Тошкентда Венгрия элчихонаси очилди 
  • 28 Июнь 2017

Тошкентда Венгрия элчихонаси очилди 

Тошкентда 27 июнь куни Венгрия элчихонасининг расмий очилиш маросими бўлди. Ўзбекистон ва Венгрия давлат мадҳиялари янгради. Элчихона биносида Венгрия ҳамда Европа Иттифоқининг байроқлари кўтарилди.

Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири А. Комилов бу йил Ўзбекистон билан Венгрия ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганига 25 йил тўлгани, ушбу элчихона мамлакатларимиз ҳамкорлиги тарихида янги саҳифа очиши ва уни янада ривожлантиришда муҳим бўғин бўлишини таъкидлади.

Венгрия ташқи иқтисодий алоқалар ва ташқи ишлар вазири Петер Сийарто элчихона очилишига кўрсатган кўмаги ва ўзаро ҳамкорлик ривожига эътибори учун Ўзбекистон раҳбариятига миннатдорлик билдирди. Ушбу муассаса икки мамлакат ўртасидаги алоқаларни янада кенгайтиришга хизмат қилиши, шу билан бирга, Марказий Европа ва Марказий Осиё давлатлари ҳамкорлиги ривожига ҳам муносиб ҳисса қўшишини қайд этди. 

Тадбирда мамлакатимиздаги дипломатик корпус вакиллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Венгрия ташқи иқтисодий алоқалар ва ташқи ишлар вазири Петер Сийарто раҳбарлигидаги делегация аъзолари қатор вазирлик ва идораларда учрашувлар ўтказди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Н. Йўлдошев билан мулоқот чоғида мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари, уларни ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаш масалалари ҳақида сўз юритилди.

Меҳмонларга 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида сўзлаб берилди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида давлат ҳокимияти тизимида Олий Мажлиснинг ролини ошириш, парламент назоратини кучайтириш, қонун ижодкорлиги сифатини ошириш, суд-ҳуқуқ тизимини такомиллаштириш бўйича изчил ислоҳотлар олиб борилаётгани қайд этилди. 

Давлатлараро муносабатларни ривожлантиришда парламентлараро алоқалар муҳим ўрин тутиши таъкидланди. Икки мамлакат қонун чиқарувчи органлари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга доир масалалар юзасидан фикр алмашилди. 

— Венгрия Ўзбекистон тараққиётига ҳурмат билан қарайди, — деди Венгрия ташқи иқтисодий алоқалар ва ташқи ишлар вазири Петер Сийарто. — Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси халқаро ҳамкорлик учун ажойиб имкониятлар очмоқда. Инвестиция, пул--валюта сиёсатида ижобий ўзгаришлар кутилмоқда. Венгрия Ўзбекистон билан савдо-иқтисодиёт, қишлоқ ва сув хўжалиги, фармацевтика ва бошқа соҳаларда ҳамкорликни кенгайтириш ниятида. 

Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири А. Комилов билан учрашувда Ўзбекистон ва Венгриянинг сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ҳамкорлигига доир долзарб масалалар муҳокама қилинди.

Давлатлараро ҳамкорликни янада кенгайтириш, ишбилармон ва илмий доиралар, маданият ва санъат фаоллари ўртасида алоқаларни мустаҳкамлашдан икки томон ҳам манфаатдор эканлиги таъкидланди.

Учрашувда молия, қишлоқ ва сув хўжалиги, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ва таълим соҳаларидаги истиқболли лойиҳалар муҳокама қилинди. 

Музокаралар якунида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан Венгрия Инсон ресурслари вазирлиги ўртасида соғлиқни сақлаш соҳасида 2017 — 2020 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик тўғрисидаги битим имзоланди.

Венгрия делегацияси Ташқи савдо вазирлиги, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Савдо-саноат палатаси раҳбарлари билан ҳам учрашувлар ўтказди.

А. САМАДОВ,

ЎзА мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn