асрлар давомида синалган дўстлардир”.

Кеча М-39 Тошкент — Термиз халқаро автомобиль йўлининг қўшни Қозоғистон орқали ўтган қисми юртимиз енгил автомобилларининг қатнови учун қайта очилганлиги ана шу биродарликнинг  яна бир амалий ифодаси бўлди. Натижада Ватанимиз пойтахтини мамлакатимизнинг жанубий ва шимолий вилоятлари билан боғлайдиган масофа сезиларли даражада қисқарди. Шунингдек, йўлдаги тиғизлик ҳамда ортиқча ёнилғи сарфига барҳам бериладиган бўлди. 

Президентимизнинг 2017 йил 26 апрелдаги “Ўзбекистон — Қозоғистон Давлат чегараларида “Оқолтин” ва “Малик” автомобиль ўтказиш пунктларини очиш тўғрисида”ги  қарорига биноан очилган мазкур ўтказиш пунктлари фаолияти тезкор ва ҳар жиҳатдан қулай ташкил этилгани эса эътиборга моликдир.

Хусусан, “Малик” ўтказиш пункти божхона пости бошлиғи Алимардон Умировнинг таъкидлашича, божхона назорати соддалаштирилган ҳолда олиб борилади ҳамда транспорт воситалари визуал ҳолатда кўздан кечирилади. Йўловчилардан божхона декларациясини тўлдириш талаб этилмайди. Пунктга ёндош жойлашган божхона ва чегара постларидаги бундай қулайликлар автомобиль ҳамда йўловчиларнинг ўтказиш пунктида жуда қисқа вақт тўхтаб ўтишини таъминлайди.

— Бу хушхабарни катта хурсандчилик билан кутиб олдик, — дейди Сирдарё туманида яшовчи меҳнат фахрийси Акбарали Мирзааҳмедов. — Бинобарин, дунёда қўшнига йўл бериш, унинг узоғини яқин, оғирини енгил қилишдек хайрли иш йўқ. Қолаверса, ушбу йўлнинг очилиши тарихий илдизлари, “бозори ҳам, мозори ҳам бир бўлган” ўзбек ва қозоқ  халқларининг дўстлигини янада мустаҳкамлайди, бир-бирига яқинлаштиради.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари У. Розуқулов, Қозоғистон Республикасининг инвестициялар ва ривожланиш бўйича вазири ўринбосари Р. Скляр иштирок этди. Сирдарё вилояти ҳокими ў. Мирзаев ҳамда Жанубий Қозоғистон вилояти ҳокими Ж. Туймебаев сўзга чиқди.

Бундай тантаналар Қозоғистон Республикасининг “Сирдарё” ва “Целинный” ўтказиш пунктларида ҳам бўлиб ўтди.

Аҳмадали ШЕРНАЗАРОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn