Ҳаракатлар стратегияси: жамоатчилик ва оавнинг иштироки
  • 23 Июнь 2017

Ҳаракатлар стратегияси: жамоатчилик ва оавнинг иштироки

“Тараққиёт стратегияси” маркази ташаббуси билан Ўзбекистон Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси ҳамкорлигида ташкил этилган “Ҳаракатлар стратегияси: жамоатчилик ва ОАВнинг иштироки” мавзуидаги ҳисобот конференциясида депутатлар, нодавлат нотижорат ташкилотлари, сиёсий партиялар, давлат идоралари матбуот хизмати ходимлари, талаба-ёшлар, журналистлар қатнашди.

Жамоат ташкилотлари раҳбарлари 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида амалга оширишга оид Давлат дастури тадбирлари бажарилиши бўйича ахборот бердилар.

— Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган йўналишларни кенг оммага етказишда оммавий ахборот воситалари ходимларидан катта масъулият ҳамда маҳорат талаб этилади, — дейди Ўзбекистон Мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди директори Абдулазиз Абдуллаев. — Шу маънода, журналистларнинг малакасини юксалтириш бугунги давр талабидир. 2017 йилда журналистларнинг касбий малакаси ва амалий кўникмаларини ошириш дастури тасдиқланди. Эндиликда журналистларимизнинг Буюк Британия, Германия, Франция каби хорижий давлатларда малака оширишлари учун зарур барча имконият яратиб берилади.

Очиқ мулоқот тарзида ўтган тадбирда ОАВ ходимлари билан айрим давлат бошқаруви органлари матбуот хизматлари ходимлари ўртасидаги ҳамкорликнинг етарли даражада йўлга қўйилмаётгани, бунинг оқибатида ахборотни тезкор ҳамда сифатли етказишда юзага келаётган муаммолар, инфографика усули самарали татбиқ этилмаётгани каби масалалар ҳам ўртага ташланиб, уларнинг ечимини топиш бўйича зарур тавсиялар ишлаб чиқилди.

Тадбир давомида Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш жараёнларига бағишланган ягона тўплам — “Ҳаракатлар стратегияси” даврий бюллетенини тайёрлаш ва чоп этиш, шунингдек, “Ҳаракатлар стратегияси” миллий мукофотини таъсис этиш масалалари ҳам кўриб чиқилди. 

Ҳисобот конференцияси якунига кўра, жамоат ташкилотлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакилларининг Ҳаракатлар стратегиясида назарда тутилган тадбирларни самарали ёритишига оид қўшма чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқишга келишиб олинди.

Раҳим ШЕРҚУЛОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn