Вояга етмаганлар манфаати — қонун ҳимоясида
  • 30 Июнь 2017

Вояга етмаганлар манфаати — қонун ҳимоясида

Қашқадарёда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитасининг кенгайтирилган сайёр йиғилиши бўлиб ўтди. Унда қуйи палата депутатлари, вилоят ҳокимлиги, прокуратура, суд органлари, ИИБ ҳамда бошқа давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари қатнашди.

Йиғилиш “Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисида”ги Қонун давлат ҳокимияти ҳамда бошқаруви органлари томонидан қандай ижро этилаётганлигини ўрганиш ва шу йўналишдаги муаммоларни аниқлаш, давлат органлари билан нодавлат нотижорат ташкилотлари ўртасида муносабатларни ривожлантириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш мақсадида ташкил этилди.

Қўмита ишчи гуруҳи аъзолари томонидан ўтказилган назорат-таҳлил жараёнида ушбу Қонуннинг ижросини таъминлашга бевосита масъул давлат органлари раҳбарлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқаролик жамияти институтлари вакилларининг шу йўналишдаги фаолияти таҳлил этилди. Унга кўра, ҳудудда истиқомат қилаётган 3 миллион 89 минг нафар аҳолининг 1 миллион 87 минг нафари вояга етмаганлар бўлиб, назоратсиз ва қаровсиз болалар сони кўпайган.

Минтақавий ҳамда туман (шаҳар) идоралараро комиссияларнинг давлат бошқаруви органлари томонидан нодавлат нотижорат ташкилотлари билан ҳамкорликда чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилган ҳамда унинг ижроси юзасидан муайян ишлар амалга оширилган. Жумладан, Қарши шаҳридаги Мурувват уйига 

1,5 млрд. сўмлик ҳомийлик ёрдами кўрсатилган, эҳтиёжманд оилаларнинг 50 нафар фарзандининг хатна тўйлари ўтказиб берилди. Шу билан бирга, 2016 йилда етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар учун ҳомийлар томонидан Қарши шаҳрида 30 хонадондан иборат тураржой қурилиб, фойдаланишга топширилган.

Шу каби саъй-ҳаракатларга қарамасдан, Қонун ижроси билан боғлиқ қатор муаммолар борлиги ҳам йиғилишда таъкидлаб ўтилди. Хусусан, хулқи ижобий томонга ўзгарган вояга етмаганларни ички ишлар идораларидан профилактик ҳисобдан чиқариш ишлари қониқарсиз ташкил этилган. Айни чоғда ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тизимида ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш, уларни турли ёт ғоялар таъсиридан ҳимоя қилишни жадаллаштириш борасидаги юмушлар ҳам талаб даражасида эмас.

Очиқ мулоқот тарзида ўтган йиғилишда шу каби муаммо ва камчиликларни бартараф этишга қаратилган таклиф ҳамда тавсиялар берилди.

Якунда муҳокама этилган масалалар юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.

Аҳад МУҲАММАДИЕВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn