Судьялар аҳоли билан юзма-юз мулоқот ўтказмоқда
  • 29 Июнь 2017

Судьялар аҳоли билан юзма-юз мулоқот ўтказмоқда

Яқинда пойтахтимизда бўлиб ўтган суд органлари тизимида одил судловни таъминлаш борасидаги ишларнинг аҳволи, муаммолар ва истиқболдаги вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилишида давлатимиз раҳбари томонидан соҳадаги ҳолат танқидий-таҳлилий баҳоланиб, судьяларнинг аҳоли билан ҳар ойда камида бир марта очиқ мулоқот ташкил этиши таклифи ўртага ташланган эди.

Шундан келиб чиқиб, Бухоро вилоятида ҳам махсус дастур асосида судьяларнинг аҳоли билан юзма-юз мулоқоти йўлга қўйилди. Ана шундай тадбирлардан бири Қоракўл туманидаги Сайёт қишлоғида бўлиб ўтди. Ўндан зиёд маҳалла фуқаролар йиғинлари вакиллари қатнашган учрашувда жиноят ишлари бўйича вилоят суди раиси И. Муслимов тизимда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти, одил судловни амалга ошириш, суд органлари ва судьялар фаолиятини қонун ҳамда адолат талаблари асосида ташкил қилиш борасидаги ишлар ҳақида атрофлича сўзлаб берди. Алоҳида таъкидланганидек, Ҳаракатлар стратегиясида аҳолининг судларга ишончини мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш билан боғлиқ долзарб вазифалар белгиланган бўлиб, бу соҳа ривожида муҳим аҳамият касб этади.

Аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, судьялар зиммасидаги масъулиятни кучайтиришга хизмат қилувчи бундай учрашувлар вилоятнинг барча шаҳар ва туманларида бўлиб ўтмоқда.

Истам ИБРОҲИМОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn