ЎзХДП қатъий позициясини белгилаб олди
  • 22 Июнь 2017

ЎзХДП қатъий позициясини белгилаб олди

21 июнь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. 

Даставвал фракция аъзолари Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси кун тартибига киритилаётган, жамият ҳаётининг турли соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотларни янада чуқурлаштиришга қаратилган бир қатор қонун лойиҳаларини кўриб чиқдилар. Хусусан, “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги,  “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги, “Ер ости бойликлари тўғрисида”ги қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги қонун лойиҳалари муҳокама қилинди. Депутатлар партия дастурий мақсадлари ҳамда электорат манфаатларидан келиб чиқиб, қонун лойиҳаларини концептуал жиҳатдан маъқулладилар.

Фракция йиғилишида, шунингдек, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларининг шу йил май-июнь ойларида жойлардаги ҳақиқий ҳолатни ўрганиш якунлари таҳлил этилди.

Таъкидландики, Ҳаракатлар стратегиясининг ҳаётга татбиқ қилиниши мамлакатимиздаги кенг қамровли ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқмоқда. Буни, айниқса, халқ вакиллари фаолиятида туб ўзгаришлар юз бераётгани мисолида яққол кўриш мумкин. Депутатлар томонидан жорий йилнинг май-июнь ойларида республикамизнинг 28 та туманида ижтимоий-иқтисодий ҳолат чуқур ўрганилди. Парламент аъзолари  17,5 мингдан ортиқ хонадонларга борди, 70 минг нафардан зиёд -фуқаролар, шу жумладан, 3558 та тадбиркорлик субъекти вакиллари билан мулоқот қилиниб, улар томонидан жами 9 700 та масала кўтарилди.

Ўрганишлар таҳлили шуни кўрсатдики, сўнгги ойларда Президентимиз томонидан қабул қилинган Фармон ва қарорлар, жойлардаги Халқ қабулхоналарининг бевосита аҳоли мурожаатлари билан тизимли равишда ишлар олиб бораётганлиги, маҳаллий -Кенгашлар депутатларининг фаоллиги ошаётганлиги, мутасадди раҳбарларнинг маҳаллий Кенгашлар ва халқ олдида ҳисобот бераётганлиги мавжуд муаммоларнинг камайишида муҳим омил бўлмоқда. Масалан, жорий йилнинг июнь ойида ўтказилган ўрганишлар аҳоли томонидан кўтарилган муаммолар сони февраль ойидагига нисбатан қарийб 1,7 баравар, хусусан, қонунийлик ва ҳуқуқ-тартиботни, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш соҳасидаги муаммолар 4,6 баравар, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш ҳолати, шу жумладан, пластик карталар орқали тўловлар бўйича 2,8 баравар камайган. 

Мажлисда қайд этилганидек, депутатлар муайян масалани жойида ҳал этишга алоҳида эътибор қаратмоқдалар. Бу борада амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида май-июнь ойларида жами 2 434 та (25,1 фоиз) масала ўша жойнинг ўзида ҳал этилди. Дастлабки икки ой давомида мазкур кўрсаткични 21 фоиздан 25 фоизга кўтаришга эришилгани диққатга сазовор. Ўз навбатида, жойида ечими топилмаган масалаларнинг -аксарият қисми, яъни 62,8 фоизини бартараф этиш бўйича тегишли маҳаллий ижроия ҳокимияти органлари билан биргаликда чоралар белгиланди.

Қолаверса, депутатлар ва сенаторлар томонидан жойлардаги тиббиёт муассасаларининг фаолиятини самарали ташкил этишда тўсиқ бўлаётган муаммолар, хусусан, шифокорлар етишмаслиги, моддий-техника базасининг талаб даражасида эмаслиги ҳамда тез тиббий ёрдам хизматидаги камчиликлар таҳлил қилиниб, уларни ички имкониятлардан келиб чиқиб ҳал этишда ҳамда тиббиёт муассасалари биноларини таъмирлаш ишларини ташкил қилишда амалий кўмак берилмоқда. Бу соҳада туманларда (шаҳарларда) олиб борилаётган ўрганишлар натижалари Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Комиссияда доимий равишда умумлаштирилиб, таҳлил қилиб борилмоқда ҳамда аниқланаётган муаммо ва камчиликларни бартараф этиш юзасидан зарур чоралар -белгиланаяпти.

Фракция йиғилишида тегишли қарор қабул қилинди.

Фарида МАҲКАМОВА.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn