Суд тизими янгиланишлари соҳадаги хато ва камчиликларни бартараф этишга хизмат қилади
  • 21 Июнь 2017

Суд тизими янгиланишлари соҳадаги хато ва камчиликларни бартараф этишга хизмат қилади

Президентимизнинг суд органлари тизимида одил судловни таъминлаш борасидаги ишлар аҳволи, муаммолар ва истиқболдаги вазифаларга бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишидаги нутқида билдирилган фикр ҳамда таклифлардан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий суди раҳбарияти томонидан мамлакатимиз ҳудудлари бўйлаб судьялар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, кенг аҳоли вакиллари билан учрашувлар ва очиқ мулоқотлар ташкил этилмоқда.

Ана шундай тадбирлардан бири Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси К. Комилов иштирокида Наманган вилоятида ўтказилди. Унда алоҳида таъкидланганидек, соҳада йўл қўйилган хато ҳамда камчиликлар нутқда рўйирост кўрсатилиб, истиқболдаги қатор долзарб вазифалар белгилаб берилдики, бу суд ходимларига катта масъулият юклайди. Айни чоғда халқ орасига кириб бориш, одамлар дарди билан яшаш, керак бўлса, муаммоларини жойида ҳал этиш давлат хизматчиларидан, жумладан, судьялардан фидойилик талаб қилади.

— Бугунги мулоқот биз учун ҳар томонлама фойдали бўлди, — дейди фуқаролик ишлари бўйича Наманган туманлараро суди судьяси Б. Аброров. — Аввало, одил судловни амалга оширувчи ушбу тизим кечаги кун билан яшай олмаслигини, ишимизга теран назар солиб, фаолиятимизни қайта кўриб чиқишимиз зарурлигини ҳамда соҳада холислик ва шаффофликни тўла таъминлаш долзарб вазифаларимиздан эканлигини янада чуқур англадик.

— Нутқда кўплаб таклифлар илгари сурилдики, уларнинг барчаси соҳа ривожида муҳим ўрин тутади, — дейди Тўрақўрғон тумани Кенгаши депутати Э. Эргашев. — Хусусан, ҳар бир судья ўз фаолияти юзасидан маҳаллий Кенгашда ахборот бериш тизимини жорий этиш ҳақидаги таклиф қимматли бўлганини айтиш зарур. Зеро, бу судьяларда масъулият ҳиссини ошириш билан бирга, уларни халққа янада яқинлаштиради.

Андижон вилоятида бўлиб ўтган йиғилишда жамиятда адолат тарозиси бузилса, тизим ходимлари лоқайд ва бепарво бўлса, одамларда норозилик келтириб чиқариши, натижада демократик тамойилларга путур етиши ҳақида сўз юритилди. Қолаверса, соҳада йўл қўйилган камчиликлар, тартиб-интизомни кучайтириш ҳамда кадрлар масалаларига принципиал ёндашиш юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Қўрғонтепа тумани фаоллари билан кечган мулоқотда Олий суд раиси фуқароларнинг суд идораларида сарсон-саргардон бўлишининг олдини олиш, ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш орқали суд тизимига бўлган ишончини мустаҳкамлаш асосий мақсад эканлигини таъкидлади. Бундан буён судьялар ҳамиша халқ ичида бўлиб, уларнинг кайфияти ва руҳиятини теран ҳис этишини давр талаб қилаётир. Бинобарин, фаолиятга, энг аввало, халқ баҳо беради. Судлар халқимизнинг муносиб баҳосини олса, Президентимиз таъкидлаганидек, ҳақиқий “Адолат қўрғони”га айланади.

— Фарзандимнинг ишига оид суд жараёни кечиктирилаётгани хусусида мурожаат этдим, — дейди Қўрғонтепа шаҳрида яшовчи И. Халилов. — Масала шу ернинг ўзида синчковлик билан ўрганиб чиқилиб, ижобий ҳал қилинди.

Тошкент вилоятининг Оҳангарон туманида ўтган йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг ўринбосари Б. Деҳқонов қатнашди. Унда суд, ҳуқуқ-тартибот органлари ҳамда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари нутқдан келиб чиқадиган вазифалар ҳамда хато-камчиликларни бартараф этиш чора-тадбирлари хусусида фикрлашиб олдилар.

— Истиқлол йилларида суд-ҳуқуқ тизимида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди, — дейди жиноят ишлари бўйича Ангрен шаҳар суди раиси ў. Эргашев. — Бугунги тезкор замонда шуларнинг ўзи билан кифояланиб қолиш мумкин эмас. Президентимиз мазкур масалага жиддий эътибор қаратиб, мавжуд хато ва камчиликларни танқид қилди. Айни пайтда тизим ривожида муҳим ўрин тутадиган таклиф ҳамда тавсия-ларни ўртага ташлади. Биз бугун шу асосида бундан кейинги фаолият йўналишларимизни белгилаб олаяпмиз. Айниқса, ўтказилаётган учрашув, очиқ мулоқотлар тез орада ўз самарасини беради. Негаки, халқ билан очиқ мулоқот маҳкама ва одамларни бир-бирига яқинлаштиради ҳамда судлар шаффофлигини таъминлайди. Муҳими, мамлакатимизда эркин фуқаролик жамияти барпо этишдек улкан мақсадга етказади.

Учрашув ва мулоқотларда судьялар фаолиятида учраётган салбий ҳолатлар кенг муҳокама қилиниб, келгусида бу каби нуқсонларнинг олдини олиш юзасидан аниқ чора-тадбирлар белгиланди.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди раҳбарияти иштирокидаги бундай тадбирлар мамлакатимиз бўйлаб давом этаяпти.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ,

Саминжон ҲУСАНОВ,

Раҳматилла ШЕРАЛИЕВ,

«Халқ сўзи» мухбирлари.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn