Сиёсий мулоқотларнинг амалий натижалари
  • 21 Июнь 2017

Сиёсий мулоқотларнинг амалий натижалари

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 8-9 июнь кунлари Остона шаҳрида ўтказилган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг cаммити доирасида қатор давлатлар раҳбарлари билан музокаралар олиб борди. Бу учрашувлар Остона саммитини мазмунан янада бойитди, десак, муболаға бўлмайди.

Покистон, Афғонистон, Қирғизистон, Ҳиндистон раҳбарлари ва Испания қироли Ўзбекистон Президенти билан учрашиш ташаббуси билан чиққани ҳам мамлакатимизнинг минтақада муҳим роль эгаллашини ифодалайди. Бу Ўзбекистон олиб бораётган чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ҳамда амалий ташқи сиёсатнинг эъти-рофидир.

Покистон оммавий ахборот воситалари мамлакат Бош вазири Навоз Шарифнинг Шавкат Мирзиёев билан учрашувини икки томонлама муносабатларни ривожлантиришда муҳим қадам сифатида баҳолади. Покистон раҳбарияти Ўзбекистонни минтақадаги етакчи давлат сифатида кўради ва шу сабабли ҳам Исломобод мамлакатимиз билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтиришга алоҳида аҳамият қаратади.

Учрашувда асосий эътибор мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва уни янада ривожлантириш истиқболлари, минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлаш масалаларига қаратилди. Ўзаро савдода ижобий ўсиш суръатлари қайд этилмоқда. Хусусан, 2016 йил якунларига кўра, икки мамлакат ўртасида товар айирбошлаш ҳажми 38 фоиз кўпайди. Кузатувчилар фикрича, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар, жумладан, қишлоқ хўжалиги техникалари, кимёвий маҳсулотлар, минерал ўғитлар, электротехника воситалари, қурилиш материаллари ўз сифати ва мақбул нархи билан минтақа мамлакатлари бозорларида катта талабга эга бўлиб, покистонлик истеъмолчилар орасида ҳам тобора оммалашиб бормоқда.

Покистоннинг ШҲТга аъзо бўлиши Тошкент ҳамда Исломобод ўртасидаги икки томонлама ва кўп томонлама ҳамкорликни сезиларли даражада кенгайтиришга хизмат қилади. Бундан ташқари, Афғонистон муаммосини ҳал қилиш бўйича умумий саъй-ҳаракатлар икки давлат ўртасида стратегик муносабатларни шакллантиришга асос бўлади. Экспертлар фикрича, ушбу жараёнда Ўзбекистоннинг Покистон транспорт-коммуникация имкониятларидан фойдаланиши муҳим роль ўйнайди.

ШҲТ саммити доирасида Афғонистон Президенти Ашраф ўанининг Президентимиз билан учрашуви Кобулнинг Тошкент билан амалий ҳамда дўстона муносабатларни янада ривожлантириш борасида интилишлари жиддийлигини яна бир карра кўрсатди. Ўзбекистон Афғонистондаги вазиятни ҳал этиш борасида доимо холис, принципиал ва амалий позицияга эга бўлиб келган. Энг муҳими, бунда бирор-бир манфаатни кўзламайди. Шу маънода, Ўзбекистон раҳбарияти томонидан қабул қилинган Афғонистон Ислом Республикаси бўйича махсус вакили институтини таъсис этиш тўғрисидаги қарор ҳам нафақат афғон можаросини ҳал қилишга, балки ушбу мамлакат билан барча жабҳада муносабатларга алоҳида эътибор қаратилаётганини тасдиқлайди.

Ўзбекистон Республикаси ташқи савдо вазири Э. ўаниев икки мамлакат раҳбарлари учрашуви якунлари юзасидан фикр юритар экан, томонлар 2017 йилда ўзаро савдо ҳажмини 1 миллиард АҚШ долларига етказишни -режалаштираётганини маълум қилди. Хусусан, Ўзбекистондан қўшни мамлакатга 300 минг тонна минерал ўғит, 2 минг дона қишлоқ хўжалиги техникаси, 250 минг тоннагача буғдой ва бошқа маҳсулотларни етказиб бериш бўйича келишувларга эришилганини билдирди.

Ўзбекистон Афғонистонни минтақавий ҳамда халқаро хавфсизликка таҳдид сифатида эмас, балки ноёб стратегик имконият ўлароқ кўради. Бу позиция Марказий ва Жанубий Осиё минтақасида хавфсизлик соҳасида юзага келган вазиятни тубдан ўзгартиришга, шунингдек, тўпланиб қолган муаммо ҳамда можароларни иқтисодий ривожланиш орқали ҳал қилиш бўйича дунё амалиётига янги ёндашувларни жорий этишга хизмат қилади. Шу нуқтаи назардан, таҳлилчилар фикрича, Ўзбекистоннинг Мозори Шариф — Шибирғон — Маймана — Ҳирот йўналишида темир йўлни лойиҳалаш ва қуришда иштирок этиши Афғонистон иқтисодиётининг жадал тикланишига замин яратади.

Қирғизистон Президенти билан музокаралар мамлакатимизнинг миллий манфаатларини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга бўлган Марказий Осиё минтақаси Ўзбекистон ташқи сиёсий фаолиятининг асосий устувор йўналиши бўлиб қолишини яна бир карра тасдиқлади. Давлат раҳбарлари илгари эришилган келишувларни амалда рўёбга чиқаришга қатъий сиёсий хоҳиш билдиришди. Жумладан, Шавкат Мирзиёев Қирғизистон Президенти билан бу галги учрашуви икки давлат ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлаш, ҳамкорлик алоқаларини кенгайтиришда муҳим босқич бўлиши, Самарқанддаги учрашувда эришилган келишувларни мазмунан бойитишини таъкидлади.

Алмазбек Атамбоев, ўз навбатида, ўзбек ва қирғиз халқларининг азалий қардошлик муносабатлари, урф-одат ҳамда анъаналари ўхшашлиги ўзаро ҳамкорликни изчил ривож-лантиришда муҳим омил бўлаётганини қайд этди.

Экспертлар икки мамлакат раҳбарлари ўртасида ўзаро тушуниш, Ўзбекистон — Қирғизистон чегараларини демаркация ва делимитация қилиш тўғрисидаги шартномани имзолаш ва уни тезлаштириш юзасидан қатъий қарорда эканлигига алоҳида эътибор қаратишмоқда. Шу билан бирга, Шавкат Мирзиёев Хитой — Қирғизистон — Ўзбекистон темир йўлининг қурилиши давлатлараро муносабатлар кун тартибидаги барча масалага янгича суръат бағишлашда муҳимлигини ҳамда икки мамлакат миллий маҳсулотларининг янги бозорларга чиқиши учун имкониятлар яратишини билдирди.

Кузатувчилар Ўзбекистон Президенти ва Ҳиндистон раҳбари ўртасидаги ўзаро муносабатларнинг аҳамиятини ҳам алоҳида қайд этишмоқда. Ҳиндистон расмийлари бир неча марта урғу берганидек, Ўзбекистон Ҳиндистоннинг Марказий Осиёдаги энг ишончли ва муҳим шерикларидан бири саналади. Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди Ўзбекистон билан сиёсий мулоқотларни ҳам, икки томонлама савдо-иқтисодий ҳамкорликни ҳам янги босқичга олиб чиқишга тайёрлигини билдирди. Учрашувда томонлар Ўзбекистон ва Ҳиндистоннинг сиёсий, иқтисодий, инвестициявий ҳамда маданий-гуманитар соҳалардаги имкониятларидан самарали фойдаланиш масалалари бўйича ўзаро фикр алмашдилар. Тиббиёт ва фармацевтика соҳасида ҳамкорликни янада ривожлантириш борасида катта имкониятлар бор. Юқори самарали фармацевтика маҳсулотлари (юрак-қон томир, витамин, ампулали ҳамда инфузион дори воситалари, антибиотиклар субстанциялари) ишлаб чиқариш бўйича қўшма корхоналарни ташкил қилиш юзасидан келишувларга эришилди.

Ҳиндистон етакчи тиббиёт клиникалари мутахассислари Тошкент, Бухоро, -Самарқанд, Фарғона ва бошқа шаҳарларда мунтазам кардиожарроҳлик, нейрожарроҳлик, нефрология, онкология, гепатология, ортопедия ҳамда тиббиётнинг бошқа йўналишлари -бўйича кўриклар ўтказиб, беморларга маслаҳатлар бериб келмоқда. Шавкат Мирзиёев ва Нарендра Моди Ўзбекистонда диагностика марказини очиш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масаласини муҳокама қилгани ҳам диққатга сазовордир.

Ўзбекистон ташқи савдо вазири Э. ўаниевнинг айтишича, томонлар умумий қиймати 1 миллиард доллардан ортиқ бўлган минерал ўғитлар, табиий уран, дуккакли экинлар, сархил ва қайта ишланган озиқ-овқат маҳсулотлари, мис буюмлари ва рангли металлар, электротехника, кабель, ип-газлама маҳсулотларини етказиб бериш бўйича келишувларга эришди.

Ўзбекистон раҳбарининг Испания Қироли Филипп VI билан илк учрашуви, хорижлик таҳлилчилар фикрича, Мадрид Ўзбекистоннинг Европадаги ишончли шерикларидан бири эканлигини кўрсатди. Испания Тошкент билан кўп қиррали ҳамкорликни изчил ривожлантириш тарафдори бўлиб, Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги аҳамиятини, чуқур ўйланган ташқи сиёсатини ҳамда иқтисодиётининг жадал ривожланиб бораётганини юксак баҳолайди.

Шавкат Мирзиёев ва Филипп VI ўзаро муносабатларни ривожлантириш истиқболларини муҳокама этиб, халқаро аҳамиятга эга долзарб масалалар, икки томонлама иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш юзасидан фикр алмашдилар. Бугун Ўзбекистонда қатор испан компаниялари фаолият юритмоқда. Испанияда ишлаб чиқарилган “Тальго” русумидаги тезюрар тўртта поезд халқимиз ва мамлакатимиз меҳмонларининг узоғини яқин қилиб, қулайлик яратаётир. Яна иккита худди шундай поезд олиб келиниши кутилаяпти. “Максам” компанияси кимё саноатида истиқболли лойиҳаларни амалга оширмоқда.

Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон Испания бизнесининг, хусусан, нефть-газ, энергетика, кимё, фармацевтика, тўқимачилик, пардозлаш материаллари ҳамда сопол маҳсулотлар ишлаб чиқариш соҳасида юқори технологияли корхоналар ташкил этиш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга оширишдан манфаатдор эканлигини таъкидлади. Бундан ташқари, томонлар туризм соҳасида узоқ муддатли ҳамкорлик ўрнатиш бўйича келишувга эришди. Иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро қўшма комиссия ташкил этиш ва унинг дастлабки мажлисини шу йил Тошкентда ўтказиш тўғрисидаги масала ҳам кўриб чиқилди.

Чет эллик экспертнинг қайд этишича, бугун Ўзбекистон раҳбарияти минтақа, яқин ҳамда узоқ хориж мамлакатлари билан ўзаро манфаатли ҳамкорликка асосланган яхши қўшничилик ва дўстона муносабатларни мустаҳкамлаш бўйича амалий қадамлар таш-ламоқда. Хорижий мамлакатлар билан конструктив мулоқот ривожланаётгани, савдо-иқтисодий, инвестициявий ҳамда транспорт-коммуникация соҳаларида амалий ва истиқболли қўшма лойиҳалар ишлаб чиқилаётгани ҳамда ҳаётга татбиқ этилаётгани нафақат иқтисодий тараққиётга, айни пайтда минтақавий ва халқаро хавфсизликни мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилади.

Бахтиёр МУСТАФОЕВ,

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти бўлими раҳбари.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn